Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:27

Россия ва Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари бўйича Келишув ҳозирламоқда


Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев 25 декабрь куни журналистлар билан учрашди
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев 25 декабрь куни журналистлар билан учрашди

Россия ва Ўзбекистон меҳнат муҳожирларига доир келишув устида ишламоқда. Ишлаб чиқилаётган ҳукуматлараро келишувда Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланишини тартибли ташкил этиш ҳақида гап бориши айтилмоқда. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевга кўра, бу ҳужжат Россияга келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатга кирди-чиқдисини тартибга солади.

25 декабрь куни Тошкентда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

- 25 куни Тошкентнинг “Пойтахт” бизнес марказида учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзбек-рус муносабатларининг ўтган йилдаги ҳолатидан ташқари элчихона томонидан уюштирилган ижодий танлов ғолиблари - Ўзбекистон журналистларини тақдирлаш маросими ҳам бўлди, деди анжуман ҳақида қўшимча маълумот берган Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот атташеси Дмитрий Петров.

Давра суҳбатида сўзга чиққан Владимир Тюрденев икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида меҳнат муҳожирлари оқимини тартибга солиш бўйича қатор ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Россияга ёллаш бўйича ҳукуматлараро келишув тайёрланаётганини билдирди элчи.

- Келишув мамлакатимизга меҳнат қилишга келаётган Ўзбекистон фуқароларини оқимини тартибга солади. Россия миграция қоидалари мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда. Мана бир йилдирки хориж фуқароларини Россияга меҳнат фаолиятига ёллашнинг янги тартибини йўлга солувчи қонун амал қилмоқда. Унинг мазмуни шундан иборатки, Россияга визасиз тартибда кириб келган хорижликлар меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патент расмийлаштиришлари керак, деди Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси.

Аввалроқ Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийлари ўзбек фуқароларини тартибли равишда Россия Федерацияси ҳудудида ишга ёллаш ёки жалб қилиш бўйича ҳукуматлараро лойиҳани ишлаб чиққанини маълум қилган эди: икки давлат ҳукуматлари ўртасида бу ҳужжатни тайёрлаш ишлари 2015 йилнинг бошида бошланган эди. Унда Россияда меҳнат қилаётган мигрантларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа кафолатлари ўз аксини топгани айтилди журналистлар билан учрашув чоғида.

Владимир Тюрденев мазкур келишув Россия ҳукуматига муҳокама учун тақдим этилганини билдирди.

Россияда расман икки миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири рўйхатга олинган. Лекин мустақил манбалар ўзбек мардикорлари сони беш миллионга яқин эканини тахмин қилади.

Шу билан бирга Россияда иқтисодий инқироз вужудга келиши меҳнат муҳожирлари сони камаяётганига сабаб бўлаётгани ҳам айтилади.

Россия элчиси ўз чиқишида иқтисодий бўҳрон ортидан икки томон ўртасида савдо муносабатларининг бироз сусайишига қарамасдан Россия Федерацияси Ўзбекистон учун асосий савдо ҳамкори бўлиб қолаётганини таъкидлаб ўтди:

- Россия Федерал божхона хизмати маълумотига кўра, ўтган йилнинг 9 ойи давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш 29,2 фоизга қисқарди ва 2,14 млрд.долларни ташкил этди. Бу кўрсаткичларнинг пасайиши энг аввало рубль курсининг тушиши туфайли бўлди, айни пайтда амалда икки тарафлама товар алмашинуви атиги 1,8 фоизга қисқарди, айрим кўрсаткичлар бўйича эса ошди ҳам. Масалан, ўша 9 ой давомида ўзбек сабзавот ва меваларининг жисмоний ҳажмдаги Россияга экспорти 78,4 фоизга ошди, дея қўшимча қилди Владимир Тюрденев.

2014 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлан 6 миллиард 100 миллион долларни ташкил этганини таъкидлаш жойиз.

Тюрденев сўнгги йилларда Россия ширкатлари томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига 6 миллиард доллар миқдорида сармоя ётқизилгани, Ўзбекистонда 900-га яқин қўшма қорхона, Россияда эса 500-га яқин икки мамлакат тадбиркорлари капитали асосида корхона фаолият юритаётганини билдирди.

Шунингдек, 2015 йилда 1,5 мингдан зиёд талаба Россия олий уқув юртларига ўқишга киргани, улардан 180 нафари Россия ҳукумати ўрнатган квота асосида эканини маълум қилди Тюрденев.

Йиғилишда сўзга чиққан “Россотрудничество” вакили Виктор Шулик Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида Россияда таҳсил олаётган талабалари сони бўйича биринчи ўринни эгаллаб келмоқда, деди. Унинг айтишича, бугунги кунда 12 минг ўзбек талабаси Россияда ўқимоқда.

Йиғилишда Владимир Тюрденев “Ватандошларни қўчириш Дастури”га алоҳида тўхталиб ўтди.

- 2015 йилда кўчириш давлат дастурида иштирок этиш учун Россия элчихонасига 8300 минг ариза келиб тушди. Бу дастурда иштирок этиш истагида бўлганлар сони, оила аъзоларини қўшиб ҳисоблаганда, тахминан 20 минг кишини ташкил этади, деди Россия дипломати.

У кўчириш дастурида Россиянинг 59 минтақаси иштирок этаётганини маълум қилди. Аҳоли сони кескин камайиб бораётган Россия бу лойиҳа ёрдамида биргина 2015 йилда мамлакатга 150 минг одамни доимий яшашга жалб қила олгани айтилди.

Тюрденёв “ҳеч кимни кўчишга тарғиб этмаётганимиз ва баландпарвоз ваъадалар билан жалб этмаётганимизни алоҳида қайд этмоқчиман”, дея таъкидлади.

Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда Россияга кўчиб кетмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан ўзбек миллатига мансуб оилалар сони ошаётгани кузатилмоқда.

Собиқ СССР фуқароларининг Россияга кўчишини тарғиб этиш дастури 2006 йилда Россия президенти фармонига кўра жорий этилган.

XS
SM
MD
LG