Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:44

Туркман президенти туркман оти отини ўзгартиришни ман этди


Туркманистон президенти ўз мамлакатида ҳамма нарсани қаттиқ назорат қилишни хуш кўради. Шу сабаб Қурбонқули Бердимуҳамедов мамлакатнинг миллий рамзи ҳисобланмиш Ахалтака от зоти ҳаётининг деярли барча аспекти бўйича фармон чиқарганидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Чарльз Рэкнейгл

Президентнинг янги фармони Ахалтака отига берилган номни ўзгартиришни ман қилади. Ҳар бир отнинг номи туғилганида шажара дафтарида қайд этилганидек қолиши шарт. Туркманистон ҳукумати эса отларнинг генеалогик қайдларини сақлаб боради.

Масалан, от эгаси ўз фикри ўзгаргани учун Карвон номи берилган отни Маллақуш деб атай олмайди.

21 ноябрь куни чиқарилган фармонга кўра, ҳар бир Ахалтака оти муносиб равишда кўмилиши керак. Ҳеч бўлмаса, от маҳаллий расмийлар томонидан белгиланган махсус жойда ва отнинг ўлимини рўйхатга олувчи расмий иштирокида кўмилиши зарур. Отларни кўмиш учун қаердан ер ажратилиши ҳозирча номаълум.

Ҳозирда отларни кўмиш учун махсус жойлар ажратилмаган ва от эгалари уларни аҳоли пунктларидан олис жойларда, расмийларга от ўлими ҳақида хабар бермасдан кўмишади. Кичик дафн маросими кенг тарқалган бўлиб, унда от эгаси дўстлари билан жониворнинг бошини оқ мато билан ўрайди ва чуқур гўрга туширади.

Янги қонуннинг мақсади отларнинг кўпайишини ҳамда уларни рўйхатга олишни назорат қилишни кучайтириш орқали зотли Ахалтака отларни ҳимоя қилиш эканлиги айтилмоқда. Бундан ташқари, янги фармон Ахалтакани миллий бойлик сифатида кўз-кўз қилиш мақсадида от ўйинларини, жумладан, халқаро мусобақаларни ривожлантиришни ва тарғиб қилишни кўзлайди.

Бердимуҳамедовнинг янги фармони фақатгина Ахалтака от зотини ҳимоя қилиш ва уни тарғиб қилишга қаратилган эмас. Бу қонун яна президент ўз шахсига сиғинишлари учун курашар экан, ўзини Туркманистон халқи севувчи Ахалтака билан боғлашларига қаратилган уринишларининг бир қисмидир.

Ўтган йили президент Ашхобод марказида ўзининг Ахалтака отини миниб олгани акс этган улкан олтин ҳайкални очди ва “Халқ йилқичиси” титулини олди. Бердимуҳамедов “Ахалтака: Бизнинг ғурур ва шарафимиз” деб номланувчи китоб ҳам ёзган. Ҳукумат ишчилари эса президентнинг севимли оти Оқхонни олқишлаб қирққа яқин шеър ёзган.

Қуйидаги шеърда Бердимуҳамедов “Орқатоғ”, яъни ҳимоячи деб аталади. Президент бу номни шахсан ўзи танлаган.

Бугун еру кўкда байрам, Орқатоғим оқ отида кетмоқда.
Аллоҳ тилакларини бажо келтирсин, Орқатоғим оқ отида кетмоқда.

Бундан ташқари, Бердимуҳамедов мунтазам равишда оммавий пойгаларда иштирок этади. Бундай мусобақаларда президент ҳар доим ғалаба қозонади, чунки ундан ўзишга ҳеч бир чавандоз журъат қила олмайди. Умуман олганда, Бердимуҳамедов яхши чавандоз ҳисобланади, аммо 2013 йил пойтахт ипподромида бўлиб ўтган пойгада президент миниб олган Барқарор деб номланувчи от финиш чизиғини кесиб ўтганидан кейин чалишди ва президент билан бирга қулаб тушди.

Президент отига Барқарор номи берилгани бежиз эмас: Бердимуҳамедов тинмай ўз ҳукмронлигини “барқарор мамлакатнинг бахтиёр даври” деб атайди. Туркманистонда “Орқадоғ”нинг ўз отидан қулагани акс этган видеони кўриш қонунга зиддир.

Бердимуҳамедов 2006 йил Сапармурод Ниёзов вафот этганидан бери Туркманистон президенти бўлиб келмоқда. Ниёзов ҳам ғалати автократ бўлган ва ўзи ҳукромлик қилган йилларни“Олтин давр” дея атаган.

Бердимуҳамедовнинг от ўйинларига қизиқиши Ниёзов даврида бошланган ва Туркманистоннинг ички муаммоларига бўлган эътиборни озайтириб, барча эътиборни турли хил спорт ўйинларига қаратишга ва халқаро миқёсда Ашхободнинг обрўсини кўтаришга қаратилган сиёсий стратегиянинг бир бўлагидир. Ҳукуматнинг бу уринишлари сабаб кўпинча оддий аҳоли азият чекади. Ҳукумат янги спорт комплексларини қуриш учун ёки йирик халқаро мусобақалар олдидан пойтахтни кўркамлаштириш учун маҳаллаларни бузиб ташлайди.

Туркманлар бир неча асрдан бери Ахалтака от зотини унинг гўзаллиги, тезлиги ҳамда ғайрати учун эъзозлаб келади. Қолаверса, улар Ахалтакани ўзларининг чавандоз ўтмишларининг уникал тимсоли деб биладилар. Ушбу от зоти бундан тахминан 12 000 йил аввал Ўрта Осиё иқлими қурғоқчил бўла бошлаганда юзага келган, деб ишонилади. Ўшанда ҳудуддаги паст, йўғон отлар янги шароитга мослашиш учун ориқлаган, қуруқ текисликлардан тез чопиб ўтиш учун оёқлари узунлашган, егулик ва сув тақчиллигига чидамлилиги ошган.

Хонакилаштирилганидан кейин Ахалтака от зоти баланд, чаққон отларни танлаган кўчманчилар томонидан янада мукаммаллашган. Ахалтака ўзига ўхшаш бошқа от зотлари билан биргаликда Ўрта Осиёнинг “жанговар отлари” деб ном таратган. Қўшни давлатлар, жумладан, Хитой империяси Ахалтака отларини қўлга киритиш учун курашган.

Туркманистонда Ахалтака оти миллий қўшиқларда жуда кўп тилга олингани ва мамлакат гербида унинг расми борлигидан бу от зотининг туркманлар томонидан қанчалик эъзозланишини билиб олиш мумкин. Туркманистонда узоқ ўтмишдан бери ҳеч қандай от гўшти истеъмол қилинмайди.

XS
SM
MD
LG