Линклар

logo-print

Туркманистон-2015: Арқадағнинг олтин ҳайкали, от учун расмий дафн маросими, Гиннес китобига кирган хониш


Ашхободда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга қўйилган ҳайкал.

Ашхободда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга қўйилган ҳайкал.

2015 йили Туркманистон пойтахтида мамлакат президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг тилла суви югуртирилган ҳайкали очилди, Бердимуҳаммедов ёзгани айтилаётган ва 4000 дан зиёд ашулачи жўровоз бўлиб куйлаган қўшиқ Гиннес китобига киритилди, Бердимуҳаммедовнинг Ахалтака отларини сақлаш ва кўмишга оид фармони кучга кирди.

Йил бошланди – манат қадрсизланди

2015 йил Туркманистонда миллий валюта бўлмиш манатнинг қадрсизланиши билан бошлади. Сўнгги беш йил мобайнида 2 манату 85 тангадан сотилган 1 АҚШ доллари янги йилнинг 1 январидан 3,5 манатга чиқиб олди. Шу тариқа манат девальвацияси 18 фоиздан ошиқроқни ташкил қилди.

Айни пайтда Туркманистонда кўпгина маҳсулотлар, хусусан, Марказий Осиё минтақасида энг арзон бўлган бензин нархи 60 фоизга қимматлади.

Ҳукумат нархлар ўзгариши юзасидан ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

Антенналарга ҳужум

Ашхободдаги уйлардан биридаги антенналар.

Ашхободдаги уйлардан биридаги антенналар.

Апрель ойида Ашхобод расмийлари сунъий йўлдош антенналарига қарши уруш очдилар. Туркманистон пойтахти ташқи кўринишини бузаётгани иддаоси билан расмийлар антенналарни олиб ташлаш талаби аҳоли орасида норозилик кайфиятини уйғотди.

Мухолифатчилар Қурбонқули Бердимуҳаммедов режими Туркманистон аҳолисини ҳозирда фақат сунъий йўлдош орқалигина уланиш мумкин бўлган юзлаб мустақил оммавий ахборот воситалари ёйинидан бебаҳра қолдирмоқчи экани ҳақида бонг ура бошлади.

Янги ҳоқон учун яп-янги ҳайкал

Май ойи охирида Ашхободда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовга ҳайкал ўрнатилди. Ҳайкалнинг очилиш маросимида Арқадағ деб улуғланувчи Бердимуҳаммедовнинг ўзи ҳам қатнашди.

Бердимуҳаммедов ҳайкали очилишида минглаб одам қатнашгани айтилади.

Бердимуҳаммедов ҳайкали очилишида минглаб одам қатнашгани айтилади.

Олтин суви югуртирилган ҳайкал 21 метр баландликда бўлиб, у “Аркадағ монументи” деб номланган. Унда от минган президент Бердимуҳаммедов миллий кийимда, ўнг қўлини юқорига кўтариб турган ҳолатда тасвирланган.

Президентнинг эътирозига қарамай, “аҳоли илтимосига мувофиқ” ўрнатилгани иддао қилинган ҳайкалнинг бош ташаббусчиси туркман парламенти бўлди.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов Туркманистонни 2007 йилдан бери бошқариб келади. Бунга қадар Туркманистонни бошқарган Сапармурод Ниёзовнинг ҳайкаллари ҳам у ҳали тирик бўлган вақтда ўрнатилган эди. Ниёзов "туркманбоши" сифати билан улуғланар эди.

Бор, товоғим – кел, товоғим

Октябрь ойи бошида Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов Ўзбекистонга сафар қилди.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан.

8 октябрь куни Тошкентда учрашган Ислом Каримов ва Қурбонқули Бердимуҳамедов “мамлакатларимиз трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш масаласида ҳам муштарак позицияга эга”, дея қайд этишди. Икки президент сув-энергия соҳасига доир масалалар халқаро ҳуқуқ принципларига асосан, минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олган ҳолда ва халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши лозим, дея баён қилишди.

Ўзбекистон Тожикистонда Роғун ГЭСи ва Қирғизистонда Қамбарота ГЭСи қурилишига қарши чиқиб келади. Тошкент расмийларига кўра, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши дарёлар табиий оқимини бузиб, Марказий Осиёда сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлиги учун жиддий муаммо келтириб чиқариши мумкин. Тошкент сафари чоғида Бердимуҳаммедов бу борада Ўзбекистон президенти билан ҳамфикр эканини намойиш қилди.

Декабрь ойида эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Туркманистонга сафар қилди.

Маълумотларга кўра, ташриф давомида Каримов туркманистонлик ҳамкасби Бердимуҳаммедов билан икки тарафлама алоқаларни ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.

Гиннесни қойил қилган қўшиқ

Туркманистон президенти қаламига мансуб экани иддао қилинадиган “Олға, фақат олға, менинг суюкли юртим - Туркманистоним” қўшиғи энг кўп ашулачи жўр бўлиб айтган қўшиқ сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди.

Гиннес рекордлар китобига киритилган қўшиқ ўтов шаклидаги шу бино ичида ижро этилган.

Гиннес рекордлар китобига киритилган қўшиқ ўтов шаклидаги шу бино ичида ижро этилган.

Мазкур қўшиқ 27 октябрь куни Туркманистоннинг Мари шаҳрида кенглиги 70 метр, баландлиги 35 метр бўлган туркман ўтови шаклидаги улкан концерт залида 4166 ашулачи тарафидан ижро этилди. Залга йиғилган томошабинлар ҳам тик оёқда қўшиққа жўр бўлди.

Қўшиқчилар билан бирга бу қўшиқни саҳнада ўрнатилган монитордан Туркманистон президентининг ўзи ҳам куйлади.

От дафни ҳақидаги фармон

Ноябрь ойида Туркманистон президенти Ахалтака отига берилган номни ўзгартиришни ман қилувчи фармон имзолади. Фармонга мувофиқ, ҳар бир отнинг номи туғилганида шажара дафтарида қайд этилганидек қолиши шарт. Туркманистон ҳукумати эса Туркманистон миллий рамзи ҳисобланмиш отларнинг генеалогик қайдларини сақлаб боради.

Фармонда ҳар бир Ахалтака оти муносиб равишда кўмилиши кераклиги, ҳеч бўлмаса, от маҳаллий расмийлар томонидан белгиланган махсус жойда ва отнинг ўлимини рўйхатга олувчи расмий иштирокида кўмилиши зарурлиги қайд этиб қўйилган.

Талон бўлса, чангалда доллар

Декабрь ойида Туркманистон пойтахтида аҳоли томонидан хориж валютаси сотиб олиниши бўйича янги тартиб-қоида жорий этилди. Эндиликда ашхободликлар хориж валютасини сотиб олиш ҳуқуқини берувчи махсус талон олиш учун банк олдида 21-22 соатлаб навбат кутишга мажбур бўлмоқдалар.

Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар қилишича, ашхободликларга берилаётган талонларда доллар сотиб олиш учун қачон ва қаерга келиш лозимлиги кўрсатиб қўйилган. Бундай талонни қўлга киритган кишилар белгиланган соатда белгиланган банк филиали олдида ҳозир бўлиши лозим. Акс ҳолда, улар валюта сотиб ололмайди.

Ҳозир Туркманистонда АҚШ доллари ва евро банкларнинг бош идораларида жойлашган валюта айирбошлаш шахобчаларида ҳам сотилмаяпти.

Миллий валюта янада қадрсизланиши мумкинлигини тахмин қилган туркманистонликлар шу кунда банкларда 3,5 манатдан сотилаётган АҚШ долларини имкон қадар кўпроқ сотиб олишга уринмоқдалар.

XS
SM
MD
LG