Линклар

Россия 2016 йилда муҳожирлар сонини 22 фоизга камайтиради


Иқтисодий инқироз ва миграция чекловлари Россияда муҳожирлар сонини камайтирмоқда

Иқтисодий инқироз ва миграция чекловлари Россияда муҳожирлар сонини камайтирмоқда

Келаси йилда Россияда виза талаб қилинадиган мамлакатлардан ишга жалб қилинадиган муҳожирлар сони 22 фоизга қисқартирилади. Айниқса, Россиянинг юк ва йўловчи ташиш транспорти соҳасида катта қисқартиришлар бўлиши маълум қилинди. Россия ҳукумати қарорига кўра, 2016 йилда ҳам мигрантларга чакана савдо, чодир, бозор ва дорихоналарда савдо қилиш тақиқланганича қолади. Хўжаликнинг қолган соҳаларида ҳам муҳожирлар фаолиятини қонун асосида қатъий чеклаш сиёсати давом этади.

2016 йилда виза талаб қилинадиган мамлакатлардан меҳнат қилгани келадиган муҳожирлар сони яна 22 фоизга - 276 мингдан 214 мингга қисқаради.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев имзолаган қарорга кўра, айниқса юк ва йўловчи ташиш транспорти соҳасидаги муҳожирлар сони кескин қисқартирилади.

Таъкидлаш жоизки, хориж фуқароларининг айрим хўжалик соҳаларига жалб қилиниши Россияда ҳар йили қонун томонидан белгилаб борилади.

Кириб келаётган йилда муҳожирларга чакана савдо, чодир, бозор ва аптекаларда савдо қилиш тақиқи сақланиб қолади. Пиво ва сигарет сотувига муайян корхона ишчилари умумий ҳисобидан 15 фоизи жалб қилиниши мумкин, спорт соҳасида бу кўрсаткич 25 фоиздан ошмаслиги белгиланди.

2016 йилда, айниқса автомобил билан юк ташишда мигрантлар сони 50дан 35 фоизга, йўловчи транспортидаги хорижлик ишчилар сони эса 50дан 40 фоизга камайтирилди.

Жорий йилнинг 16 декабрида ҳукумат расмий сайтида эълон қилинган қарордан фақатгина сабзавот-полиз эканларини етиштириш ва қишлоқ хўжалигига жалб қилинган меҳнат муҳожирлари сони ўзгармасдан 50 фоизлик кўрсаткичда қолганини кўриш мумкин.

Бироқ, бу чекловлар Россиянинг қишлоқ хўжалигига асосланган Қрим, Краснодар ва Ставрополь ўлкалари, Ростов, Волгоград, Воронеж, Астрахань, Липецк, Саратов вилоятлари, Подмосковье ҳамда Қабардин-Болқор республикаларига таъсир этмаслиги ҳам маълум қилинди. Бу минтақаларда хорижлик ишчилар ҳеч қандай чекловларсиз экин-тикин ишларига жалб қилиниши мумкин.

Айни пайтда, 2016 йилдан бошлаб ҳар бир ўлка ўз хўжалигида хориж фуқаролари сонини янада қисқартириш ҳуқуқига эга бўлади.

Кузатувчилар келгуси йилга Россия ҳукумати белгилаб бераётган бу лимитлар амалга ошмасдан қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Рублнинг қадрсизланиши ҳануз давом этаётган бир паллада, Россия Федерациясига келаётган меҳнат муҳожирлари сони кескин камайгани, уларнинг юртига пул жўнатмалари эса бир неча баробарга қисқаргани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG