Линклар

logo-print

Ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевга нисбатан янги айблов эълон қилинди


Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев

Фирибгарликда айбланаётган жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Ўктам Пардаевга нисбатан янги айблов эълон қилинди. Ўктам Пардаев энди “ҳақорат қилиш” моддаси билан айбланмоқда. Айни пайтда, гўёки Ўктам Пардаевнинг “фирибгарлиги”га воситачи бўлган Руҳиё Баитовага нисбатан амнистия қўлланилиб, у жавобгарликдан озод қилинди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят бўлими раиси Ўктам Пардаевга нисбатан эълон қилинган фирибгарлик, пора бериш каби айбловларга Жиноят Кодексининг 140 –(ҳақорат қилиш) моддаси ҳам қўшилди.

Ўктам Пардаев жиноий ишини кузатаётган мустақил журналист, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Альянс” ташкилоти фаоли Малоҳат Эшонқуловага кўра, жиноят ишини олиб бораётган терговчилар Ўктам Пардаевдан тўқима айбловларга иқрор олишолмагани учун янги моддани ўйлаб топишган:

- Терговчилар Ўктамга бирданига иккита моддани қўйишган эди. Фирибгарлик ва пора бериш. Лекин бу тузоқ иш бермади. Қарангда Ўктамни нима учун қамашди. Айбловда 9 фуқаро ариза бериб, гўёки улар мушкулларини осон қилиш учун Руҳиё Баитовага пул бериб, у бизни алдаб кетди, деган. Лекин уларнинг бирортаси ҳам Ўктам Пардаевни номини келтирмайди. Ҳамма Руҳиё Баитовага бердик, деяпти. Руҳиё Баитова эса бу пулларни мен Ўктам Пардаевга олиб бориб берардим деган. Лекин бу қуруқ гапку. Исбот ва далил қани. Бу терговчилар шунчалик масъулиятсизлик билан ишлайдими. Агар шундай бўлса, ҳамма ҳам шу пайтгача ёмон кўрган одамини мен унга пора берганман деб қаматиб юбориши мумкин эдику, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Эшонқуловага кўра, Ўктам Пардаев энди ОАВ воситасида маълум бир шахсни ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

“Альянс” ташкилоти яқинда Руҳиё Баитованинг Ўктам Пардаев қамалмасидан олдин унга ёзиб берган тилхатини эълон қилди. Бу тилхатда Руҳиё Баитова ички ишлар бўлими ходимлари уни шантаж қилмоқчи бўлганлари ҳақида ёзган:

- Бу тилхатда Руҳиё Баитова милиция ходимлари унга Ўктам Пардаевнинг уйига наркотик модда ташлашини, агар шундай қилса унга кўп миқдорда пул беришларини ва у уй сотиб олиши мумкинлигини айтишгани ёзилган. Руҳиё бунга кўнмаганидан сўнг унинг устидан жиноят иши очишган ва Ўктамга қарши кўрсатма берсанг, сени амнистия билан озод қиламиз, деб ваъда беришган. Мана Руҳиё Ўктам Пардаевни айблаганидан сўнг у ишини бажариб бўлди ва амнистия билан озод қилинди, деди Малоҳат Эшонқулова.

Ўктам Пардаевга қўйилган айблар бўйича ҳуқуқшунослардан маслаҳат олганини айтган Малоҳат Эшонқулова унга қўйилган Жиноят Кодексининг моддалари нотўғри малакаланганини таъкидлайди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаган Ўктам Пардаев жорий йилнинг 16 ноябрида ҳибсга олинган эди.

Ўктам Пардаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг товламачилик, пора олиш каби моддалари билан айбланмоқда. Дастлабки тергов жараёнида Ўктам Пардаев ўзига қўйилаётган бу айбловларни кескин инкор қилган.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро инсон ҳуқуқи ташкилотлари Ўктам Пардаевга қўйилаётган айбловлар тўқима эканлигини айтар экан, у инсон ҳуқуқи фаолияти учун ҳибсга олинганини таъкидлаб келмоқда.

Жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик ташкилоти ҳамда Норвегия Ҳелсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматидан Ўктам Пардаевни зудлик билан ҳибсдан озод қилиш ҳақида 27 ноябрь куни баёнот берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG