Линклар

Туркманистон пойтахтида аҳоли томонидан хориж валютаси сотиб олиниши бўйича янги тартиб-қоида жорий этилди. Эндиликда ашхободликлар хориж валютасини сотиб олиш ҳуқуқини берувчи махсус талон олиш учун банк олдида 21-22 соатлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқдалар.

Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар қилишича, ашхободликларга берилаётган талонларда доллар сотиб олиш учун қачон ва қаерга келиш лозимлиги кўрсатиб қўйилган. Бундай талонни қўлга киритган кишилар белгиланган соатда белгиланган банк филиали олдида ҳозир бўлиши лозим. Акс ҳолда, улар валюта сотиб ололмайди.

Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, талон учун навбатда турган одамлар сони кечалари 200 кишигача чиқиб кетаяпти. Бироқ тунни банк олдида ўтказган одамларнинг ҳаммаси ҳам орзуланган қоғоз парчасини қўлга киритолмаяпти, талонлар навбатда турганларнинг ярмисигагина берилаяпти.

Ҳозир АҚШ доллари ва евро банкларнинг бош идораларида жойлашган валюта айирбошлаш шахобчаларида ҳам сотилмаяпти.

Валюта сотиб олиш билан муаммолар Туркманистонда бутун йил давомида кузатилди. 2015 йил бошидаёқ миллий валюта бўлмиш манатнинг сезиларли даража қурбсизлашиши ҳамда минтақа ва дунёдаги нобарқарор иқтисодий вазият долларга бўлган талабни кескин ошириб юборди. Пировардида туркман расмийлари валюта сотиб олиш операциялари бўйича турли чекловлар жорий қилдилар.

Бу каби талотум ноябрь ойи бошларида ҳам кузатилди. Ўтган ой бошида Туркманистонда ҳуқуқ-тартибот ходимлари валюта айирбошлаш билан шуғулланган шахсларни тута бошлади. Бунинг ортидан қора бозорда доллар курси кескин кўтарилиб кетди. Натижада 3,6 манатдан сотилган АҚШ доллари курси 4,5 манатга чиқиб кетди.

Миллий валюта янада қадрсизланиши мумкинлигини тахмин қилган туркманистонликлар шу кунда банкларда 3,5 манатдан сотилаётган АҚШ долларини имкон қадар кўпроқ сотиб олишга уринмоқдалар.

Туркман банкларида валюта операциялари бўйича чеклов мавжуд бўлиб, у ерда бир киши бир харидда фақат минг долларгина сотиб олиши мумкин. Шунингдек, Туркманистонда бир киши йилига 8 минг доллардан кўп валюта сотиб ололмайди. Кўпроқ долларга эҳтиёжи бўлган туркманистонликлар қора бозорга мурожаат қилишга мажбур бўладилар.

XS
SM
MD
LG