Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

Тожикистон-2015: Мухолифатга босимлар, генерал Назарзода исёни, “Миллат пешвоси”га айланган Имомали Раҳмон


Тожикистонда президент Имомали Раҳмонни кимдир "Миллат пешвоси" деб алқаса, кимдир ҳокимиятни куч билан ушлаб турган узурпатор, деб билади.
Тожикистонда президент Имомали Раҳмонни кимдир "Миллат пешвоси" деб алқаса, кимдир ҳокимиятни куч билан ушлаб турган узурпатор, деб билади.

2015 йили Тожикистонда мухолифат вакилларига нисбатан босим кучайди, мамлакатда ИШИДга хайрихоҳлар кўпайиб, ҳатто собиқ ОМОН раҳбари жиҳодчилар сафига қўшилганини эълон қилди, Тожикистон президенти эса ўзига “Миллат пешвоси” мақомини бериб, ҳокимиятини янада мустаҳкамлаган бўлди.

Тожикистонда март ойи бошида ўтказилган сайловда, Мaркaзий сaйлов комиссияси маълумотларига кўра, Имомaли Рaҳмон бошчилигидaги Хaлқ демокрaтик пaртияси 65 фоиз овоз билан ғолиб бўлди.

Ўша пайтда хaлқaро кузaтувчилaр вa мухолифатчилар овоз бериш жaрaёнидa қонунбузaрликлaр кўп бўлгaнини aйтганлар.

Сайловда илк бор Тожикистон Ислом Уйғониш пaртияси ва Коммунистик партия вакиллари пaрлaментгa кирмай қолди.

Мухолифатчининг ўлдирилиши

Истанбулда ўлдирилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватов.
Истанбулда ўлдирилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватов.

Парламент сайловидан бир неча кун кейин - 6 мартга ўтар кечаси Туркиядa 47 ёшли тожикистонлик мухолифaтчи вa тaдбиркор Умaрaли Қуввaтов отиб кетилди.

Истaнбулдaги Фотиҳ мaсжидидa ўтгaн жaнозaгa йиғилгaнлaр Қуввaтовнинг қотили Тожикистон президенти Имомaли Рaҳмон экaни ҳaқидaги плaкaтлaрни кўтариб чиқдилар.

Бир пaйтлaр президент Рaҳмонгa яқин бўлгaн тaдбиркор вa сиёсaтчи Қуввaтов иқтисодий жиноят aйбловлaри билaн Душaнбе тaрaфидaн қидирувга берилган.

Мухолифaтчи ўзига нисбaтaн қўйилгaн aйбловлaрни сиёсий сaбaблaргa эгa экaнлигини айтган.

2012 йилдa Тожикистонни тaрк этгaн Умарали Қувватов “24 гуруҳи” номли мухолифaт гуруҳигa aсос солгaн эди.

Жиҳодчига айланган ОМОНчи

Апрель ойи охирида Тожикистондан ғойиб бўлган Ички ишлар вазирлигининг ОМОН гуруҳи қўмондони Гулмурод Ҳалимов кўп ўтмай ўзининг “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига қўшилганини эълон қилди.

Тожик ОМОНининг собиқ раҳбари Гулмурод Ҳалимов.
Тожик ОМОНининг собиқ раҳбари Гулмурод Ҳалимов.

Ҳалимов Интернет орқали тарқатилган ўз видеомурожаатида Тожикистон ва АҚШ расмийларига таҳдид қилган.

Собиқ полковник Ҳалимов ватанида давлатга хиёнатда айбланиб, қидирувга берилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жалолиддин Садриддинов Озодлик радиоси тожик хизмати билан сентябрь ойида қилган суҳбатида Гулмурод Ҳалимовга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини айтган.

“Унга қарши “одам ёллаш”, ватанга хиёнат моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. ИШИДга қўшилганидан кейин у Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги ишидан бўшатилган”, деганди Жалолиддин Садриддинов.

Қўшма штатлар эса полковник Гулмурод Ҳалимовни “Исломий давлат” гуруҳига алоқадор террорчилар “қора рўйхат”ига киритган.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган The Soufan Group тадқиқот марказининг шу йил 7 декабрь куни эълон қилган ҳисоботида шу кунда Сурия ва Ироқда 386 нафар тожикистонлик жиҳодчи жанг қилаётгани айтилади.

Генерал Назарзода исёни

Шу йилнинг 4 сентябрь куни Тожикистоннинг Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида ички ишлар бўлимлари ва милиция масканларига ҳужумлар уюштирилди, бунинг оқибатида ҳуқуқ-тартибот идораларининг 9 ходими ўлдирилди. Расмийлар ҳужумларда Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ муовини, генерал Абдуҳалим Назарзодани айблашди.

Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ муовини, генерал Абдуҳалим Назарзода.
Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ муовини, генерал Абдуҳалим Назарзода.

Ҳужумлардан кейиноқ Душанбе Назарзода гуруҳига қарши махсус амалиёт бошлади, собиқ мудофаа вазири ўринбосари эса ўз тарафдорлари билан Ромит дарасига қочиб, яширинди.

Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас расмийлар генерал Назарзода ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатдилар.

Тожик расмийлари Абдуҳалим Назарзода ҳужумларини “давлат тўнтариши қилишга уриниш” ўлароқ баҳоладилар ва бу ҳужумлар бошида Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбарлари турганини иддао этдилар.

ТИУПнинг террор ташкилоти деб эълон қилиниши

29 сентябрь куни Тожикистон Олий суди Ислом уйғониш партиясини террорчи ташкилот деб эълон қилди ва партиянинг мамлакатда фаолият юритишини тақиқлади. Бу орада партиянинг 23 фаоли террорчиликда айбланиб, қўлга олинди.

ТИУП лидери Муҳиддин Кабирий.
ТИУП лидери Муҳиддин Кабирий.

Ислом уйғониш партияси раҳбарлари, хусусан, баҳорда Тожикистонни тарк этган партия раиси Муҳиддин Кабирий бу айбловларни тамоман инкор этган ва партия бундан буён мамлакат ташқарисида фаолият олиб боришини эълон қилган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси Марказий Осиё минтақасидаги ягона исломий партия эди. Партиянинг беркитилиши халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилинган.

Совхоз раисидан Миллат пешвосига

25 декабрь куни Тожикистон президенти “Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси тўғрисида”ги қонунни имзолади. Мазкур қонунда Имомали Раҳмоннинг миллат пешвоси ўлароқ ваколатлари, дахлсизлиги, хавфсизлиги ва унга берилган ижтимоий кафолатларга оид моддалар бор.

16 моддадан иборат мазкур қонун “миллат пешвоси” дахлсизлигини кафолатлайди ва унинг барча сарф-ҳаражатларини умрбод давлат бюджети ҳисобидан бўлишини таъминлайди.

Қонун Имомали Раҳмон президентликдан кетгач, бўлажак президент қарорларини назорат қилиш ҳуқуқига эга суперлидер бўлиши учун замин ҳозирлайди.

"Миллат пешвоси" қонунини дастаклаш учун митингга олиб чиқилган тожик ёшлари.
"Миллат пешвоси" қонунини дастаклаш учун митингга олиб чиқилган тожик ёшлари.

“Миллат пешвоси тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан кейин уни дастаклаш учун Душанбеда талаба-ёшларнинг митинги бўлиб ўтди. Президент Имомали Раҳмонни “узурпатор” деб атаган ва унга “Миллат пешвоси” мақоми берилишини танқид қилган тожик мухолифати бу митингни “хавфсизлик хизматлари уюштирган томоша” ўлароқ баҳолади.

Россиянинг яқин иттифоқдоши бўлмиш 62 ёшли президент Имомaли Рaҳмон Тожикистонни сўнгги 23 йилдaн бери бошқaриб келaди. Амалдаги президентнинг мансаб пиллапоялари бўйлаб кўтарилиши унинг 1988 йилда Данғара туманидаги Ленин номли совхоз директорлигига сайланганидан сўнг бошлангани айтилади.

23 йилда биринчи марта ўтказилган маслаҳатлашув

24 ва 25 декабрь кунлари Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликларининг сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди.

Бу икки давлат дипломатик алоқа ўрнатган 1992 йилдан бери ўзбек-тожик дипломатлари ўртасида илк маротаба ўтказилган маслаҳатлашувдир.

Ўзбек ва тожик дипломатлари учрашуви, Душанбе, 2015 йил 25 декабри.
Ўзбек ва тожик дипломатлари учрашуви, Душанбе, 2015 йил 25 декабри.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, тадбирда ўзаро муносабатларнинг бугунги аҳволи ва уни ривожлантириш бўйича истиқболлар муҳокама қилиниб, минтақавий ва халқаро миқёсда долзарб бўлган муаммолар бўйича фикр алмашилган.

Gazeta.uz сайти ушбу учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-инсонпарварлик ва бошқа соҳалар бўйича ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўрилгани ҳақида ёзди.

Ўзбек ва тожик дипломатларининг бу учрашуви икки мамлакат алоқаларидаги илиқлашув нишонаси ўлароқ баҳоланаётган бўлса-да, таҳлилчилар чегарадаги вазият, гидроиншоотлар қурилиши бўйича ихтилофлар ва бошқа муаммолар бу илиқлашувга келажакда ҳам соя солиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG