Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:34

Имомали Раҳмон “Миллат пешвоси”га айланди


Тожикистон президенти ва миллат пешвоси Имомали Раҳмон.
Тожикистон президенти ва миллат пешвоси Имомали Раҳмон.

25 декабрь куни Тожикистон президенти “Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонунда Имомали Раҳмоннинг миллат пешвоси ўлароқ ваколатлари, дахлсизлиги, хавфсизлиги ва унга берилган ижтимоий кафолатларга оид моддалар бор.

“Миллат пешвоси тўғрисида”ги қонун Имомали Раҳмон тарафидан имзолангани ҳақида 25 декабрь куни Тожикистон президентининг матбуот хизмати хабар тарқатди. Бу "миллат пешвоси" ҳақидаги қонун кучга кирганини англатади.

Қонун бундан бир ҳафта муқаддам – 18 декабрь куни Тожикистон парламентининг юқори палатаси томонидан маъқулланган, ундан аввалроқ, аниқроғи, 9 декабрь куни парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинганди.

Қуйи палата спикери Шукуржон Зуҳуров аввалроқ мазкур қонун лойиҳаси мамлакатда кечаётган демократик жараёнлар билан зиддиятга киришмаслигини айтган.

Ўз фикрини қувватлашга уринар экан, Зуҳуров “миллат пешвоси” деган мақом бошқа давлатларда ҳам мавжудлигини таъкидлаган ва мисол тариқасида АҚШ (Жорж Вашингтон), Туркия (Мустафо Камол Отатурк), Ҳиндистон (Маҳатма Ганди) ва Қозоғистон (Нурсултон Назарбоев) ларни тилга олган.

“Мамлакат ичида ҳам, ташқарида ҳам ташаббусимизга турлича муносабатда бўлишларини биламиз ва бу табиийдир. Ишонинг, биз ўз давлатимизни севамиз, ўз демократиямиз ва ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳурмат қиламиз, бироқ миллат ўғлонларининг юксак фазилатларини ҳам эътироф этгимиз келади”, деган Шукуржон Зуҳуров президент Имомали Раҳмонни “қаҳрамон” ва “тожик халқи учун кўп иш қилган одам” дея таъриф лаган.

Шунингдек, қуйи палата спикери Имомали Раҳмоннинг 90-йиллар ўртасида фуқаролар урушини тўхтатишдаги ролини эслаб ўтган.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси Давлат қурилиши ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш қўмитаси раиси Абдураҳим Холиқзода эса миллат пешвоси тўғрисидаги қонун “халқни бирлаштириш ва Имомали Раҳмон хизматларини эътироф этиш” мақсадида қабул қилинганини айтган.

16 моддадан иборат мазкур қонун “миллат пешвоси” дахлсизлигини кафолатлайди ва унинг барча сарф-ҳаражатларини умрбод давлат бюджети ҳисобидан бўлишини таъминлайди.

Президентга ҳокимиятдан кетгандан сўнг катта ваколат бериб, унинг ва оила аъзоларининг дахлсизлигини кафолатлаш ҳақидаги қонун Марказий Осиëда янги ҳодиса эмас.

Қозоқ парламенти 2000 йилда “Қозоғистон Республикаси биринчи президенти тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилган ва Нурсултон Назарбоевнинг нафақат ҳокимиятда бўлган пайтда, балки президентликдан кетганидан сўнг ҳам мутлақ дахлсизлигини кафолатлаган эди. Қонунда бу дахлсизлик унинг оила-аъзоларига ҳам бирдек тааллуқли экани кўрсатиб қўйилган.

2003 йилда Олий Мажлис “Ўзбекистон Республикаси президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш орқали Ислом Каримовнинг ҳокимиятдан кетганидан сўнг умрбод Сенат аъзоси бўлиши ва унинг дахлсизлигини кафолатлаган эди.

Бу борада ўз қўшниларини ҳам ортда қолдираëтган Тожикистонда Имомали Раҳмон 2020 йили президентликдан кетгач, бўлажак президент қарорларини назорат қилиш ҳуқуқига эга суперлидер бўлишга ҳозирланмоқда.

XS
SM
MD
LG