Линклар

АҚШ ИШИДга қарши коалицияга қўшилиш борасида Ўзбекистон билан музокара олиб бормоқда


АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дэниэл Розенблюм.

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дэниэл Розенблюм.

Қўшма Штатлар Тошкентнинг ИШИДга қарши коалицияга қўшилиши борасида ўзбек расмийлари билан музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дэниэл Розенблюм 23 декабрь куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон журналистлари билан телефон орқали уюштирилган матбуот анжуманида билдирди.

Америкалик дипломатга кўра, ИШИДга қарши коалицияга қўшилиш таклифи барча мамлакатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам берилган.

“Биз бу ҳақда Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан сўзлашишда давом этамиз”, деди Дэниэл Розенблюм.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисига кўра, коалицияда ҳар бир мамлакатнинг роли ҳарбий дастак ёки Сурия ва Ироққа йўл олаётган жангарилар оқимини ҳамда ИШИДни дастаклаш учун юборилаётган молиявий кўмакни тўхтатиб қолишда акс этиши мумкин.

“Бу ишда ҳар бир давлат учун роль бор ва биз Ўзбекистон билан у қайси ролни бажариши мумкинлигини муҳокама қиламиз”, деди Розенблюм.

АҚШнинг минтақа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш нияти ҳақида

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг билдиришича, Қўшма Штатлар 2016 йилда ҳам Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон каби мамлакатлар билан 5+1 шаклидаги ҳамкорликни давом эттиришни режаламоқда.

Америкалик дипломатга кўра, минтақа расмийлари билан бўлажак учрашувларда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Розенблюм кейинги йилда АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан террорчилик ва экстремизмга қарши кураш бўйича мулоқотни давом эттириш ниятида эканини айтди.

Унга кўра, АҚШ учун минтақа давлатларидан одамлар қай тариқа жиҳодга ёлланаётгани ва жангарилар оқимига қарши қандай курашилаётгани ҳақида тушунчага эга бўлиш муҳим.

“Мен бу иш 2016 йилда давом эттирилади, деб ўйлайман”, деди Дэниэл Розенблюм.

Марказий Осиё мамлакатлари суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳақида

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Марказий Осиё республикаларига август ва сентябрь ойларида қилган сафари чоғида расмийлар ва фуқаролик жамияти фаолларидан минтақадаги давлатларнинг ҳудудий яхлитлигига оид хавотирларни эшитганини маълум қилди.

Розенблюм бу хавотирларга жавобан АҚШ барча воситалар билан Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллиги ва уларнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашиши билдирганини таъкидлади.

“Биз бу ишни ўзаро манфаатли шартлар асосида амалга оширамиз. Бу эксклюзив муносабатлар бўлмайди. Сўнгги фикримни яна бир бор таъкидламоқчиман – биз эксклюзивлик талаб қилаётганимиз йўқ, биз Марказий Осиё мамлакатлари фақат АҚШ билан муносабатда бўлиши ва бошқа ҳеч ким билан муносабатда бўлмаслигини талаб қилаётганимиз йўқ”, деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Дэниэл Розенблюм.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG