Линклар

Қирғизистонда экстремистликда гумонланган икки ўзбекистонлик ҳибс қилинди

  • Шерзод

Қирғизистонда жорий йилда ўтказилган махсус амалиётларда террорчиликда гумонланган ўндан ортиқ одам жисмонан йўқ қилинди.

Қирғизистонда жорий йилда ўтказилган махсус амалиётларда террорчиликда гумонланган ўндан ортиқ одам жисмонан йўқ қилинди.

Пайшанба куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ўтказилган махсус амалиёт чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат диний-экстремистик гуруҳ қўлга олингани хабар қилинди.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбаевнинг Озодликка маълум қилишича, гуруҳ Ўзбекистоннинг икки, Қирғизистоннинг тўрт нафар фуқаросидан иборат бўлган.

Гуруҳ аъзолари 22 декабрь куни Ўш шаҳри яқинидаги Қашқарқишлоқ қишлоғида 37 яшар Юнусжон Абдужалиловни отиб ўлдирганликда гумонланмоқда. Воқеа жойидан 12 дона ўқ топилган. Ўқ еган Юнусжон Абдужалилов касалхонага етгандан сўнг жони узилган. Марҳумнинг танасига 9та ўқ теккани аниқланган.

Бундан ташқари қўлга олинганлар 18 декабрь куни Қорасув шаҳридаги хонадонлардан бирига бостириб кириб, 1978 йилда туғилган Т.У.,исмли шахсни қаттиқ калтаклаганликда ҳам гумонланмоқда.

Жениш Ашурбаевга кўра, қўлга олинган шахслар Жалолободдан Ўш шаҳрига олиб келинган ва сўроқ қилинмоқда. Милиция расмийси, улар Юнусжон Абдужалиловни нима мақсадда ўлдиргани ва қандай ўлдиргани тўғрисида сўроқ беришаётганини айтди.

Ички ишлар расмийлари гуруҳ аъзоларининг исмларини тўлиқ очиқламаяпти. Озодлик радиосининг аниқлашича, қўлга олинган ўзбекистонликлардан бири 1985 йилда туғилган Н.У., бўлиб, у Самарқанд вилоятида яшаган. Қўлга олинган иккинчи ўзбекистонлик А.А,, бўлиб, у 1993 йилда туғилган ва Тошкент вилоятида яшаган.

Ўзбекистонлик йигитларнинг Қирғизистонга қачон ва нима мақсадда келгани ҳам тергов жараёнида аниқланади.

Милиция маълумотига кўра, гумонланувчиларни қўлга олиш чоғида, уларнинг ёнидан 9 миллиметр калибрдаги Макаров пистолети, 9 миллиметр калибрдаги юзта ўқ, “Наган” русумидаги револьвер ва бошқа қуроллар, ниқоб, ДВД диск ҳамда флеш карталар топилган.

Жениш Ашурбаевнинг айтишича, амалиёт пайтида гумонланувчилар яшаган жойдан топилган далиллар Қирғизистонда тақиқланган диний оқимларга тегишли экани аниқланиб, экспертизага юборилган. Милиция расмийси экспертизадан сўнг қўлга олинганлар қайси тақиқланган диний гуруҳга мансуб экани очиқланишини билдирди.

XS
SM
MD
LG