Линклар

Даниэль Кёлер Суриядан қайтган исломий жангариларни нормал ҳаётга қайтариш учун улар устидан иш олиб борадиган ғарблик саноқли кишининг биридир.

Германия фуқароси бўлмиш Кёлер Европа ва Шимолий Америкада собиқ жангарилар ва уларнинг оилалари билан иш олиб боради ва жангари ёллашда жиҳодчи мафкуралар ўйнайдиган ролни яхши билади.

“Исломий давлат” радикал гуруҳи дунёдаги энг ёмон отлиқ исломий жангари гуруҳга айланган. Кёлер ва у билан бирга иш олиб борувчилар “Исломий давлат” дунёнинг турли бурчагидан одам ёллаш бўйича бошқа жангари гуруҳларга, жумладан, “Ал-Қоида”га солиштирганда анча илдамлаб кетганини кузатиб келадилар.

Кёлер барча бу каби жиҳодчи гуруҳлар Ислом золим кучлар ҳужумига учраганини, динига содиқлар бунга қарши курашиши кераклигини, гуруҳга қўшилганлар ҳақиқий мусулмонлар учун янги уй қуришга ўз ҳиссасини қўшишини таъкидлаб, одам ёллашини айтади.

“Аммо Исломий давлат бундай гапларнинг аксарини амалда бажармоқда. Улар катта географик ҳудудни бошқарадилар, ўзларини тўлиқ ишлайдиган, тўлақонли давлат қилиб кўрсатишга уринадилар. Ушбу ҳол, гуруҳнинг асосий мафкураси билан биргаликда, Исломий давлатга қизиқувчи кўпчилик одамга “Исломий давлат” “Ал-Қоида” ва бошқа исломий жиҳодчи ташкилотлар уддалай олмаган ишларни бажарётганини кўрсатади”, дейди Кёлер.

Бу каби талқин ҳар қандай шахсни – унинг ижтимоий ёки иқтисодий статусидан қатъи назар – ўзига жалб қилиши мумкин, сабаби бундай жангари гуруҳ уларни ишониш мумкин мақсад билан ҳам, бориш мумкин ер билан ҳам таъминлай олади. Ёки ўз мамлакатида ҳужум уюштиришга қарор қиладиган радикаллашган шахслар учун “Исломий давлат” байъат бериш мумкин давлат ролини ўйнайди.

Радикализация ва дерадикализация олмон институга етакчиси сифатида Кёлер Сурия ва Ироқдан қайтган ўнлаб жангари билан суҳбатлашган. Унга кўра, бундай шахслар бир неча унсур таъсирида радикаллашади. Улар ўз мамлакатларидаги оғир аҳволдан чарчаган ёки ғазабланган бўлиши, ёки жамиятларида ўзларини миллатчилик ва ажратиш қурбонидек ҳис қилиб, кўнгиллари совуган бўлиши мумкин. Ёки улар ўз назарларида хавф остида бўлган одамларга ёрдам беришни истаб ва саргузашт излаб шу йўлни танлашлари мумкин.

“Исломий давлат” бу каби одамлар эътиборини катта муваффақият билан қозониб келмоқда, чунки жангари гуруҳ ўз мафкурасини илгари суришда Голливуд кўпчилик эътиборини қозонадиган эпик фильмларни яратишда фойдаланадиган методлардан қўлланиб келади.

“Исломий давлат” ўз ҳикоясини “Ғарбдаги поп маданият, Голливуд фильмлари ва видеоўйинларга тақлид қилиб сўзлайди, ўсмирлар кўникиб қолган нарсаларни аудио ва видео орқали тақдим этади”, дейди Кёлер.

Жангари гуруҳ шу кунгача ижтимоий тармоқларда видеоўйинларнинг ўзига хос версиясини, тўла метражли ҳужжатли фильмни, Twitter учун мўлжалланган қисқа видеоларни ҳамда Сурия ва Ироқдаги жанглар акс этган видеоларни эълон қилди.

Айрим мутахассислар “Исломий давлат” ўзининг ёллаш кампанияси келтириб чиқарадиган юксак умидларни оқламаса, ўз обрў-эьтиборини тўкиши мумкинлигини айтиб келадилар.

2013 йил “Исломий давлат” матбуот котиби Абу Муҳаммад ал-Аднаний гуруҳнинг мақсади илк мусулмон истилочилар каби ҳеч бир чегараси йўқ исломий давлат қуришдан иборат эканлигини айтган эди.

Аммо йил бошида журналист Грэм Вуд The Atlantic журналида чоп этилган мақоласида жангари гуруҳ “ойлар ўтса-да ўз ҳудудини кенгайтира олмас экан, Муҳаммад пайғамбарнинг қўли баланд мамлакатидан кўра кўпроқ ўз халқи гуллаб-яшнашига эриша олмаётган Яқин Шарқ мамлакатларига ўхшаб бормоқда”, деб ёзган эди.

