Линклар

logo-print

Суриядаги ИШИДдан қочиб келган муҳожир ҳақиқат изламоқда


Сурияда 13 кун бўлган Абдусами халқаро қидирувга берилган

Сурияда 13 кун бўлган Абдусами халқаро қидирувга берилган

Москвадан алдов йўли билан “Туркияга ишга” деб Сурияга олиб кетилган тожикистонлик 24 ёшли Абдусами ҳозирда Россияда ҳибсга олиниб, Тожикистонга депортация қилиниши хавфи остида яшамоқда. Озодлик билан суҳбатда у ИШИДга ёлловчилар ҳам унга таҳдид қилаётгани боис яшириниб юришга мажбурлигини билдирди. Ҳуқуқ фаоллари ортга қайтиш истагида бўлганларга ҳукуматлар умумий авф эълон қилишлари керак, демоқда.

Яқинда Озодликнинг Москвадаги таҳририятига келган аёл эрининг жиддий хавф остида экани ва унга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилаётганини билдирди.

Бир гуруҳ журналистлар билан Москвадаги ўзбек ошхоналаридан бирида уюштирилган махфий учрашувга ҳижобдаги аёл ўзининг эри билан бирга келди...

Ёллаш

Абдусами (исми ўзгартирилган.-таҳр.) – Россия пойтахтида ишлаб юрган минглаб меҳнат муҳожирларидан биридир.

Россияда иш топа олмаган бу йигит ҳамюртлари таклифи билан Туркияга ишга таклиф қилингани, аммо бунинг ўрнига чегарани кесиб ўтиб Сурияда жангарилар орасига тушиб қолганини гапириб берди Озодлик билан суҳбатда.

- Мен ўртоқларим билан қурилишда 2008 йилдан бери ишлаб келаман. 2014 йил бошларида биз Одинцовода ишлаган эдик, болалар билан ишни тугатиб тарқаб кетдик. Аммо бироз вақтдан кейин бирга ишлаган йигитлардан бири Туркияда яхши иш борлигини айтиб қолди. Улардан бири менга ҳамқишлоқ, қолганлари душанбелик. Улар менга “Стамбулга келсанг, сени кутиб оламиз”, дейишди. Хотиним билан маслаҳатлашиб, бу ерда иш топиш қийинлиги сабабли мен чипта сотиб олиб, Стамбулга кетдим, дейди Абдусами.

2014 йилнинг 14 апрелида бу муҳожирни “Отатурк” аэропортида номаълум киши кутиб олган ва шаҳардаги квартирага жойлаштирган.

Бу квартирада у яна 3-4 киши билан танишади. Абдусамини квартирага олиб келган одамнинг ҳам миллати тожик бўлиб, у бу ерда бир неча кун кутиб туриш кераклигини айтган.

- Бу одам ҳам тожик эди. Аммо турк, ўзбек тилида ҳам бемалол суҳбатлашарди. 3 кундан кейин бизга яна 3-4 киши қўшилди ва ҳаммамизга билет олиб беришдию автобусга миндириб юборишди. “Йўл охирида сизларни кутиб олишади!”, дейилди. 18 соат йўл юрганимиздан кейин бизни кутиб олишди ва микроавтобусда бир уйга олиб боришди. “Дам олинглар, кейин ишга чиқамиз”, дейишди. У ерда ўтирганлар ҳаммаси ишлагани келган экан. Кеч тунда бизни далага олиб чиқишди ва “Йўл ёмон, далани пиёда кесиб ўтишга тўғри келади”, дейишди. Соат 3-ларда 30 кишилик гуруҳда мен далани кесиб ўтдим. Бизни у ерда кутиб олишгандан кейин мен қаерга тушиб қолганимни сезиб қолдим, дейди тожикистонлик муҳожир.

Чегара

Абдусамининг айтишича, уларнинг гуруҳида собиқ иттифоқ республикаларидан бўлган тожик, ўзбек, кавказ миллати вакиллари бор бўлган.

Автомат кўтарган одамлар бу гуруҳни чегарадан узоқ бўлмаган – 700-800 метр нарида жойлашган бинога жойлаштиради.

Сизлар кесиб ўтган дала – Туркия ва Сурия ўртасидаги чегара. Сизлар ҳозир Суриядасизлар! Бир неча кундан кейин сизларни олиб кетишади”, деб билдиришди.

Жангарилар, айниқса, Россиядан келаётганларни махфий хизматлар билан алоқаси борлигида гумон қилиб, уларни алоҳида ушлашган ва бошқалар билан кўп гапирмасликни талаб қилган.

Абдусами ва унинг шериклари жойлаштирилган бинода юзлаб бошқа одамлар бор экан. Булар орасида у Москвада бирга ишлаган тожикистонлик қурувчи танишлари ҳам борлигини кўради.

- Шу тариқа мен Сурияда эканимни, мен ишга эмас, балки урушишга олиб келинганимни ва менга ёлғон гапиришганини тушундим. Мен телефон топиб, мени олиб келган шеригимнинг отасига телефон қилдим. “Вазият шунақа, мени ўғлингиз алдаб олиб келди. Унга айтинг, имкон борида кечаси қочиб кетиш мумкин”, деб айтдим. Агарда мен бир ўзим қочиб келганимда, унинг ота-онаси мени айблашидан қўрқдим. Шундай ҳам бўлди, деди Абдусами.

