Линклар

logo-print

Судланган, жазога ҳукм қилинган, икки марта кесилган, укаси шубҳали айбловлар билан қамалган ва суриштирув журналистикаси билан шуғулланувчилар ҳамда сиёсий фаолларни ўлдирганлар жазосиз қоладиган мамлакатда яшовчи одам ўзига эътибор қаратмасликка ҳаракат қилади, деб ўйлашингиз мумкин.

Алексей Навальнийдан бошқа одам айнан шундай қилган бўлар эди.

39 ёшга тўлган ҳуқуқшунос, блоггер ва собиқ ишбилармон Россия жамиятида ҳукуматга қарши қарашлари билан узоқ йиллардан бери танилган.

Навальний Кремль қўллайдиган етакчи сиёсий партияни “Қаллоблар ва ўғрилар партияси”, деб атаган.

2011-12 йилларда эса мисли кўрилмаган аксилҳукумат намойишларини уюштиришда ўз ҳиссаcини қўшди.

Аммо Россияда ҳам, хорижда ҳам Навальний ўзининг “Антикоррупция жамғармаси” ташкилоти билан Владимир Путин Россиясининг энг юқори табақаларида ўтказган тафтишлари билан маълум.

Мазкур йилнинг ўзидаёқ Навальний ўз гуруҳи билан бирга қуйидагилар кўриб чиқилган тафтишлар бўйича батафсил ҳисоботларни эълон қилди:

- Путиннинг яқин ҳамкори Владимир Якунинга тегишли эканлиги иддао қилинган Москва вилоятидаги қаср; ҳукумат бошқарувидаги “Россия темир йўллари” монополиясига ўн йил етакчилик қилган Якунин кейинроқ ўз лавозимидан четлатилди;

- Путиннинг асосий матбуот котиби Дмитрий Песковнинг 600 000 долларлик қўл соати ва Песков ўзининг янги турмуш ўртоғи билан ҳафтасига 350 000 евро турадиган Maltese Falcon улкан яхтасида асал ойи ўтказгани ҳақидаги иддаолар;

- Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Москва четида жойдашган пагода шаклидаги баҳайбат қасри; Навальний гуруҳи ҳисобларига кўра, қаср 18 миллион доллар қийматга эга. Кўчмас мулк қайдларига кўра, бу мулк 2009 йил Шойгунинг ўша пайтда 18 ёшда бўлган қизи номига ўтган;

Шу ой бошида эълон қилинган навбатдаги тафтиш яна бир юқори лавозимли Россия расмийсини – бош прокурор Юрий Чайкани мўлжалга олди.

Навальний ва унинг тарафдорлари Чайканинг ўғилларидан бири ноқонуний равишда рус индустриал иншоотларини хусусийлаштиргани ва тушган фойдани Юнонистонда люкс меҳмонхона ва Швейцарияда вилла олишга сарфлаганини иддао қилмоқда. Уларга кўра, Чайканинг иккинчи ўғли Россиядаги қурилиш ва ривожлантириш лойиҳалари учун ўтказилган ноқонуний ҳукумат тендерларини ютган.

Бу тафтиш бўйича 1 декабрь куни YouTubeга юкланган 43 дақиқали рус тилидаги видео шу кунгача 3,5 миллион мартадан кўп кўрилди.

Чайка бу иддаолар ўз обрўсини тўкишга қаратилганини ва уни амалга оширганларни бошқалар маблағ билан таъминлаганини айтди. Хусусан, Чайка америкалик ишбилармон Уильям Браудерни айблади. Браудер ғарбий мамлакатлар ҳукуматлари томонидан “чақимчи” ҳуқуқшунос ўлимига алоқаси бор ҳисобланган россияликларга қарши санкция жорий қилинишинида муҳим роль ўйнаган. Бизнесмен эса бу ишда қўли йўқ эканлигини айтиб келади.

Навальний билан алоқага чиқиб бўлмади, аммо унинг асосий терговчиларидан бири Георгий Албуров гуруҳда ўз фаолиятини тўхтатиш нияти йўқлигини билдирди.

Obzor.press сайтида 8 декабрь куни эълон қилинган суҳбатда Албуров: “Эртами-кечми, нимадир топамиз, чунки бугунги кунда Россияда порахўрлик шунчалик кенг тарқалганки, бирор нарса топиш учун курак билан ер қазишингиз шарт эмас... дарҳол Чайкага ўхшаган одамни топасиз”, деди.

2000 йили Путин президент бўлганидан бери жиноятчилик, порахўрлик ёки бошқа ҳар қандай масала бўйича мустақил, ҳукуматга алоқаси бўлмаган тафтишлар билан шуғулланувчи ташкилотлар сони кескин камайди. Матбуот орасида салмоқли коррупция тафтишлари билан ҳалиям шуғулланётган саноқли газеталардан бири “Новая Газета”дир.

Навальний ўз фаолиятини ҳиссадорлик бўйича танқидчи фаол сифатида бошлаган. Кейинроқ Россиянинг энг бадавлат ишбилармонлари ҳамда юқори лавозимли сиёсатчилари иштирок этган шубҳали банк келишувлари, кўчмас мулк савдоси ҳамда “почта қутиси” қабилидаги пул ювишларни фош қилган. Навальний кўриб чиққанлар орасида бош вазир ўринбосари Игорь Шувалов, миллиардер Виктор Вексельберг ҳамда Россиянинг энг юқори лавозимли тегровчиси Александр Бастрикинлар бор.

