Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:39

Наманганда ёлланма қотиллар уч кишини тириклайин каналга чўктирди


Ўзбекистонда хуфёна ўғирликлар кўпроқ қиш фаслида содир этилади. 118 ёшли Саъдияхон момонинг 330 дан ошиқ невара-чевараси бор. Россиялик хонанда Вера Брежнева Тошкентдаги концертда қўшиқ сўзларини унутиб қўйди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Янги йилдан пенсия жамғармасига мажбурий ажратма ошади

2016 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон фуқароларининг Молия вазирлиги қошидаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказиладиган мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,5 фоизга ошади (“Адолат кўзгуси”, 24 декабрь). Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар тарқатган. Ҳозирда пенсия жамғармасига фуқароларнинг бир ойлик маошидан 7 фоизи мажбурий равишда ўтказилади.

Ўзбекистонда 2014 йили 52 минг 498 кишига амнистия қўлланган

Ўтган йили Ўзбекистонда 52 минг 498 кишига амнистия акти қўлланилган (“Ўзбекистон овози”, 24 декабрь). Шундан 7865 нафарини аёллар, 1174 нафарини вояга етмаганлар, 681 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 172 нафарини ногиронлар ташкил этади. 2014 йилги амнистияга мувофиқ, 3289 нафар маҳкум жазони ўташ муассасасидан озодликка чиқарилган. Ўзбекистон Олий суди судьяси Умиджон Расулбердиевга кўра, мамлакат мустақил бўлган 24 йилдан бери 26 марта умумий афв эълон қилинган.

Наманганлик фуқаро ишдан ҳайдагани учун раҳбарини ёлланма қотилга ўлдиртирди

Наманган вилояти Норин туманида ишбилармонлик билан шуғулланган сармоядор аёл ёлланма қотиллик қурбони бўлди (“Ҳуқуқ”, 24 декабрь). Зумрад Бойметова таъсис этган икки фирмага ўн йил давомида фуқаро Азизбек Аҳмедов директорлик қилган. А. Аҳмедов топшириқларини бажармагач, таъсисчи З. Бойметова уни ишдан бўшатган. Шундан кейин А. Аҳмедов собиқ раҳбаридан қасос олиш учун уч нафар қотил ёллаган. Жиноятчилар тунда З. Бойметованинг уйига бостириб кириб, уни, келини Д. Ортиқовани ва невараси Жавоҳирни жабрдийдага қарашли “Нексия” машинасига босиб, Андижон каналига олиб борган. Сўнг уччала жабрланувчини ҳамда “Нексия” машинасини каналга чўктирган. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди жиноят буюртмачиси А. Аҳмедовни 20 йилга, судланувчилар Ш. Исмоилов ва Н. Ҳусановни 25 йилга, вояга етмаган Б. Боқижоновни эса 15 йилга озодликдан маҳрум этган.

Ўзбекистон аҳолисига йилига 400 минг тонна балиқ зарур

Бир киши йилига ўртача 11 килограмм балиқ истеъмол қилиш лозим (“Оила даврасида”, 24 декабрь). Бу ҳақда Ўзбекистонда балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станцияси директори Руҳулло Қурбонов маълум қилади. Унга кўра, Ўзбекистон аҳолисини балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш учун йилига 400 минг тонна балиқ етиштириш керак бўлади. Шу боис балиқчиликни ривожлантириш, керак бўлса, мамлакатдаги ҳар бир қишлоқда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш талаб этилади. Қайд этилишича, ўтган йили аҳолига 46534 тонна (30381 – сунъий ҳавзалардан, 16153 – табиий ҳавзалардан) балиқ етказиб берилган.

Ўзбекистонда хуфёна жиноятлар кўпроқ қиш фаслида содир этилади

Ўзбекистонда ўғирлик жинояти кўпроқ қиш фаслида содир этилади (“Ҳуқуқ оламида”, 24 декабрь). Тўрақўрғон туман ИИБ терговчиси Эркинжон Абдураззоқовга кўра, бунинг энг асосий сабаби шуки, қишда куннинг қисқа ва туннинг узоқ давом этиши хуфёна ишлар билан шуғулланишга имконият яратади. Қайд этилишича, Тўрақўрғон туманининг Шаханд қишлоғида ёлғиз келини билан яшаган, ўғли Россияга кетган кекса аёл тунда тўнаб кетилган. Ўғри уйқудаги кекса аёлнинг ёстиғи тагидаги пулни ўмариб кетган. Шу муносабат билан ИИБ вакили фуқароларга хавфсизликни чоралари кўриш лозимлигини эслатган.

Россиялик хонанда Вера Брежнева Тошкентдаги концерт пайти қўшиқ матнини унутиб қўйди

15 декабрь куни Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида россиялик хонанда Вера Брежнева концерт берди (“Даракчи”, 24 декабрь). Хонанда “8 первых свиданий” фильмига ёзилган қўшиғини куйлаётиб матнни унутиб қўйган. Шоу бизнес нашри бу катта камчилик экани, аммо хонанда вазиятдан чиқа олганини ёзган. Вера Брежневанинг Тошкентдаги концерти учун чипталар 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача сотилган.

Наманганлик 118 ёшли момонинг 330 дан ошиқ невараю чевараси бор

Дунёнинг энг ёши улуғ инсонларидан бири – 118 ёшли Саъдияхон Иномова Наманганда яшайди. Бир неча матбуот нашри хабарига кўра, Саъдияхон Иномова 1897 йили Тўрақўрғон туманидаги Ёртепа қишлоғида дунёга келган. Бир умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган онахон турмуш ўртоғи Исомиддин ота билан 8 фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Айни пайтда Саъдияхон момонинг 45 набираси, 141 эвараси, 139 чевараси бор.

XS
SM
MD
LG