Линклар

АҚШ: Эрон 11 тонна кам тўйинтирилган уранни Россияга жўнатди


Вашингтон расмийларига кўра, бортида 11 минг килограмм кам тўйинтирилган уран бўлган кема Эрондан чиқиб, Россияга йўл олган. Бу дунёнинг етакчи давлатлари билан келишув шартларини бажариш бўйича Теҳрон томонидан қўйилган энг катта қадам экани айтилмоқда.

Бу ҳақда сўзлаган АҚШ Давлат котиби Жон Керри мазкур юк 20 фоизгача тўйинтирилган, бироқ тадқиқот реактори учун ёнилғига айлантирилмаган ядровий материаллардан иборатлигини айтди.

Шу йил 14 июлида тузилган шартномага кўра, Эрон мамлакатда реакторлар учун керак бўлган 300 килограммча уранни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга. Бу Теҳрон томонидан олинган асосий мажбуриятдир. Шунингдек, Эрон центрифугалар сонини сезиларли даражада қисқартириши ва ишлаб чиқарилаётган плутоний ҳажмини камайтириш учун реакторни модификация қилиши лозим.

Бундан ташқари, Теҳрон ўзидаги 20 фоизгача тўйинтирилган уран заҳираларини экспорт қилиш мажбуриятини зиммасига олган. Бу мажбуриятлар бажарилиши эвазига жаҳон ҳамжамияти Эронга нисбатан жорий этилган иқтисодий санкцияларнинг қарийб барчаси бекор қилишга ваъда берган. Эрон ўз ядровий дастури ҳеч қачон ядро қуроли ишлаб чиқаришга қаратилмаганини иддао қилиб келади.

XS
SM
MD
LG