Бироқ, Раҳим исмли шериги ортга қайтишдан бош тортади.

Қочиш

Уни қочиб кетишидан хабар топган миллати доғистонлик бўлган лагерь бошлиғи Абдусамини Россияга жосусликда айблайди ва зиндонга ташлайди. У бу зиндонда 10 кун ётганидан кейин қўйиб юборилади.

- Ўша куни кечаси мен ўзим билан олган иш кийимлари солинган сумкамни ташлаб, паспортимни олиб, қочиб кетдим. У ерда чегаранинг ўзи йўқ: вақти-вақти билан чегарачилар пайдо бўлади ва кетар экан. Туркия томонига ўтиб мен одамлардан ёрдам сўрадим. Олдинроқ қандай ҳолатда эканимни мен Москвадаги хотинимга тушунтирган эдим. У Тожикистоннинг Москвадаги элчихонасига ёрдам сўраб борди. Улар эса “Стамбулгача етиб келса, биз олиб кетамиз”, дейишибди. Чегарада яшовчи бир турк одам менга 50 доллар бериб, мени Стамбулгача жўнатворишди, дея ҳикоя қилади Абдусами.

Стамбулга қайтиб келган йигитни Туркияга Россиядан махсус учиб келган рафиқаси кутиб олади ва улар 7 май куни Москвага қайтиб келади.

Сурия ҳудудида 13 кун бўлган муҳожир лагерда қолган бошқалар жанг бўлаётган минтақага олиб кетилганини тахмин қилди.

Абдусамининг сўзларига кўра, Москвада унинг таниши Раҳимнинг отаси Тожикистонда уни “ўғлини Сурияга ёллаб кетганликда” айблаб Турсунзода туман милициясига ариза ёзганини билган.

Вазият асирлари

Ҳозирда Россияда Федерал қидирувда эканини айтган Абдусами Тожикистондан терговчилар қўнғироқ қилиб таҳдид қилишаётгани, яқинда Тожикистонга борган акасини ушлаб, қаттиқ қийноқларга солишганини маълум қилди. “Онам 3 минг доллар қарз олиб, акамни озод қилишга эришди. Шу воқеадан кейин мен юртимга боришга қўрқиб қолдим”, дейди у.

- У ерда бундай вазиятга тушиб қолганидан азият чекканлар кўп эди. Айниқса, тожиклар орасида “Қайтиб келсак Тожикистон бизни қамоққа ташлайди. Қайтиб 20 йил қамоқда ўтирган мақулми, шу ерда озодликда юрган яхшими?” Уларнинг аксари шу сабаб қайтиб келмаётир. Улар вазият асирларига айланди, дейди қочқин йигит.

Суриядан собиқ шериклари “сотқинлик учун” ўлдириш билан қўрқитаётгани ҳам айтилди.

Ҳозирда Россия ва Тожикистонда қидирувда бўлган бу йигит оила аъзолари нима қилишни билмасдан, журналистларга бу ҳақда сўзлаб беришга қарор қилганини айтишди.

“Одамлар қайтишдан қўрқмоқда”

Озодлик мустақил манбалардан бу йигит ҳикоясини тасдиқлай олмади. Абдусами ва унинг рафиқаси маслаҳат сўраб мурожаат қилган “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раиси, “Мемориал” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Озодлик Радиосига берган интервьюсида Абдусамига Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига ўзлари мурожаат қилишлари кераклигини тушунтирганини айтади.

Ҳуқуқ фаоли Б.Ҳамроев ва Абдусами

Ҳуқуқ фаоли Б.Ҳамроев ва Абдусами

У сўнгги бир йилда унга алдов йўллари билан Сурияга олиб кетилган 10 зиёд марказий осиёлик муҳожир мурожаат қилгани ва улар ҳам айни вазиятда эканини гапирди:

- Сурияга алдаб олиб кетилган ва қайтиб келиб шахсан менга мурожаат қилган мен билганлар сони 10 ортиқ. Одамлар қайтиб келяпти, қайтиб келмоқчи бўлганлар сони жудаям кўп! Лекин уруш майдонида уларга тарғибот-ташвиқот қилинган: “Ўз Ватанларингга қайтаолмайсизлар. Қайтганинг билан 20-30 йиллаб турмада ўтирасизлар!”, деб. Биз ҳозир мана шу ёлғон гапларга қарши курашмоқдамиз. Умумий авф эълон қилиш зарур. Секин-аста одамларни тинч ҳаётган қайтариш, Сурияда ёки Туркияда алданиб қолаётганнинг тинч ҳаётган қайтариш учун давлат томонидан амнистия эълон қилиниши керак, деди ҳуқуқ фаоли.

“Мемориал”нинг Марказий Осиё дастури бўйича мувофиқлаштирувчиси Виталий Пономарёв кўп ҳолларда бундай вазиятга тушган одамлар ҳукуматга мурожаат қилишга ўринли равишда қўрқаётганини билдирди.

- Агарда у ҳукуматга мурожаат қилса жуда муҳим масаланининг ечилишига кўмак беради, аммо ўзи нима аҳволга тушишини олдиндан айтиш қийин, деди у.

Қўрқувга қарамасдан, Абдусами ва унинг аёли ҳақиқат учун курашни давом эттиришларини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG