Линклар

logo-print

Ўзбекистон ҳукумати фермер хўжаликлари учун экин ерларининг оптимал ўлчамини белгилаб берди.

12news.uzва Review.uz нашрларининг 21 декабрь куни хабар беришича, бундан буён фермер хўжаликларига ажратиладиган ер майдонларининг ўртача ўлчами 36,1 гектарни ташкил қилади.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси бу борада жорий йилнинг 15 декабрида қарор қабул қилган. Қарорда 2015 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 83 минг 514 фермер хўжалиги мавжуд бўлгани ва уларнинг ҳар бирига берилган ерлар ўлчами ўртача 43,9 гектарни ташкил қилгани қайд этилган.

Қарорда, шунингдек, ҳукумат томонидан фермер хўжаликларини “муқобиллаштириш” жараёнида ўтказилган таҳлил мамлакатда 101 минг 70та фермер хўжалиги ташкил этиш ҳамда фермер хўжаликларига бериладиган ер майдонининг ўртача ўлчами 36,1 гектар бўлиши мақсадга мувофиқ келиши аниқлангани таъкидланган.

Қарорга биноан, фермер хўжаликларига 2016 йилнинг 1 январидан ер маайдонлари қайта тақсимланади ва бу иш туман кенгашлари қарори, фермерларнинг ҳудудий кенгашлари ҳамда ер участкалари ажратиш масаласи бўйича комиссияларнинг хулосаси билан амалга оширилади.

Озодлик радиоси декабрь ойининг бошларида Ўзбекистонда фермер хўжаликларини “мақбуллаштириш” жараёни бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг фермер хўжаликлари ер участкаларини мақбуллаштириш ҳақидаги қароридан сўнг, фермерлардан ëппасига ерларини давлат захирасига топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олинаётгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG