Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:38

Чодирхаёл: Йил қаърида қолган қизиқчи Зарифбой Собиров


Хоразмлик қизиқчи Зарифбой Собиров
Хоразмлик қизиқчи Зарифбой Собиров

Кечаëтган 2015 йилда ўзбек театри ва киносининг “забардаст чинорлари” дея эътироф қилинган яна бир неча дарғаси бир-бир қулади. Ўзбек театри ва киносининг машҳур намояндалари¸ Ўзбекистон халқ артистлари Ўлмас Алихўжаев¸ Обид Юнусов ва Тўйчи Орипов каби халқ дардини саҳнадан айта олган арбоблар 2015 йилда оламдан ўтиб кетишди. Марҳум шоир Асқар Маҳкам бу арбобларни улкан чинорларга менгзаган эди. Бу ижодкорлар ўлимидан сўнг расмий матбуотда мақолаю таъзиялар эълон қилинди. Аммо, санъат боғи фақат чинорлардан иборат эмас. Ҳеч қанақа унвонга эга бўлмаган, бироқ халқ севган хоразмлик қизиқчи Зарифбой Собиров ҳам кечаëтган йил қаърига кўмилган марҳум қизиқчилардан бирига айланди.

Зарифбой Собировнинг 2015 йил бошидан оламдан ўтиб кетганини биров билди, биров эса билмади.

Марҳумнинг яқинларига кўра, қизиқчи Зарифбой Собиров 40 ëшида бевақт оламдан ўтган.

Хоразмлик врачлар Собиров нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ хасталик оқибатида оламдан ўтганини қайд қилишган.

Хоразмнинг Хазорасп туманида туғилиб, Тошкентдаги "Маннон Уйғур" номли театр институтини 1996 йили тугатган Зарифбой Собиров ўз ижодини театрда эмас, балки элнинг тўю томошасида тамсил қилди.

“Обморок и мама” этно-фолк мусиқий гуруҳи раҳбари Ихтиëр Қодиров Зарифбойнинг бир муддат Россиянинг Санкт-Петрбург, Москва ҳамда Волгоград шаҳарларидаги ўзбеклар орасида қизиқчилик қилиб, кун кўрганини айтади.

- Раҳматли талантли ва сўзи ўткир қизиқчи эди. Умрининг охирги йилларида Россияда гастролларда юрди. Шу йилнинг 12 январида Ҳазораспда оламдан ўтди, - дейди суҳбатдош.

Зарифни яқиндан билганларнинг айтишича, Хоразм, Қорақалпоғистон ва Бухорода танилган қизиқчи оламдан ўтганида унга туман газетасида ҳам таъзия билдиришга изн берилмаган, аммо сабаблари айтилмаган.

Зариф қизиқчи чиқишларидан бирида ўзининг эҳтимолий ўлимини ҳазил қилган эди:

- Ҳамма тўққиз ойда туғилса, мен 7 ойда туғилдим. Шу қадар кичкина бўлганимдан бешик тувагига тушиб ғарқ бўлиб ўлмасин, деб қалпоқни ичига солиб, шифтга осиб қўйишган эди. Кичкина бўлсам ҳам эсимни танирдим. Бир куни қўшнимиз Пошшо момо кириб: “Бу бола ë уч, ë тўрт кун яшайди. Бу туришида мушук еб кетса ҳам ажаб эмас”, деди. Мени жаҳлим чиқиб, Пошшо момога ўрта бармоғимни кўрсатдим. Ўлади¸ ўлади дейишганига қарамасдан мана ҳали ҳам тирикман. Ҳаммани кулдириб юрибман¸ - деган эдим марҳум қизиқчи Зариф Собиров ўлимидан атиги уч кун олдин қилган чиқишида.

Зариф Собировнинг бошқа ўзбек қизиқчилари каби “киндикдан паст” мавзуларда фаол ижод қилгани, базъан жиддий эътирозларга сабаб бўлган эди.

Шундай ҳазилларидан бирида Зариф Собиров “Ўткан кунлар” романидаги Кумушни орал секс билан шуғулланаëтган тарзда ҳажв қилади.

Зариф Собиров ижодини кузатиб келган хоразмлик бастакор Қувондиқ Машарипов Озодлик мухбири саволларига жавоб бериб марҳум қизиқчининг биз билмаган қирраларига тўхталди:

- Халққа яқин услубда элнинг тилидан, шу элнинг биридек ижод қилар эди. Милиция ходимларининг тергов пайтида маҳбусларни қийнашини Ўзбекистонда, менимча Зарифдан бошқаси ҳажв қилишга журъат топа олмаган. ГАИга пора билан ишга кириш ҳақида, Россиядаги мардикорлар ҳақидаги ҳазиллар тагида ижтимоий муаммоларнинг аччиқ тасвири бор эди, - дейди хоразмлик бастакор.

Қизиқчи Зариф Собировнинг икки қиз ва бир ўғили қолди. Қизиқчининг 13 яшар ўғли Санъатбек отаси каби артист бўлиш йўлида илк қадамларни ташламоқда. Қизлари Шайдо ва Аълони эса онаси Лайлохон отаси йўқлигини билдирмай катта қилмоқда.

XS
SM
MD
LG