Линклар

logo-print

Петербургда ўзбек муҳожири иш берувчисини зўрлаб, чавақлаб кетганликда айбланмоқда


Петербурглик аёлни аввал зўрлаб, кейин пичоқлаб ўлдирганликда айбланиб тошкентлик 31 яшар эркак ҳибсга олинди. Жиноят жойидан қочиб, шаҳардан чиқиб кетаётган пайтида ушланган тошкентлик ёнидан марҳум аёлнинг уйидан ўғирланган буюмлар ҳам топилган.

22 декабрь куни Петербургнинг Московский туманидаги квартиралардан бирида аёл кишининг ўлиги топилгани тўғрисидаги хабар полиция бўлимига келиб тушган. Ҳодиса жойига етиб келган жиноят-қидирув бўлими ходимлари 48 ёшли маҳаллий аёл аввал зўрлангани, кейин қорнига икки маротаба пичоқланганини аниқлашган.

Квартирадан 30 минг рубль миқдорида пул ва компьютер техникаси ўмарилгани ҳам маълум бўлди.

Шаҳарни жунбушга келтирган бу ҳодиса ортидан шаҳар полицияси ва махсус хизматлар оёққа тургизилди.

Тез орада ўлдириб кетилган аёл қотиллигида гумонланаётган шахс аниқланди. Полиция хабарига кўра, нобуд бўлган аёлнинг дугонаси унга квартирасини таъмирлаш учун қурувчи муҳожирни тавсия қилган.

Бир кун ўтар-ўтмас жиноят-қидирув бўлими оперлари Санкт-Петербург автовокзалида 31 ёшли гумонланувчи шахсни ҳибс этгани айтилди – у шаҳарни тарк этиш мақсадида аллақачон чипта сотиб олган экан.

Патрул полициясини кўриб қолган муҳожир йигит ўтиб кетаётган таксини тўхтатиб, ҳайдовчига унинг ортидан жиноятчилар қувиб келаётгани, улардан қутулишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Изқуварлар такси ортидан қувиб, уни бир неча чорраҳадан кейин тўхтата олган.

Ушланган шахс Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожири экан, дейди Озодликка ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов:

- У одам 1984 йилда туғилган Игорь Югай экан. 105- модда асосида жиноий иш очилди унга нисбатан, яъни аввал зўрлаб, кейин пулларини ўғирлаб кетгани учун. Ғаразли мақсадларда қотиллик, зўрлаш ва ўғирлик учун суд жиддий жазо бериши мумкин,- деди Сергей Капитонов.

Ўзбекистонликнинг шахсий буюмлари орасида Кубинская кўчасидаги квартирадан ўмарилган айрим нарсалар топилди.

Озодлик мухбири тошкентлик бўлган Игорь Югай суд қарори билан тергов якунига қадар ҳибсга олингани ва 25 декабрь куни унга айблов эълон қилинганини аниқлади.

Тергов ишлари давом этмоқда.

Айтиш жойизки, Петербургда содир этилган яна бир қотиллик тергови давом этмоқда.

2015 йилнинг 11 сентябрида Санкт-Петербургнинг Пушкинский туманида ўлдирилган 29 ёшли аёлнинг қотиллигида Ўзбекистон фуқароси айбланмоқда.

30 яшар Бахтиёржон Ражабов бирга яшаб келган маҳаллий аёл билан жанжаллашиб қолган ва дарғазаб бўлиб, уни 15 маротаба пичоқлаб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни эса Санкт-Петербургнинг “Крести” изоляторидан ўз ҳамюртини зўрлашга уринганликда айбланган ўзбекистонлик 29 ёшли Элмурод Ўткиров ўлиги чиқди.

Тергов қўмитаси тахминларига кўра, ўзбек муҳожири эрталабки 6:30ларда қарийб 2 метр баландликда жойлашган кроватнинг иккинчи қаватидан қулаб, боши билан ерга тушган.

Бу фактни у билан бирга камерада ётган икки нафар талон-тарожда айбланаётган 30 яшар Александр С. ва 35 яшар Олег Б.лар тасдиқлагани маълум қилинди. Улар камерадоши "зўрлашда айбланаётганига руҳан бардош бера олмасдан" ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлигини айтди.

Элмурод Ўткиров билан бирга айни жиноятда айбланиб ҳибс этилган 34 ёшли ўзбекистонлик Ўрол Д.га нисбатан тергов ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистонлик Элмурод ва Ўрол 2015 йилнинг 8 декабрида Петербургнинг Ленсовет кўчасида ўз ҳамюрти бўлган аёлни бошига гантел билан уриб, уни зўрлаганликда гумонланган. Улардан қочиб қутуламан деган аёл иккинчи қаватдан сакраб, оёғини синдириб олган. Айбланувчилар икки кун ўтиб ўз ётоғида жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG