Линклар

2016 йилда Европа Иттифоқи учун миграцион бўҳрон, популист сиёсат ва Россия ҳаракатлари бошоғриқ бўлади


Муҳожирлар билан боғлиқ бўҳрон 2016 йилда ЕИнинг асосий бошоғриқларидан бири бўлиб қолиши кутилмоқда

Муҳожирлар билан боғлиқ бўҳрон 2016 йилда ЕИнинг асосий бошоғриқларидан бири бўлиб қолиши кутилмоқда

Берлин девори қулашидан 25 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, 2015 йилда Иккинчи жаҳон урушидан бери мисли кўрилмаган муҳожирлар оқими қамровида қолган Европа қитъаси бўйлаб тўсиқлар ўрнатилди. Бу эса 28 давлат аъзо бўлган Европа Иттифоқида мунозараларни келтириб чиқарди ва тузилма истиқболларини шубҳа остига қўйди.

2016 йилда Брюссель Яқин Шарқ, Африка ва Осиёдаги урушлар ва қашшоқликдан Европага қочаётган минглаб муҳожир ва қочқинлар муаммосини ҳал қилиш устида бош қотиради. Бундан ташқари, ушбу вазият билан боғлиқ бошқа муаммоларни, масалан, Европа бўйлаб паспортсиз саёҳат қилишни бекор қилиш ёки қилмаслик масаласини ҳал қилиш керак бўлади. 13 ноябрь куни “Исломий давлат” жангарилари Парижда 130 одамни ўлдириши ортидан Европада паспорт назоратини тиклашга қаратилган чақирувлар янада кучайди.

2016 йилда Брюссель Буюк Бритиния яна иттифоқдан чиқиш масаласи бўйича референдум ўтказиш-ўтказмаслигини эҳтиётлик билан кузатади. Британия блокдан чиқиб кетса, Европа Иттифоқи иқтисоди иккинчи ўринни эгаллайдиган аъзосидан айрилади. Иттифоқнинг нариги четида Россия билан бизнес ҳамкорлик қилиш васвасаси Москванинг Украинадаги аралашуви сабаб унга қарши жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш бўйича тортишувларга сабаб бўлиши мумкин. Россияда 150 миллионга яқин истеъмолчи бўлиб, мамлакат Европа Иттифоқининг учинчи энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади.

Қуйида келаётган йилда Брюссель дуч келадиган беш муҳим масала билан танишишингиз мумкин.

Тони Веселовский

Миграция

Миграцион бўҳрон 2016 йилда бартараф этилмайди. Ноябрь ойида Европа комиссияси 2016 йил охиригача Европага уч миллион муҳожир келиши мумкинлигини билдирди. Бу 2015 йилда Европага асосан Греция ва Италия орқали кириб келган муҳожирлар сонидан тахминан уч баробарга кўпроқдир. Европа комиссияси башоратларига кўра, 2017 йилгача Европага йўл олган мигрантлар оқими сустлашмайди.

Европа Иттифоқи ўзи дуч келган энг катта муаммолардан бири бўлган миграцион бўҳронга лоқайдлик билан қарамоқда. Бунинг асосий сабаби ушбу масала бўйича Европа мамлакатлари, хусусан, ғарбий ҳамда шарқий Европа мамлакатлари ўртасидаги тафовутдир. Миграцияга қаршиларга етакчилик қилаётган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан сентябрь ойида “Европа насронийлигини” сақлаб қолиш учун “чегараларимизни ҳимоя қилишимиз керак”, деди. Эркин саёҳат қилиш мумкин бўлган Шенген ҳудудига интилаётган муҳожирларнинг аксар қисми Венгрия орқали ўтди.

Орбан ҳукумати чегарани ёпиш учун тўсиқ ўрнатди. Македония, Австрия, Словения ҳам ўз чегарасининг айрим қисмларига тўсиқлар қўйди. Декабрь ойида Венгрия билан Словакия Европа ҳукуматининг 120 000 муҳожирни Европа Иттифоқи мамлакатларига тарқатиш режаси юзасидан судга мурожаат қилди. Режада таклиф қилинган сон йил давомида Европага келган мигрантлар сонидан бир нечар марта озроқдир.

2016 йилда Брюссель расмийлари нафақат суд тортишувларига дуч келади, балки белгиланган квоталар ўта озлигини ҳам кўради. Аммо Шарқий Европа мамлакатларининг скептик лидерларини квоталарни оширишга кўндириш осон бўлмайди.

3 миллард евролик келишувни қўлга киритган ва Брюссельнинг бошқа таклифларини кўриб чиқаётган Туркия уруш қаърида қолган суриялик қочқинларнинг Европага йўл олишини қисқартириш учун қисувга олинади.

“Карнеги Европа” тадқиқот марказининг катта ходими Жуди Демпсига кўра, пировардида қочқинлар оқимини тўхтатиш учун Суриядаги можарони тўхтатиш талаб этилади. 2015 йилнинг иккинчи ярмида диплмотик ҳаракатлар кучайди, аммо Россиянинг ҳаво ҳужумлари вазиятни мураккаблаштирди. Россия ҳарбий самолётининг Туркия томонидан уриб туширилгани резолюцияга эришишни янада қийинлаштирди.

: “Барча мухолиф партиялар ҳамда турли гуруҳлар буни тугатиш бўйича муросага келадими? Айтмоқчи бўлганим, бу жуда муаммоли масаладир. Саудия Арабистони нима истайди? Эрон нимани истайди? Россия нимани истайди? Европа нима хоҳлайди? Америка-чи?”, дейди Озодлик билан суҳбатда Демпси. “Афсуски, миграцион бўҳрон ҳали давом этади”.

Шенген

Миграцион бўҳрон, хусусан, Грециянинг денгиз орқали келаётган одамларни назорат қила олмаётгани Европа Иттифоқининг Шенген зонасини қийин аҳволга солмоқда. Париж ҳужумларидан кейин Европа Иттифоқининг 22 аъзоси ҳамда иттифоққа кирмайдиган тўрт мамлакатни ичига олувчи ҳудудда паспортсиз саёҳат қилиш имконини берувчи Шенген келишувини ўзгартиришга, ҳатто ундан бутунлай воз кечишга чақираёганлар сони ошди. Ҳужумни амалга оширишда гумонланаётганлар Брюссельнинг Моленбек коммунисадан бўлган. Аммо Бельгия Бош вазири Шарль Мишель Шенген келишуви хусусида шубҳа билдириб, Париж ҳужумлари Европа чегараларининг очиқлиги оқибати эканлигини таъкидлади. Ноябрь ойида Мишель: “Биз Европада янги хавф кўламига дуч келдик”, деди.

Европанинг ички чегараларидан ташқари унинг ташқи чегаралари бўйича ҳам келишмовчиликлар мавжуд. Франция ва Германия Европа Иттифоқи чегаралари хавфсизлигини таъминловчи “Фронтекс” агентлигига кўпроқ ваколат беришга чақирмода. Декабрь бошида чоп этилган матбуот хабарларига кўра, Франция ва Германия ички ишлар вазирлари Шенген ҳудуди сақлаб қолинадиган бўлса, ташқи чегараларни яхшироқ ҳимоя қилиш учун керак бўладиган чоралар мажмуасини таклиф қилишган. Улар вазият талаб этган ҳолда мамлакат илтимосисиз воқеа жойига жўнатиш мумкин бўлган Европа чегара ва соҳилларни муҳофаза қилиш агентлигини тузишга чақиришган.

Брюссель Афинани “Фронтекс” кучларини жалб қилишга чақириб, акс ҳолда мамлакат Шенген зонасидан чиқариб юборилиши мумкинлигини айтиб келади. Греция Бош вазири Алексис Ципрас мамлакатда “Фронтекс” чегарачиларини қисман сафарбар қилишга рози бўлди холос. Сўл қанот сиёсатчи бўлмиш Ципрас Европа Иттифоқи билан Греция давлат қарзи билан боғлиқ бўҳрон юзасидан тортишиб келади. Ўрта денгиз орқали сузиб ўтаётган мигрантлар учун яна бир муҳим бошланғич нуқта ҳисобланган Италия ҳам Европа Иттифоқининг чегараларни мустаҳкамлашга қаратилган чақириқларига шубҳа билан қарайди.

Франция ички ишлар вазири Бернар Казнев 20 ноябрь куни Европа Иттифоқи мамлакатларининг ички ишлар ҳамда адлия вазирларига Шенген зонасига кираётган ҳар бир шахсни мунтазам равишда текшириш имконини яратувчи таклиф лойиҳасини ишлаб чиқиш буюрилганини айтди.

Аммо муросага эришиш осон бўлмагани учун аъзо мамлакатлар 2016 йилда мустақил равишда сиёсий қарорларни қабул қилишни маъқул кўриши мумкин.

“Биз... ташқи ишлар ҳамда хавфсизлик сиёсати тобора мамлакатларга қайтаётганини кузатяпмиз”, дейди Демпси. “Сўнгги йилларда бу жараён шундоқ ҳам содир бўлаётган эди, энди у янада жадаллашади. Менимча, шунча кўп масала бўйича Европа Иттифоқи ичида умумий келишувга эришиш истиқболи кейинги йилда яхшиланмайди, аксинча, ёмонлашади”.

Ўнгчи гуруҳларнинг кучайиши

Европа Иттифоқининг суст эканлиги ҳақидаги қарашлар ва миграцияга қарши кайфиятлар кучайиши билан биргаликда ксенофоб, фашист ва бошқа радикал ўнгчи гуруҳлар Европа бўйлаб фаоллашмоқда. 2016 йилда бу ҳолатнинг янада кескинлашишини кутиш мумкин.

Париж ҳужумларидан кейин Франциянинг радикал ўнгчи “Миллий фронт” партияси 6 декабрь куни ўтказилган ҳудудий сайловларнинг биринчи босқичида мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Партия Франциянинг 13 округининг ярмида биринчиликни қўлга киритди. Аммо иккинчи босқич сайловда миллатчи партия мағлубиятга учради ва бирорта округда ғалаба қозонмади. Мутахассислар буни “Социалистлар партияси”нинг айрим пойгалардан чиқишга қарор қилгани ва ўнг қанот ғалаба қозонишига йўл қўймаслик умиди билан партия тарафдорларини консерватив номзодларни қўллашга чақиргани билан изоҳладилар.

Франциядаги радикал ўнгчи кучлар бўйича мутахассис Жан-Ив Камю Европанинг ультра ўнгчи партиялари Европага келаётган шахсларни “қочқин ёки мигрант эмас, балки босқинчилар” сифатида тасвирлаётганини айтади. Камю мигрантларнинг асосий қисми мусулмон бўлгани сабаб радикал ўнг қанот тарафдорлари муҳожирларни Европанинг насроний анъаналарига қарши жиҳод олиб бораётгандек қилиб кўрсатаётганини қўшимча қилди.

Ҳатто толерантлик маркази ҳисобланган Скандинавияда ҳам радикал ўнгчи гуруҳлар оёққа турмоқда. Швецияда 1980 йилларда оқ ирқчи гуруҳ сифатида ташкил этилган радикал “Швеция демократлари” партияси кейинги пайтларда ўтказилган сўровларга кўра, аста-секинлик билан ўз хайрихоҳлари сафини кенгайтирмоқда. Расмий ҳисобларга кўра, 10 миллион аҳолига эга мамлакатга бу йил 190 мингга яқин мигрант келиши мумкин. Қўшни Норвегиянинг сахий ижтимоий дастурлари қийинчиликларга дучор бўлаётгани сабаб ҳукумат ноябрь ойида мамлакатда бошпана бериш тизими “Европа Иттифоқи минимумига” ўтказилишини эълон қилди. Ҳукуматнинг бу сиёсати у ердаги эсктремистларнинг таъсирини озайтириши мумкин.

Швеция мисолида радикал ўнгчи гуруҳларнинг янги ҳамлалари ҳақидаги хавотирлар ҳукуматларни номаъқбул сиёсат қабул қилишга мажбурлаши мумкинлигини кўриш мумкин. Венгрияда Орбаннинг “Фидес” партияси одатда анъанавий ўнгчи сиёсатни тарғиб қилади, аммо “Йоббик” эктреместик партияси ўзиб кетиши олдини олиш учун бош вазир партияси ўнг қанот томон янада силжиди. Орбаннинг Венгриядаги давомли муваффақияти Польшанинг “Қонун ва адолат партияси”ни илҳомлантирган бўлиши мумкин. Саккиз йил мухолифатда бўлган “Қонун ва адолат партияси” ноябрь ойида ҳукумат тепасига келди.

Таҳличи Иван Крастев 11 декабрь куни The New York Times газетасида чоп этилган мақоласида Польшадаги “Қонун ва адолат партияси”нинг ғалабасини популист ва радикал партиялар етакчи партияларнинг хафсаласи пир бўлган аъзоларини жалб қилиш орқали куч тўплаётгани билан изоҳлаш мумкинлиги, бу ҳол Европа Иттифоқи келажагига ўта салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ёзди. “Бундай партияларнинг ўсиши Европа сиёсатида роль ўйнаётган ва хавф остида қолаётган етакчи партияларнинг барбод бўлаётганидан дарак беради”, дея ёзди Крастев. Таҳлилчи борган сари кўпроқ мамлакатлар “Европа Иттифоқини айблаб, лекин барибир миллиардлаб евро ёрдам олишнинг Орбан моделини” танласа, бир кун келиб “айбларни ағдаришга Европа Иттифоқининг ўзи қолмаслигини” айтди.

Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши

Кучаяётган ўнгчи гуруҳлар, жумладан, Европа Иттифоқига ишончсизлик билан қаровчи “Бирлашган Қироллик мустақиллиги партияси”нинг таъсири остида Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон 2015 йил май ойидаги сайловда Консерватив партия ғалабасини таъминлаш учун Европа Иттифоқига аъзолик юзасидан референдум ўтказишни ваъда қилди. Буюк Британия 18 мамлакатни ўз ичига олувчи евроҳудуд валюта блокига аъзо эмас. Аммо мамлакат Европадаги иккинчи энг йирик иқтисод бўлиб, унинг чиқиб кетиши Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулотини тахминан 15 фоизга қисқартириб юбориши мумкин. Кэмерон Британиянинг иттифоқ аъзоси бўлиб қолишини истайди, ҳамда Лондон мустақил тарзда қарор бера олиши имконига эга бўлиш учун Брюссель билан янги шартномалар имзолашни ваъда қилиб келади. Европа Иттифоқи расмийлари эса бундай йўл тутиш бошқа аъзо мамлакатларни ҳам кўпроқ мухторият талаб қилишга ундашидан хавотирда. Референдум учун ҳали аниқ сана белгилангани йўқ. Уни 2017 йилга ёки ундан ҳам кейинга қолдиришлари мумкин. Шундай бўлса-да, 2016 йилда Европа Иттифоқини Британиянинг чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар тарк этмайди.

Россия

Москва билан алоқалар Европа Иттифоқини парчалаётган бўлмаса-да, блок ичида келишмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Европа Иттифоқи АҚШ билан биргаликда Россия 2014 йилнинг март ойида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ортидан ва айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатга санкциялар жорий қилган. 2014 йилнинг апрель ойидан бери россияпараст айирмачилар ва Киев ўртасидаги қуролли можаро оқибатида 9 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди. Европа Иттифоқи санкцияларининг аксари 2016 йилнинг январь ойи охиригача жорий қилинган. Бу санкцияларнинг ундан кейинги келажаги ҳозирча номаълум.

9 декабрь куни санкцияларни 31 июлгача узайтириш бўйича овоз бериш режалари Италиянинг бу масалани батафсил муҳокама қилиш чақирувлари туфайли амалга ошмади. Италиянинг бу кутилмаган қадами Владимир Путин билан муносабат қилишда Европа Иттифоқи ичидаги келишмовчиликларни кўрсатди. Шундай бўлса-да, пировардида санкцияларни узайтиришга қарор қилиниши кутилмоқда. Энергия воситларининг жаҳон бозорида арзонлаб кетгани ва жорий қилинган санкциялар Россияга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Аммо улар Европага ҳам зиён келтирмоқда. Германияда чиқадиган Die Welt газетасига кўра, Россияга қарши санкциялар келажакда Европанинг 114 миллиард доллар зарар кўриши ва 2 миллион иш ўрни йўқотишига сабаб бўлиши мумкин.

Аммо санкциялар Москва ва Ғарбий Европа ўртасидаги бизнес алоқаларни бутунлай тўхтатгани йўқ. Сентябрь ойида бир гуруҳ Европа ширкатлари Россиянинг “Газпром” давлат ширкати билан Украинани четлаб ўтиб, Германияга газ элтувчи “Шимолий оқим” газ қувурини кенгайтириш бўйича келишув имзолади. Келишувдан ҳайратга тушган марказий ва шарқий Европадаги ўнга яқин мамлакат ноябрь ойида Россиянинг бу режалари Европа Иттифоқи манфаатларига зид эканлиги ҳамда Украинани янада беқарорлаштириши мумкинлиги борасидаги қўшма баёнотни имзолади.

Аммо Париж ҳужумлари ортидан “Исломий давлат” жангарилари билан курашишга ҳамда Суриядаги бўҳронни ҳал қилишга кўпроқ эътибор берилиши айрим Европа Иттифоқи мамлакатлари, хусусан, Болтиқ бўйи мамлакатлари каби аъзо мамлактлар яқин орада Кремль билан алоқалар тикланиши ҳақида хавотир олишига сабаб бўлмоқда. Халқаро ва стратегик алоқалар институтининг мутахассиси Филипп Миго Польшанинг PAP хабар агентлигига ноябрь ойида берган интервьюсида ҳозирги халқаро алоқалар “беадаблик”дан иборат эканини таъкидлаган эди.

“Ҳозир Украинада нима бўлаётгани биз учун энг муҳим масала эмас. Биз учун энг муҳим масала Парижда ҳалок бўлган 130 қурбондир”, дейди таҳлилчи. Ҳақиқий сиёсат муҳим аҳамият касб эта бошлар экан, Киевдаги расмийлар Украина муаммолари Европа Иттифоқининг кун тартибида устуворликни сақлаб қолиши учун курашишга мажбур бўладилар.

XS
SM
MD
LG