Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:35

Душанбе тожик мухолифатчисини анжуманга чақирган Теҳронга норозилик билдирди


ТИУП лидери Муҳиддин Кабирий Эрон руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий билан, Теҳрон, 2015 йил 30 декабри.
ТИУП лидери Муҳиддин Кабирий Эрон руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий билан, Теҳрон, 2015 йил 30 декабри.

Тожикистонда экстремистик деб топилган Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирийнинг Эрондаги конференцияга чақирилиши расмий Душанбеда норозилик кайфиятини уйғотди. Бу норозилик ифодаси ўлароқ тожик расмийлари Эрон элчисига нота топширдилар.

29 декабрь куни Эроннинг Тожикистондаги элчиси Ҳужжатулло Фиғоний Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг оммавий ахборот воситалари учун тарқатилган баёнотида Эрон элчиси билан учрашувда икки кун муқаддам Теҳронда ўтган конференция масаласи муҳокама қилингани ва дипломатга норозилик нотаси топширилгани айтилади.

“Вазирлик конференцияга экстремистик ва террористик бўлган Ислом уйғониш партияси собиқ раиси Муҳиддин Кабирий таклиф қилинганини таассуф билан қайд этади. Кабирийга нисбатан Тожикистонда давлат тўнтариши амалга оширишга ва конституциявий тузумни эгаллаб олишга уринганлик бўйича жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги пайтда у Интерпол тизими орқали қидирувга берилган”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги нотасида.

Конференция ташкилотчиларининг бу хатти-ҳаракатини “номақбул” дея баҳолаган тожик дипломатлари “Тожикистон давлати ва миллатига душман бўлганларга нисбатан бу каби муносабат Тожикистон республикаси ва Эрон Ислом республикаси ўртасидаги яхши алоқаларга путур етказиши мумкин”, дея билдирган.

27 декабрь куни Теҳронда бўлиб ўтган ва “Ислом дунёси олдида турган хатарлар” дея номланган конференцияга Муҳиддин Кабирийнинг иштирок этгани юзасидан аввалроқ Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари қўмитаси ҳам норозилик билдириб чиққанди.

Қўмита масъули Абдуғаффор Юсуповга кўра, мазкур конференцияда “террорчи Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирийнинг иштирок этиши Дин ишлари қўмитасида ташвиш уйғотган”.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий шу йил март ойида ўтказилмиш парламент сайловидан кейин ватанини тарк этган ва айни пайтда Ғарб мамлакатларидан бирида истиқомат қилмоқда.

Тожик расмийлари Кабирийни сентябрь ойида Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларида генерал Назарзода бошчилигида амалга оширилган ҳужумларга бевосита алоқадорлигини иддао қилиб келади.

29 сентябрь куни Тожикистон Олий суди Ислом уйғониш партиясини террорчи ташкилот деб эълон қилган ва партиянинг мамлакатда фаолият юритишини тақиқлаган. Бу орада партиянинг 23 фаоли террорчиликда айбланиб, қўлга олинган. Кабирий эса халқаро қидирувга берилган.

Дин ишлари қўмитаси масъули Абдуғаффор Юсупов фикрича, халқаро қидирувда бўлган одамнинг Эрон томонидан юқори даражадаги конференцияга таклиф этилиши кўплаб жавобсиз саволларни пайдо қилмоқда.

Эронликлар мезбонлик қилган ва президент Ҳасан Руҳоний ҳам қатнашган Теҳрондаги конференцияда Тожикистон расмийлари, хусусан, ҳукумат қошидаги Дин ишлари қўмитаси раҳбари Сулаймон Давлатзода, Исломшунослик маркази директори Файзулло Баротзода ва Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзодалар ҳам иштирок этганлар.

XS
SM
MD
LG