Линклар

“Ўздавнефтгазинспекция” Тошкент АЁҚШларга кундалик равишда 400-600 тонна ортиқ ёнилғи бераётганини айтмоқда. Ўзбекистондаги маҳаллий нашрга интервью берган инспекция бош технологи Умиджон Тўлаев шаҳарда бензин учун сақланиб қолаётган навбатлар сабабини ҳам изоҳлади. Аммо, Тошкентдаги шоҳобчаларнинг аксари ортиқча бензин берилаётгани ҳақидаги расмий хабарни тасдиқламади.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси - “Ўздавнефтгазинспекция”нинг Тошкент шаҳри бўйича бош технологи Умиджон Тўлаев бу ҳақда "Тошкент ҳақиқати" газетасига итервью берган.

Расмийнинг таъкидича, Тошкентдаги автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг кундалик эҳтиёжи 1 минг 200 тонна бўлгани ҳолда кунига 1 минг 600 - 1 минг 800гача тонна бензин берилмоқда.

Бош технолог Умиджон Тўлаев шунга қарамай пойтахтда сақланиб қолаётган бензин тақчиллигига қарши ҳукумат чора кўраётгани, ёнилғининг барқарор таъминотини йўлга қўйишга уринаётганини таъкидлаган.

“Ўздавнефтгазинспекция” расмийсининг бу баёнотига қарамай, Тошкентда бензин тақчиллиги давом этмоқда.

Аксар шохобчалар, “Ўздавнефтгазинспекция”си бош технологининг кунига пойтахтга 400-600 тона ортиқ бензин берилаётгани ҳақида маълумотини тасдиқламади.

Аксинча, баъзи кунлари бензин тақсимоти одатдаги ҳажмдан бироз кам экани, баъзи кунлари эса, ҳатто, берилмаётганини айтдилар.

27 декабрь куни ҳам пойтахтдаги қатор ёқилғи қуйиш шохобчаларига боғланган Озодлик мухбири бензин йўқлигига гувоҳ бўлди.

Аксарият шохобчалар операторлари ҳар куни эрталаб соат 9 яримларда бензин келтирилаётгани ва кундузи соат 2-3га қадар тугаб қолаётганини айтмоқдалар. Операторларга кўра, бензинга навбат кундалик одатий ҳолга айланган.

Шунингдек, Умиджон Тўлаев Тошкентдаги шохобчалар ва ҳайдовчилар томонидан йўл қўйилаётган умумий тартиббузарлик ва камчиликларни ҳам тилга олган.

Жумладан, ҳам газ, ҳам бензинда юрадиган автомобилларнинг бензин бакини тўлдириб бериш ҳолларини танқид қилган. Умид Тўлаевга кўра, бунақа автомобилларга яқинроқ газ қуйиш шохобчасига етиб оладиган даражада оз бензин берилиши керак ва буни мулозим хавфсизлик сабаблари билан изоҳлаган.

Маълумки, пойтахтдаги аксар ҳайдовчилар автомобилини ёнилғининг икки турида ҳам юришга мослаштириб олган ва эндиликда, улардан бир неча литр бензин олиш талаб қилинмоқда.

Бундан ташқари, “Ўздавнефтгазинспекция” расмийси пойтахтда шу кунларда шартнома шартларини бузган ва камчиликларга йўл қўйган шохобчаларга 10 кун муддатга бензин етказиб бериш тўхтатилганини маълум қилган.

Озодлик боғланган баъзи шохобчалар бензин берилмаётганини тасдиқлади. Аммо, бунинг сабаби ўзлари йўл қўйган камчилик билан боғлиқлигидан бехабарлигини айтдилар. Аксинча, бензин келмай қолиши шохобчалар учун тобора кўп учрайдиган ҳолга айланаётгани боис, бунинг сабабини тақчиллик билан боғладилар.

Шу йилнинг ноябрь ойида “Ўзнефтмаҳсулот” ширкати ҳам Ўзбекистонда ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тақчиллиги билан боғлиқ муаммо йўқлиги, бу борадаги шов-шувлар асоссизлиги ҳақида баёнот тарқатган эди.

Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси Сизларни тўлиқ ишонтириб таъкидлайдики, мамлакатимизда автобензин ва бошқа ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари таъминоти бўйича муаммо йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки Республикамизда жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари етарли миқдорда ишлаб чиқарилмоқда”, дея таскин берган эди ширкат масъуллари.

Ширкат "бензин тақчил" мазмунидаги шов-шувлардан ташмачи ва чайқовчилар усталик билан фойдаланаётганини таъкидлаган ва бунга гувоҳ бўлганларни “Ўзнефтмаҳсулот” ишонч телефонларига қўнғироқ қилишга чақирган.

Дарвоқе, ноябрь ойида бир неча кун давомида Тошкентда бензиннинг тушгача тугаб қолгани, вилоятларга эса умуман берилмагани кузатилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG