Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:17

Москвада Ўзбекистон бош вазири собиқ муовини қисқа муддат ҳибс қилинди


Валерий Атаев
Валерий Атаев

Москвада Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари талаби билан Ўзбекистон бош вазири собиқ ўринбосари Валерий Атаев ҳибс этилди. Давлат маблағини катта миқдорда талон-тарож қилишда гумон қилиниб, Тошкент томонидан халқаро қидирувга берилган Валерий Атаев Россия фуқароси бўлгани сабабли бироздан кейин қўйиб юборилди.

Москва полицияси шаҳарнинг Жануби-ғарбий округида яшаб келаётган Ўзбекистон бош вазири собиқ муовини 67 ёшли Валерий Атаев халқаро қидирувда экани сабаби билан ҳибс этилди. Аммо, Гагаринский туман ички ишлар бўлинмасида шахси аниқланган ва Россия фуқароси экани маълум бўлган Валерий Атаев тилхат асосида озод этилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги собиқ юқори лавозимли ўзбек амалдорини “бюджет маблағларининг катта миқдорда растратаси” ва “амалидан ўз манфаати йўлида фойдаланганлик" учун халқаро қидирувга берган.

Нафақахўр Атаев анчадан буён Россия фуқароси бўлгани сабабли уни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширмаслик тўғрисида қарор қилинди.

LifeNews нашри билан суҳбатлашган Атаев 2002 йилда Ўзбекистон фуқаролигидан чиққани боис, унга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган, деб ҳисоблашини айтмоқда.

- Нимада иқрор бўлишим керак? Мен умримда бирор нарса ўғирламаганман. Айбимни исботлаб берсангиз, бошқа гап. Мен ўзбек фуқаролигидан воз кечганимдан кейин ва Россия фуқаролигини олганимдан кейин жиноий иш қўзғатишди. Мен буни қандай тушунтиришни ҳам билмайман, ваҳоланки 2002 йилдан буён ишламайман у ерда, - деб жавоб берди Валерий Атаев журналист саволларига.

Гагарин туман прокуратураси ва Ички ишлар бўлими Валерий Атаевнинг қўлга олиниши масаласида изоҳ берилмаслигини маълум қилди.

Валерий Йўлдошевич Атаев 1994-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика ва электрлаштириш (ҳозирги “Ўзбекэнерго” Давлат ҳиссадорлик жамияти) вазири бўлиб хизмат қилган. 2000 йилда у Ўзбекистон Бош вазирининг нефть ва газ соҳаси бўйича муовини этиб тайинланган ва икки йил давомида, лавозимидан бўшатилгунича “Ўзбекнефтгаз” ширкати кенгаши раиси бўлиб ишлаган.

Айрим манбаларга кўра, Атаев Россиянинг “Лукойл” компаниясининг Ўзбекистон нефть-газ бозорига кириб келишига катта ҳисса қўшган.

Ҳозирча Валерий Атаев Москва шаҳри Гагарин тумани прокуратурасига тушунтириш бериш шарти билан тилхат асосида қўйиб юборилгани маълум.

XS
SM
MD
LG