Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:38

Тошкент шаҳар милицияси бошлиғи ишдан олинди


Бу ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ички ишлар ходимлари фаолиятини кескин танқид қилишидан кўп ўтмай рўй берди.
Бу ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ички ишлар ходимлари фаолиятини кескин танқид қилишидан кўп ўтмай рўй берди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи алмашгани ҳақида Озодликка бир-биридан мустақил манбалар хабар йўллади. Бу ўзгариш Ўзбекистон президентининг ички ишлар ходимлари фаолиятини кескин танқид қилишидан кўп ўтмай рўй берди.

Бир-биридан мустақил манбаларнинг Озодликка маълум қилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Мирсамат Одилов 26 декарбрда вазифасидан бўшатилиб, ўрнига Баҳодир Қурбонов тайинланган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари Озодликка ушбу хабарни на тасдиқлашни ва на изоҳлашни исташди.

Тошкент шаҳар милициясидаги ўзгаришлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ички ишлар ходимлари фаолиятини кескин танқид қилишидан кўп ўтмай рўй бермоқда.

Сўнгги ҳафаталарда турли вилоятларда милиция бўлинмалари раҳбарлари алмаштирилди.

Янги бошлиқ

Озодликнинг ишончли манбалари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, пойтахт милициясига Баҳодир Қурбонов бошлиқ этиб тайинланган.

46 ёшли Қурбонов қарийб икки йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг муовини вазифасини бажариб келаётган эди.

Тошкент шаҳар милицияснинг эндиликда собиқ бошлиғи Мирсамат Одилов 60 ёшга тўлиши муносабати билан нафақага чиқарилган.

Мирсамат Одиловга 2013 йилда генерал майор рутбаси берилганди.

Россиянинг Regnum ахборот агентлиги хабарига кўра, Мирсамат Одиловнинг ишдан четлатилишига милиция ходимларининг “қониқарсиз ишлаши сабаб бўлиши мумкин” .

Агентликнинг Ички ишлар вазирлиги вакилига иқстибосан маълум қилишича, яқинда Ўзбекистон бош вазири милиция ва прокуратура ходимларини тўплаб, ишдаги камчиликлар учун уларнинг “пўстагини қоққанди”.

Қонунсиз милиция

5 декабрда Ўбекистон Конституциясининг 23 йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилган йиғинда чиқиш қилган президент Ислом Каримов мамлакатда ички ишлар органлари ходимлари ишини тартибга солувчи махсус қонун йўқлигини эътироф этганди.

Ислом Каримов 2015 йилнинг дастлабки тўққиз ойида аҳолидан тушган шикоятларнинг асосий қисми ҳуқуқ-тартибот идоралари устидан эканини айтган.

"... 9 ой ичида аҳолидан амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва назорат органларига оид тушган 500 шикоятнинг ҳар бешинчиси ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидандир," деб айтган Ўзбекистон президенти.

Ислом Каримов зудлик билан Ўзбекистонда ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг вазифаси, хизмат ваколатларини белгилаб берувчи қонун яратилиши зарурлигини билдирган.

Кечиккан ислоҳот

Ўз фаолияти доирасида Ички ишлар вазирлиги билан тез-тез тўқнаш келадиган тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг Озодликка айтишича, президент Ислом Каримовнинг танқидий чиқиши ортидан расмий Тошкент ички ишлар органларида ислоҳотни бошлашга қарор қилган кўринади.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари ваколатларининг ўта кенглиги, хусусан, паспорт ва виза бериш, тергов ва қамоқхоналар устидан назоратни олиб бориш каби ваколатлар, унинг аҳоли осойишталигини сақлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби асл вазифасидан чалғитмоқда.

Ички ишлар органларида ислоҳотларга бўлган эҳтиёж "кўп йиллардан бери кучайиб келаётганди", дейди Сурат Икромов.

"Юқоридаги чиновниклар ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини президент билан гаплашиб, ҳаммасини етказиш керак эди. Лекин ҳаммаси жим ўтиришга ўрганиб қолган. Сабаби, энди тинчгина ўтирса яхшида, ўзига ўзи иш орттирмасдан. Кўплаб чиновниклар шу режимга ўрганиб қолган. Уларга шу режим маъқул," дейди Сурат Икромов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тайёрлашга 2012 йил ноябрида киришганди.

Ўзбекистондаги нашрлар ўша пайт бу ҳақда расмий хабар тарқатишган.

Ички ишлар вазирлигининг расмий вебсайти ҳам қонунни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилгани ҳақида хабар берган эди.

Аммо орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтган эса-да, қонуннинг тақдири ҳамон мавҳум қолмоқда.

XS
SM
MD
LG