Навальний сиёсий саҳнага 2011 йилги парламент сайловларидаги қонунбузарликлар ҳамда 2012 йилда Путиннинг президентликка қайтишига қарши минглаб одам иштирок этган намойишларни уюштиришда иштирок этганидан кейин келди. Бу намойишлар собиқ КГБ офицери Путиннинг карьерасидаги энг йирик оммавий муаммо бўлди. Навальний 2013 йил Москва мэри сайловида Кремль қўлловидаги сиёсатчи билан беллашди ва 27 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, иккинчи бўлди.

Фаол бир неча марта қўлга олинган, икки марта жазога ҳукм қилинган. Айбловчилар яна Навальнийнинг укаси Олег изидан тушишган. Навальний тарафдорлари ҳозирги кунда қамоқ жазосини ўтаётган Олег Алексейни жиловлаб туриш учун “асир” олинганини айтиб келадилар.

Россия кузатувчилари учун Навальний ўз тафтишларини давом эттираётганининг ўзи жуда қизиқ, айниқса либерал мухолифатчи лидер Борис Немцов ўлдириб кетилганини эътиборга оладиган бўлсак. Февраль ойида Немцовнинг Кремль деворларидан бир неча метр нарида ўлдирилгани мамлакатни ларзага солди.

2014 йил чоп этилган “Путин клептократияси: Россияга ким эгалик қилади?” китоби муаллифи, Огайодаги Майами университети профессори Карен Давиша: “Немцов ўлдирилишидан аввал муайян табақадаги одамларга тегиб бўлмасди, Навальний ва Немцов ўша даражада эди, деган бўлардим. Аммо энди ҳаммаси ўзгарди”, деди. “Мен “Нима учун у ҳалиям тирик?” деган саволни беришни яхши кўрмайман. Бу менинг хурофий эканлигимни кўрсатади”.

Аммо Озодлик билан суҳбатда Давиша Навальний каби мухолифатчилар билан Кремль ўртасидаги муносабат четдагилар ўйлагандан мураккаброқ эканлигини айтди.

“Тузум муҳим одамни йўқотиш ўзининг Ғарбдаги статусини янада ёмонлаштиришини ҳисоблаб чиққани аниқ”, деди у.

Навальний лойиҳаларини узоқ пайтдан бери молиялаштириб келаётган собиқ суғурта ширкати администратори Роман Борисович Навальнийнинг донғи ва шуҳари уни Немцов каби қотиллик қурбони бўлиш хавфидан маълум даражада ҳимоя қилишини айтди. Борисович ҳозирги кунда асосан Лондонда кун кечиради.

Борисович Озодликка берган интервьюсида: “Тузум ўзгариши жуда хавфли сўз, аммо Навальний ҳеч қачон зўравон намойиш ёки демонстрация уюштиришга чақирмаган. Унинг хаёлига революция, қуролли қўзғолон фикри ҳеч қачон келмайди”, деди.

Чайка ҳақидаги фильмнинг таъсирини ҳали ҳам сезиш мумкин. Кремль фильмнинг аҳамиятини озайтиришга ҳаракат қилиб келяпти. Ҳеч бир рус канали ҳужжатли фильмни кўрсатгани йўқ. Ўтган ҳафтада фильмни онлайн мукофот номзодлигига киритган фестиваль уюштирувчилари Маданият вазирлигидан фестиваль фильмларини нотўғри тарқатиш ҳақида огоҳлантириш олишди.

Ҳужжатли фильм бошида маданият вазири Владимир Мединский кўп кўрсатилган. Навальний Мединскийнинг Чайканинг болалари билан алоқасини оммавий равишда сўроқ қилган.

“Тузумга қарши бўлишингиз, тузумдаги коррупциясини турли йўл билан фош қилишингиз мумкин, аммо у – бу гўл эканлиги ҳақида тортишиш мумкин – у ҳалиям тинч ўзгариш содир бўлишига умид қилмоқда, одамлар сабаб бўладиган тузум ўзгаришига, қашшоқлашган россияликлар, коррупция жамият саратонига айланганини тушуниб етган россияликлар сабаб бўладиган ўзгаришга умид қилмоқда”, деди Борисович.

Маркази Германияда бўлган Transparency International антикоррупция гуруҳининг Россиядаги бўлими етакчиси Елена Панфилова Навальний аллақачон катта иш қилаганини, Россияда аста-секин ўзгаришлар содир бўлаётганини айтди.

Озодлик радиоси рус хизмати билан суҳбатда Панфилова: “Пировардида, бу ерда гап коррупция билан курашиш учунгина коррупция билан курашиш ҳақида кетмаяпти. Бу мамлакатни сақлаб қолиш учун қилиняпти”, деди. “Чунки ҳамма нарса ҳозиргидек қоладиган бўлса, эртами-кечми бунинг барчаси ҳеч ким – ҳатто қон сўрувчиларнинг ўзлари ҳам – тушиб қолишни истамайдиган ўпқонга қулаб тушади”.

Майк Эккель мақоласи Озодлик жамоаси томонидан ўзбекчага ўгирилди

XS
SM
MD
LG