Шундай бўлса-да, “Исломий давлат” ҳикоялари жангдаги мағлубиятлар сабаб ўз кучини йўқотмаслиги мумкин, сабаби жангари гуруҳ якуний ғалабага эришиш йўлида кўп марта ортга чекинишга тўғри келиши мумкинлигини таъкидлаб келади.

Гуруҳ ҳикоясига кўра, “Исломий давлат” Сурия шимолида кимлиги аниқ маълум бўлмаган кучлар устидан бутунлай ғалаба қозонади. Жангариларга кўра, якуний жанг Дабиқ қишлоғида бўлиб ўтади. Гуруҳ бу қишлоқни забт этиш учун курашиб келади ва ҳатто ўзининг расмий журналини бўлажак жанг майдони шарафи билан “Дабиқ” деб атайди.

Аммо ҳикояда кейинроқ “Исломий давлат”ни хуросонлик кучлар мағлуб қилиши айтилади. Хуросон ҳозирги Эрон, Афғонистон ҳамда Марказий Осиё ҳудудидага айрим ерларни ўз ичига олган тарихий ҳудуддир. Бундан кейин тирик қолган бир неча юз жангчи Қуддусда сўнгги жангда иштирок этади. Бунинг ортидан Исломда Муҳаммаддан кейинги энг муҳим пайғамбар сифатида кўриладиган Исо пайғамбар охирги жангчиларни Исломнинг ер юзидаги якуний ғалабаси томон етаклаш учун келади.

“Исломий давлат” ўз тарафдорларини ҳам ғалаба, ҳам ортга чекинишларга тайёрлагани учун гуруҳ башоратларини жанг майдонидаги йирик мағлубиятлар ҳам осонликча барбод қилмайди. Аммо айрим кузатувчилар ғарбий ҳамда бошқа жамиятлар “Исломий давлат” ҳақидаги бор ҳақиқатни гуруҳ ёллаши мумкин бўлган шахсларга фош қилишга қаттиқроқ ҳаракат қилса, гуруҳ мафкурасини енгиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Кёлер бундай ҳаракатлар Ироқ ва Суриядан ўз мамлактларига қайтган жангарилар учун айниқса муҳим эканлигини айтади. Унга кўра, ҳозирги кунда қайтиб келаётган жангариларнинг аксари бошидан кечирганлари сабаб руҳий шикаст еганлар ва “Исломий давлат”дан кўнгли қолганлардир. Гуруҳнинг учига чиққан зўравонлиги унинг тарафдорлари кўнглини совутишда муҳим рол ўйнамоқда.

“Қайтиб келган хорижий жангчиларнинг кўпи тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтади,- дейди Кёлер. - Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар сиз [“Исломий давлат”га] қўшилиб Сурия ва Ироққа борганингизда ва сизга гуруҳ ёқиб, излаган нарсангизни топганингизда, уларнинг қистовисиз мустақил равишда қайтиб келмаган бўлар эдингиз. Ҳозир [“Исломий давлат”] режалаштирилган миссиялар учун жангариларни юбора олмайди, чунки уларга жанг майдонида курашадиган жангчилар керак”.

Кёлер қайтиб келган жангарилар ўз жамиятларида бошқаларни улар қилган хатони қайтармасликка чорлашда муҳим рола ўйнай олади, деб ҳисоблайди. Хусусан, Кёлернинг айтишича, агар қайтиб келганларнинг давлатлари уларни жангари гуруҳга қўшилганлари учун қамаш ўрнига яна бир имкон бериб, уларни жамиятга қайта интеграция қилишга уринса, бошқаларни огоҳлантиришда бундай жангарилар катта ёрдам кўрсатиши мумкин.

Айрим шимолий Европа мамлакатларида айнан шу йўл синаб кўрилмоқда. Даниянинг Орхус шаҳри расмийлари 2013 йилда бошланган қайта интеграция дастури сабаб глобал эътибор қозонди. Расмийларга кўра, мазкур дастур “Исломий давлат”га қўшилиш ниятидаги орхусликлар сони кескин озайишига сабаб бўлди..

2014 йилнинг ноябрь ойида Британиянинг Guardian газетаси 2012 йил охири-2013 йилда 31 Орхус турғуни Сурияга кетгани ҳақида хабар берган эди. Аммо 2014 йил бир нафар одам жангари гуруҳга қўшилган.

Айрим консерватив сиёсий партиялар, жумладан, иммиграцияга қарши “Дания халқ партияси” Орхусдаги дастурни “гўл” дея танқид қилиб келади, чунки улар шаҳар расмийлари радикал қарашларидан воз кечмаган шахсларни аниқлай олмаслиги мумкин, деб ҳисоблашади. Аммо дастур тарафдорлари, жумладан, полиция қайтиб келганларни мунтазам равишда назорат қилиш бу хавфни озайтиришини айтиб келади.

Озод Европа – Озодлик радиоси таҳличиси Чарльз Рекнагель мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG