Линклар

Меҳнат вазирлиги ишсизлар онлайн рўйхатга олинишини эълон қилди


Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги иш қидираётган жисмоний шахсларга уларни ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлаш бўйича Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларида рўйхатга олиш учун онлайн ариза тақдим этиш имконини берадиган янги хизмат ташкил қилганини эълон қилди.

Вазирликнинг расмий сайтидаги бу ҳақдаги эълонда айтилишича, хизмат бепул кўрсатилади.

Ўзбекистон Статистика қўмитаси ўтган йилнинг сентябрида тарқатган маълумотда айтилишича,2014 йилнинг январь-июнь ойларида меҳнатга яроқли аҳолининг бандлик даражаси 94,8 фоизни ташкил этган.

Статистика қўмитаси бу билан Ўзбекистонда ишсизлар даражаси 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 минг кишига камайганини ва мамлакатдаги ишсизлик даражаси 5,2 фоиз эканини иддао қилган эди.

Статистика маълумотларига ишонилса, Ўзбекистонда ишга яроқли аҳоли сони умумий аҳоли сонининг 43,8 фоизини ташкил қилади. Ишга яроқли аҳолининг 81,2 фоизи нодавлат секторида иш билан таминланган.

Айни пайтда мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон аҳолисининг бир неча миллиони ишсизлик ва ойликнинг озлиги боис ватанларини тарк этиб, Россия ҳамда бошқа хориж давлатларида мардикорлик қилаётганини айтиб келадилар.

XS
SM
MD
LG