Линклар

logo-print

Украинани қўллаб-қувватлагани учун сазойи қилинган россиялик 18 яшар фаол ўз жонига қасд қилди


Влад Колесников

Влад Колесников

Россиянинг Жигулевск шаҳрида 18 яшар Влад Колесников ўз жонига қасд қилди. 2015 йил июнида Россиянинг Украинадаги ҳатти-ҳаракатларини қаттиқ танқид қилгани билан танилган бу йигит аввал техникумдан ҳайдалди, кейин махсус хизматлар назоратига тушди. Ниҳоят, яқинлари ва тенгқурлари ҳақоратлари боис руҳий босимига бардош бера олмаган Влад 25 декабрь куни катта миқдорда ухлатувчи дори ичиб, ўз ҳаётига нуқта қўйди.

2015 йилнинг июнида ўзи ўқиётган техникумга Украина байроғи ва “Қримни қайтарайлик!” ёзуви туширилган футболка кийиб келган Влад Колесников бирдан таниқли одамга айланди.

Ўша пайтда 17 йшда бўлган бу йигит аввалига военкоматда “ўз биродарларини ўлдиришга бормаслиги”ни билдирган ва Украина гимнини телефонида ижро этиб берган.

Влад Колесников Украина байроғи ва "Қримни қайтарайлик!" ёзуви битилган футболкада

Влад Колесников Украина байроғи ва "Қримни қайтарайлик!" ёзуви битилган футболкада

Кейин, ўзи ўқиётган Подольск шаҳри марказида “Х... ВОЙНЕ” плакатини осди.

Путин пропагандасига қарши шу тариқа кураш йўлини танлаган Влад тез орада кўплаб маслакдош топди.

Озодлик радиосига берган интервьюсида Влад ўзи яшаётган минтақада қаттиқ босимга учрагаётнини гапириб берган эди.

Маълум бўлишича, унинг бобоси – собиқ КГБ офицери – Владни қарашлари боис ланатлаган; у ўзи ўқиётган техникум ўқувчилари томонидан қаттиқ калтакланган; ниҳоят, Влад маҳаллий полиция ва махфий хизмат назоратига тушган.

- Путин ўзининг бир гуруҳ жиноятчи дўстлари билан мамлакатимизни пропаганда кучи билан бошқармоқда. Бу менинг шахсий фикрим. Мен адашаётган бўлишим мумкин, аммо мен ҳақман деб ўйлайман. Россия ОАВи “хохоллар”, “пиндослар” образидаги душманни фаол тарғиб этиб келмоқда. Мен ҳам бу чўпчакларга ишониб келганман. 2014 йилда мен аёли рус, эри америкалик бўлган оила ҳақида YouTubeда фильм кўриб қолдим. Шундан бошлаб мен улар душман эмас, оддий одамлар эканига ишона бошладим, деган эди Влад Озодликка берган интервьюсида.

Влад Фейсбукда тез орада танилган блог ёзишни бошлади.

Бироқ, Жигулёвскда у қариндошлари ва тенгқурлари билан тил топиша олмаётганини билдирган эди:

Одамлар билан муносабатларим жуда ёмонлашди – мени калтаклаш билан пўписа қилишди, менга лой отишди, доимий ҳақоратлаш ва коридорларда туртишлар одатий ҳолга айланди. Мен полицияга мурожаат қила олмайман (у ерда ёзда менга ёрдам бермасликларини билдиришган ва “бунақа ишлар учун ўзим башарангга мушт туширган бўлардим” дейишган). Жигулёвскда мени ҳар нима қилиб қўйишлари мумкин. Чорасизликдан қаерга кетиб қолишни ўйлаяпман”, деб ёзди Влад Колесников Озодлик Радиоси мухбири Клэр Бигга шу йилнинг ноябрида.

“У 18 ёшда, исми Владислав Павлович Колесников эди”

Сўнгги бир ярим йил давомида Влад билан ёзишиб келган Озодликнинг инглиз хизмати мухбири Клэр Бигг у билан охирги маротаба 25 декабрь куни, ўлимидан олдин хабарлашганини айтади.

Влад Колесников "Х... Войне" плакати билан

Влад Колесников "Х... Войне" плакати билан

- Мен бу йигитнинг муаммолари ҳақида бир неча бор ёзган эдим. Аммо, 2 декабрь кунги унинг хати ёрдам сўраб қилган илтижодек туюлди. У жуда аянчли аҳволда эди. Ўз ҳаёти тўғрисида кўпроқ ёзиб беришга интиларди... Шу кундан бошлаб биз кунига бир неча маротаба Telegramда ёзишдик. Кўп ҳолларда мен фақат тинглардим. Влад мендан унга бирор нима бўлса бошқаларга гапириб беришни сўрарди. У одамлар ички дунёси ҳақида билишлари, қаттиқ тақибга учраётгани ва Россияда бошқалардан бироз фарқ қилувчи ҳар ким изоляцияга ва зўравонликка учрашини бошқалар билишини хоҳларди. Бу унинг сўнгги ўлим олди истаги эди, деди Клэр Биг.

Журналист ўсмир йигит билан суҳбатдан унинг ўз жонига қасд қилишида КГБчи бобоси “катта ҳисса” қўшганини аниқлаган.

Уйига полициячилар бостириб келганидан ва техникумдан ҳайдалганидан кейин, унинг бобоси Подольскдаги квартирасидан набирасини қувиб юборган. Влад отаси ёнига Самара вилоятининг Жигулёвск шаҳрига кетган.

Қайтиб келсанг – каллангни узаман”, дея пўписа қилди собиқ КГБ офицери, ваҳоланки бу ташкилотнинг ўзида “собиқ” деган иборани тан олишмаслиги барчага маълум.

Боз устига, набирасининг Украинадаги урушни қоралаб келиши ёқмаган чол бугун Россиянинг энг миллатчи ва пропагандистик нашрига айланган “Комсомольская правда” газетасига набирасини ланатлаб интервью беради.

Қария 17 яшар успириннинг шахсий кундалигини “Комсомольская правда” журналистларига тақдим этади ва болани янада оғир вазиятга тушишига бевосита сабабчи бўлади. Зеро, пропаганда машинасининг болага қарши янада авж олишига олиб келган бу мақолада Владнинг аниқ яшаш жойи ҳам кўрсатилган эди.

- Ишонинг, мен Россияга ахлат ағдармоқчи эмасман, мен Россияда жуда кўп яшадим, бу ерда муҳаббатга сазовор бўлган кўп нарсалар борлигини биламан. Аммо, ўзимга бир саволни беришдан тўхтамаяпман: ҳатто болаларни бир-бирига гиж-гижловчи, оиланинг катталари ҳам ўз фарзандларига бир зумда душманга айланувчи бу жамият қандай жамият экан? деди Клэр Биг.

.......

Ҳозирга келиб терговчилар Влад Колесниковнинг ўлимини “алкоголь ва наркотиклар передозировкаси” сифатида тақдим этишга уринмоқда.

“Комсомольская правда”да эса, кутилганидек, Владнинг ўлимидан бир кун ўтиб буюртмага ўхшаш мақола пайдо бўлди.

“Самара вилоятида 18 яшар мухолифатчи Влад Колесников мурдаси топилди... Аммо у шаҳид ролига тўғри келмайди. Бу ўлимда сиёсий маъно излашнинг ҳам ҳожати йўқ”, деб ёзди “Комсомольская правда”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG