Линклар

Британ нашри Россия президенти Толибон раҳбари билан кўришгани ҳақида ёзмоқда


Толибон лидери мулла Ахтар Мансур.

Толибон лидери мулла Ахтар Мансур.

Россия президенти Владимир Путин Толибон ҳаракати раҳбари мулла Ахтар Мансур билан кўришиб, дастак ваъда қилган. Бу ҳақда Британиянинг The Sunday Times газетаси Толибоннинг мазкур учрашувда иштирок этган дала қўмондонларидан бири сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Нашрнинг ёзишича, Путин сентябрь ойида Тожикистондаги ҳарбий базада Толибон лидери билан учрашув ўтказган. Россия президенти минтақада кучайиб бораётган “Исломий давлат” террор гуруҳига қарши куч сифатида Толибонга кўмаклашишга ваъда берган.

Газетанинг исми ошкор қилинмаётган манбасига кўра, Ахтар Мансур Россия томонидан қандай ёрдам бўлиши мумкинлигини муҳокама қилмоқчи бўлган, Путин эса толибларга Москва мақсадига мувофиқ бўлган ҳамкорлик эвазига Россияда ишлаб чиқарилган замонавий қурол-аслаҳа ва молиявий ёрдам ваъда қилган.

The Sunday Times газетаси ушбу учрашув борасида Россия расмийларига ҳам мурожаат қилган, бироқ исми кўрсатилмаган Кремль вакили Путиннинг Ахтар Мансур билан учрашганига оид гаплар асоссизлигини айтган.

Путин сентябрь ойи ўрталарида террорчиликка қарши курашга бағишланиб Душанбеда ўтказилган Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти саммитида иштирок этганди.

XS
SM
MD
LG