Линклар

logo-print

АҚШ Россияга нисбатан янги жазо чораларини эълон қилди


Янги жазо чоралари АҚШ давлат котиби Жон Керрининг Москвага ташрифидан бир ҳафта ўтмасдан киритилди.

Янги жазо чоралари АҚШ давлат котиби Жон Керрининг Москвага ташрифидан бир ҳафта ўтмасдан киритилди.

АҚШ Россиядаги йирик компаниялар ва қатор жисмоний шахсларга нисбатан янги санкцияларни жорий этди. Москва ҳам жавоб чоралари қўллашини билдирмоқда. Америкалик мутахассислар Вашингтоннинг бундай хатти-ҳаракатлари кутилгани, вазият ўзгармаса иқтисодий босим давом эттирилиши мумкинлигини инкор этмади.

Америка Қўшма Штатлари Молия вазирлиги Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги можарога аралашган Россиядаги қатор корхона, муассасаларга нисбатан янги санкцияларни жорий қилганини эълон қилди.

Вазирлик расмий сайтида эълон қилинган рўйхатдан жазо чоралари ва чекловлар нафақат ташкилотлар, балки жисмоний шахсларга нисбатан ҳам киритилгани маълум бўлди.

Рўйхатда келтирилган 34 ширкат орасида ВТБ-24 ва ВТБ, Сбербанк ва унинг минтақавий бўлинмалари, Сбербанк Нафақа жамғармаси, "Яндекс.Деньги" тизими, "Луч", Станкоимпорт, Рособоронэкспорт, "Вертолеты России" ширкати, Қримдаги Ликёр-ароқ заводи, “Массандра” корхонаси, “Магарач” Давлат вино институти, Севастополь денгиз банки, Қуйи Ореанда курорти, Ялта киностудияси ва бошқалар бор.

Шунингдек, америкаликлар чекловларига тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари вакиллари, Ижевск механика заводи ташқи ишлар бошқарувчиси Татьяна Черних, “Калашников” концерни директори муовини Эдуард Иоффе, швециялик Свен Андерс Олссон ва бошқалар киритилди.

АҚШ Молия вазирлиги хабарида бу одамлар олдинги санкциялар рўйхатига киритилган Владимир Путиннинг дўсти Геннадий Тимченко ва унга қарашли ширкатлар номидан иш юритгани айтилади.

Авиа Групп Терминал, Транссервис, Лерма Трейд, LTS Холдинг Лтд, Маплс С.А., Fentex Properties Ltd. каби корхоналар санкциялар остида қолаётган ака ука Аркадий ва Борис Ротенберглар, Волгоград Нефтемаш, Москва вилоят банки, Республика банки ва бошқалар номидан ёки назорати остида иш юритгани учун рўйхатга туширилган.

Молия вазирлиги расмий хабарномасида АҚШ бу санкциялар натижасида Украинадаги можарони дипломатик йўллар билан ҳал этилишига эришмоқчи экани билдирилган.

АҚШ санкцияларидан кўзланган асосий мақсад нимада? Бу саволга HWA молия ширкати раҳбари Грегори Грушко жавоб беради:

- Жорий қилинган санкциялар ёрдамида АҚШ олдинроқ “қора рўйхат”га киритилган шахслар ва компанияларнинг жавобгарликдан қочишига қарши курашмоқчи. Аслида бу “санкциялар сиёсатини кучайтириш” дегани эмас. Рус ширкатлари эшикни ёпсанг тешикдан кириб келишга кўникиб қолган: уларга молиявий-иқтисодий чекловлар киритилса, янги тузилма тузиб олишмоқда. Молия вазирлиги шу туйнукларни ёпиш билан овора. Санкциялар натижасида Америка компаниялари ва шахсларига рўйхатдагилар билан алоқа қилишга тақиқ қўйилди, уларнинг АҚШдаги активлари эса музлатилди, деди молиявий эксперт.

Грушко АҚШ Молия вазирлиги чекловларни бузган янги шахслар ва корхоналар рўйхати тузилса, янги санкциялар киритилишини ҳам айтди.

Барак Обама ҳукумати Россияга нисбатан санкциялар сиёсатини давом эттирмаса Украина Шарқида бироз пасайган улкан жанговар ҳаракатлар янгиттан авж олиб кетиши мумкинлигидан гапирди Озодликка АҚШнинг собиқ давлат котиби муовини Дэвид Кремер:

- Дарҳақиқат, санкцияларга Россиянинг юқори лавозимли шахслар киритилмаган, аммо бу асосийси эмас. Санкциялар режими Минск шартномалари бажарилмагунича ва Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги Кремль томонидан тан олинмагунича давом этади, деди Дэвид Кремер.

АҚШ ҳукумати собиқ мулозими фикрича, давлат котиби Керрининг Москвага ташрифи Кремлда АҚШнинг иқтисодий-молиявий босимини сусайтириши сифатида хато баҳоланган.

Дэвид Кремер яна кимлар санкциялар рўйхатига киритилиши мумкинлиги тўғрисида буларни гапирди:

- Мен шахсан бу рўйхатда жаноб Путиннинг исми бўлишини истардим. Аммо бундай бўлиши даргумон. “Қора рўйхат”дан россиялик яна қатор амалдорлар жой олиши шарт, деб ўйлайман. Хусусан, Қримнинг аннексия қилиниши учун овоз берган парламент аъзолари. Бугун Дума навбатдаги йиғилишида ФСБ томонидан намойишчиларга, айрим ҳолларда, аёллар ва болаларга ўт очиши мумкинлиги тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қиляпти. Қаерда, қайси мамлакатда ўз халқи ҳуқуқларининг бундай топталишига йўл қўйиляпти?! Ўз халқини ҳурмат қилмаган парламентдан қўшни давлатларни ҳурмат қилишни талаб қилишга на ҳожат? деди АҚШнинг собиқ давлат котиби муовини Дэвид Кремер.

Кремлда эса АҚШнинг янги санкцияларини “бузувчи” деб аташди.

- Соғлом ақл қоидаларига зид равишда ҳамда ҳамкорликни кучайтириш ўрнига Вашингтон замон талабларига жавоб бермайдиган йўлни танлаганидан биз фақат афсус билдирамиз. Бу икки томонлама муносабатларнинг бузилишига олиб келувчи йўлдир. Ўз-ўзидан, жавоб тарзида қабул қилинган қарорлар ўрганиб чиқилади ва эҳтимолий контрчоралар қабул қилинади, дея жавоб қайтарди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG