Линклар

Генерал Раҳимов Самарқанддан ҳам қувилдими?


Генерал Собир Раҳимов Польшадаги жанглардан бирида, 1944 йил 1 ноябри.

Генерал Собир Раҳимов Польшадаги жанглардан бирида, 1944 йил 1 ноябри.

Самарқандда генерал Собир Раҳимов кўчаси номи Умарқул Усмонов номига алмаштирилди. Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлмиш генерал Раҳимов ўрнига кўчага соҳибланган Усмоновнинг маҳаллий прокуратурада ишлагани айтилмоқда. Аввалроқ ўзбек расмийлари Тошкентдаги бир туман ва метростанциядан ҳам Собир Раҳимов номини олиб ташлаганди.

12news.uz нашрининг ёзишича, Собир Раҳимов кўчаси номини ўзгартириш ҳақидаги қарор Самарқанд шаҳар Халқ депутатлари кенгаши томонидан чиқарилган.

Ҳужжатда мазкур қарор “Девори кўндаланг” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда алоҳида фуқароларнинг мурожаати”ни, шунингдек, вилоят ҳокимияти қошидаги топонимик комиссия мажлисининг тегишли баённомасини эътиборга олган ҳолда қабул қилингани айтилади.

Самарқандлик таниқли журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаевга кўра, Самарқандда Умарқул Усмоновни прокуратуранинг собиқ ходими сифатида биладилар.

Қозоғистон нашрларининг ёзишича, Иккинчи жаҳон уруши фаол иштирокчиси, Совет Иттифоқи қаҳрамони генерал Собир Раҳимов қозоқ миллатига мансуб бўлиб, Совет Ўзбекистонида донг таратган қаҳрамонлардан бири эди.

Ленин, Суворов, Кутузов ва Қизил юлдуз орденлари ҳамда қатор медаллар билан мукофотланган Раҳимов, айрим маълумотларга кўра, Тошкентда, бошқа маълумотларга кўра эса Қозоғистон жанубида туғилган. Генерал Раҳимов ғалабага оз қолганда – 1945 мартида фронтда ҳалок бўлган ва Тошкентда дафн этилган.

2010 йил ноябрида Тошкентда Собир Раҳимов номли метро станцияси номи Олмазорга ўзгартирилган.

2011 йили эса Ўзбекистон пойтахтидаги туманлардан биридан ҳам генерал Раҳимов номи олиб ташланган. Ҳозир бу туман “Олмазор” деб аталади.

Ўша йилиёқ Тошкентда Собир Раҳимов ҳайкали Олмазор туманидан Чилозор туманидаги Ғофур Ғулом истироҳат боғига кўчирилган эди.

Кейинроқ Фарғона вилояти ва Урганч шаҳридаги Собир Раҳимов кўчаларининг ҳам номи алмаштирилди.

Бироқ расмийлар Ўзбекистонда Собир Раҳимов номи кўчалар, лицей ва мактаблардан нима сабабдан олиб ташланаётгани ҳақида бирор-бир изоҳ бермаяптилар.

Бугунги кунда Қозоғистоннинг кўпгина шаҳарларида Собир Раҳимов ҳайкаллари бор. Бундай ҳайкалларнинг сўнггиси шу йил майида Чимкент шаҳрида ўрнатилган.

Ўзбекистонда советча мафкура тимсоли бўлган номдаги туман ва шаҳарлар номини ўзгартириш амалиёти анчадан бери кузатилаётир.

Айрим кузатувчиларга кўра, совет давридаги ёдгорликлар, ўша давр қаҳрамонлари номлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган аксилсоветча сиёсат туфайли “мафкуравий қатағон”га учрамоқда.

XS
SM
MD
LG