Линклар

logo-print

Душанбедаги "Ҳожилар" ошхонасидан 5 минг дона “экстази” таблеткаси топилди


Тожикистон Республикаси Наркотиклар ноқонуний айланмасига қарши курашиш агентлиги тарқатган хабарга кўра, ушбу идора ходимлари ўтказган махсус амалиёт чоғида пойтахт Душанбенинг “Саховат” бозорида жойлашган “Ҳожиён” (“Ҳожилар”) ошохонаси ва бир контрабандачи уйидан 5415 дона синтетик наркотик модда - “экстази” мусодара этилган.

Агентлик матбуот вакили Хушнуд Раҳматуллоев 21 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда бу 2015 йилда Тожикистонда мусодара этилган наркотик моддаларнинг энг йирик партияси эканини маълум қилди.

Раҳматуллоев сўзларига кўра, агентлик ходимлари "экстази" таблеткаларини тарқтиш билан шуғулланган шахсни ўтган жума куни “Саховат” бозоридаги ошхонада экстази сотаётган пайтда ушлашган.

Агентлик тергов ишлари олиб борилаётгани туфайли қўлга олинган шахс исмини ошкор этмаётир.

Хушнуд Раҳматуллоевнинг айтишича, агентлик ходимлари 46 ёшли бангифурушга ўзларини "экстази" харидорлари сифатида тақдим этишган.

Кейинчалик наркотикфурушнинг уйи ва автомобилидан яна 2 минг дона экстази таблеткалари мусодара қилинган.

Душанбе шаҳри Рўдакий туманида истиқомат қилган мазкур шахс "экстази" таблекталарини шаҳарнинг дискотека ва кўнгилочар масканларида сотишни режалаштиргани айтилади.

Унга нисбатан наркотик моддаларни сақлаш, олиб юриш ва сотишга уриниш айблови билан жиноий иш қўзғатилган.

Агентлик ходимларига кўра, 5000 дона экстази таблеткаларининг маҳаллий бозордаги қиймати камида 80 минг АҚШ долларини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG