Линклар

Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи ака-ука Примқуловлар қўшни йигитни уриб ўлдириб, ўзларининг ҳовлисига кўмиб қўйган. Милиция ходимлари жасадни уч кундан сўнг топишган. Айни пайтда ака-укалар ҳибсга олинган ва тергов давом этмоқда.

Термиз туманидаги Учқизил қўрғонининг Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи ака-ука 31 яшар Қурбонгелди ва 42 яшар Амонгелди Примқуловлар 21 декабрь куни маҳалладоши 33 яшар Равшан Беганчиевни ўз уйларига чақириб, уриб ўлдирган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган термизлик манбага кўра, ака-ука Примқуловлар жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни ўзларининг томорқасига кўмишган:

“Мен ҳам шу маҳаллада яшайман. Ака-укаларни яхши танийман. Каттаси Амонгелди ўтириб чиққан. Милицияда ишлайдиган танишимдан билишимча, 21 декабрь куни кечқурун ака-укалар уйларида арақ ичишади. Кейин Амонгелди укасига Равшанни чақириб кел деб буйруқ беради. Қурбонгелди Равшанни чақириб келганидан сўнг ака-ука уни қўл-оёғини боғлаб ўлгунча уриб тепадилар. Жасадни эса ҳовлисининг чеккароқ жойига кўмишади”, деди манба.

Термиз туман ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Бу одамларнинг орасида нима гап-сўз ўтганини, нега ака-укалар Равшанни ўлдиришганини туман прокуратураси тергов қилмоқда. Экспертизада ишлайдиган танишимнинг айтишича, жасад уч кундан сўнг 23 декабрь куни Примқуловлар томорқасидан кавлаб олинган. Жасаднинг қўл-оёғи қаттиқ боғланиб, уриб тепилган. Марҳум ички аъзолар жароҳатидан вафот этган. Ҳозирча бу қотилликнинг сабаблари ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Шуниси аниқки, қотилликда гумонланаётганлардан бири Амонгелди Примқулов аввал икки марта озодликдан маҳрум қилинган эди. Яқинда қамоқдан чиқиб келган эди”, деди ҳокимият мулозимларидан бири.

Унинг айтишича, қотилликда гумонланган ака-укалар ҳибсга олинган ва улар Ангор тумани ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш изоляторига юборилган (Термиз тумани ички ишлар бўлимида вақтинча сақлаш изолятори мавжуд эмас – таҳририят).

Ўзбекистонда фуқаролар томонидан ваҳшиёна қотилликлар содир этиш ҳолатлари кўп бўлмасада, учраб туради.

Жумладан, яқинда Наманган вилояти Норин туманида она, келин ва неварани каналга чўктирган қотиллар гуруҳи судланиб, улар 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент вилояти Бўка туманининг Ачамайли файз маҳалласида истиқомат қилган 60 ёшлардаги эр-хотиннинг чавақланган жасадлари бошқа маҳалладаги тутқаторлар орасидан топилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG