Линклар

Шу йилнинг 18 декабрь куни Сурхондарё вилоятидаги “Сурхонозиқовқатсаноати” акциядорлик жамияти (собиқ Денов ёғ-экстрация заводи) директори Комил Эргашев ҳамда жамиятнинг яна 10 нафар мулозими Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилоят бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

Ёғ заводи раҳбарлари катта миқдордаги талон-тарожлик ва коррупцияда айбланмоқда. Бу ҳақда Озодликка корхона ишчилари маълум қилдилар.

- Жума куни ниқобли СНБ ходимлари завод директори Комил Эргашев, унинг укалари Олим ва Шавкат, омбор мудирлари, ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи ва яна бир неча кишини хизмат хонасидан кишанлаб олиб кетишди. Завод омборлари муҳр билан ёпилди. Ҳозирда заводимиз раҳбарларини Термиздаги тергов изоляторида сўроқ қилишмоқда экан, - дейди Озодликнинг ёғ заводидаги манбаси.

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан Денов ёғ-экстрация заводининг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг талон-тарожлик, солиқлардан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ҳамда жиноий уюшма тузиш сингари талаблар асосида терговолди суриштирув жараёнлари бормоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, заводда 1000 тоннага яқин омухта ем, ёғ ва кир совун хомашёси камомади мавжуд. Тинтувлар чоғида Эргашевнинг хонадонидан йирик миқдорда хориж валютаси ва бошқа қимматли ашёлар топилган.

Завод ишчиларига кўра, сўнгги пайтларда муассаса раҳбари Комил Эргашев фаолияти устидан ўнлаб фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган, аммо бу мурожаатлар раҳбар мавқеига таъсир қилмаётган эди.

- Комиловлар нафақат Деновда, балки Сурхондарё воҳасида таниқли авторитет шахслар бўлиб, уларнинг катта акаси Фахриддин Денов тумани “Бободеҳқонбозори” акциядорлик жамияти раиси, қудаси Бахтиёр Янгибоев эса туман нефть базаси директоридир. Комил Эргашев эса бир неча йилдан бери заводни бошқариб келарди. Деновликлар СНБ уларни қўлга олганига ишонмайди, балки уларнинг пулини олиб қўйиб юборади, - дейди завод ишчиларидан бири.

Денов ёғ-экстракция заводи 1963 йилга қурилган қурилган бўлиб, турдош корхоналар орасида энг йирик муассасалардан бири ҳисобланади.

Завод 1995 йилнинг 4 сентябрида “Сурхонозиқовқатсаноати” очик акциядорлик жамиятига айлантирилган.

Заводда 585 нафар ишчи ходим бўлиб, у сутка давомида 800 тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Мазкур заводда ёғ, омухта ем ва кир совуни сингари хўжалик моллари ишлаб чиқарилади.

XS
SM
MD
LG