Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:06

Ўзбекистонда 30 нафар хорижлик журналист бор, холос


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги

29 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган рўйхатдан республикада хорижий оммавий ахборот воситаларининг атиги 30 нафар мухбири аккредитация қилингани маълум бўлди. Чет эллик журналистларнинг аксарияти Хитойдан – улар рўйхатнинг деярли ярмини эгаллаган.

Чет эл мухбирлари орасида кўпчиликни Хитой Халқ Республикаси вакиллари ташкил этаётгани эътиборга молик. 14 мухбир Хитойнинг бешта ахборот воситаси – Хитой Марказий телевидениеси, Шинжон телевидениеси, “Вэньвэйбао” газетаси, “Цзинцзи Жибао” газетаси ва “Синьхуа” ахборот агентлиги номидан Ўзбекистонда вакиллик қилади.

Хитой ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикасида бунчалик кўплигини Пекиннинг Тошкентга бўлган қизиқиши юқори даражада экани билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва ишлашга рухсат олган БЕШТА хориж мухбирлик пункти (бюролари) ва ваколатхоналари борлиги кўрсатилган сайтда (бу маълумотлар 2015 йилнинг 2 апрелидан буён янгиланмаган)

Сайтда келтирилган рўйхатдан Ўзбекистонда фаолияти тақиқланмаган яна 8 давлат мухбири борлигини кўриш мумкин.

Булар қаторида Ўзбекистон билан муносабатларини яхши деб бўлмайдиган Туркиянинг “Жиҳан” ва “Анадолу” ахборот агентликлари ҳамда “TRT” телерадиокомпаниясининг биттадан мухбири; Россиядан “Интерфакс” ва “Россия сегодня” ахборот агентликларининг биттадан мухбири; Буюк Британиянинг “Рейтер” ва “Би-Би-Си” мухбирлари бор. Ўзбекистонда Афғонистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Покистон ва Эрондан ҳам биттадан мухбир борлиги маълум қилинди.

Айни пайтда, Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида Ўзбекистон томонидан атиги бир нашр – “Мир новостей - Узбекистан” аккредитациядан ўтказилганини кўриш мумкин. Қиёслаш учун, Россияда аккредитация қилинган бюро ва мухбирлик пунктлари сони 318 тани ташкил этади.

Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан (2005, 13 май) кейин кўплаб хорижий ахборот воситаларига фаолият юритиш тақиқланган эди.

XS
SM
MD
LG