Линклар

2015 да Путин юзи бироз ёруғ бўлди, лекин Россия олдида ҳали муаммо кўп


Украин рассоми Юрий Нерослик чизган плакат.

Украин рассоми Юрий Нерослик чизган плакат.

2014 йилнинг декабрида АҚШ президенти Барак Обама Вашингтонда бир гуруҳ америкалик ишбилармонлар олдида чиқиш қилар экан, Россияни танқид қилди. Обама Президент Владимир Путиннинг Украинадаги аралашуви ва “ортга тортувчи сиёсати“ халқаро миқёсда Россияни бутунлай яккалатиб қўймоқда”, деди.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ва Киев кучлари билан Россия дастаклаётган айирмачилар ўртасида юзага келган қонли тўқнашувлар ортидан Путин халқаро миқёсда яккаланиб қолди. Аммо 2015 йилда Россия президенти Суриядаги ҳарбий аралашуви ҳамда Париждаги террор ҳужумлари ортидан аксилтеррор коалиция тузишга доир чақириқлари сабабли ўз обрўсини бироз қайта тиклагандай бўлди.

Маркази Берлинда бўлган “Марказий ва Шарқий Европа, Россия ҳамда Марказий Осиё бўйича Роберт Бош маркази”нинг ходими Стефан Меистер: “Путиннинг [2015 йилдаги] асосий ютуғи унинг қайтиб келгани, ҳозир сўзлашишимиз лозим бўлган шахс сифатида, ҳатто Украина бўҳронидан бошқа бўҳронларни ҳал қилишда бизга ёрдам бериши мумкин бўлган одам сифатида оз-моз тан олинганидир”, деди.

Лекин Путиннинг Россия Суриядаги фуқаролар урушини тўхтатишда ҳал қилувчи роль ўйнашига ҳамда терроризмга қарши умумий курашнинг лидери бўлишга эришишга қаратилган ҳаракатлари айрим муаоммоларни келтириб чиқаради.

Путин 30 сентябрь куни Сурия ҳукумати кучларини қўллаш учун унинг рақибларига, жумладан, “Исломий давлат” жангариларига ҳамда мўътадил исёнчи гуруҳларга қарши бошлаган ҳаво ҳужумлари аллақачон Ғарб мамлакатлари ҳамда Форс кўрфазидаги араб давлатлари ғазабини келтирди. Бу мамлакатлар Россия асосан ўз ҳамкори бўлмиш президент Башар ал-Ассадни қўллаш учун ҳаво амалиётини бошлаганини айтиб келадилар.

Суриядаги ҳаво амалиёти Россиянинг шусиз ҳам оқсоқланаётган иқтисодининг молиявий ресурсларини озайтириши, мамлакатдаги кўп сонли суннийларда адоват туғдириши ҳамда Россияда террор хавфини ошириши мумкин. 24 ноябрь куни Сурия-Туркия чегарасида Россияга тегишли СУ 24 самолёти турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилиши каби кутилмаган ҳодисалар Анқара ва Москва ўртасида келиб чиққан жанжал каби геосиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Путин 2015 йил бошига солиштирганда ҳозир озроқ яккаланган бўлса-да, Россия халқи кўпроқ ажралиб қолган. Путин Мисрнинг Синай ярим оролида Россияга қарашли йўловчи самолёт уриб туширилганидан сўнг Қизил денгизга борувчи рейсларни ман қилди. “Исломий давлат” жангарилари самолётнинг уриб туширилиши Москванинг Суриядаги амалиётларига жавоб эканлигини таъкидлашди. Президент кейинроқ россиялик сайёҳларга Туркияга йўлланма сотишни ман қилди.

Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари АҚШ ёки Европа Иттифоқини Москванинг Украинадаги аралашуви сабаб жорий қилинган санкцияларни бекор қилишга ундаши амри маҳол. Европа Иттифоқи 21 декабрь куни Россияга қарши санкцияларни 2016 йилнинг июлигача узайтирди. Унинг эртаси Вашингтон ўттиздан ошиқ киши ва ширкатни ўзининг санкциялар рўйхатига киритди.

Обама маъмурияти Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича бош директори Селест Уолландер Озодлик радиосига яқинда берган интервьюсида: “Ҳеч қандай компромисс йўқ бу ерда, Россия Сурияда террорга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик қилиш орқали бизнинг Украина бўйича аниқ сиёсатимизни ўзгартира олмайди”, деди.

Нью-Йорк университети профессори, Россия хавфсизлик хизматлари бўйича мутахассис Марк Галеотти Путиннинг Суриядаги фаол амалиётлари Яқин Шарқ сиёсати бўйича музокараларга Россияни қайта олиб кирганини, “бошқаларга Россия аҳамиятга эга эканлигини” кўрсатаётганини, Россияда эса ҳукуматни “легитимлаштиришга катта таъсир кўрсатаётганини” айтди.

Озодлик билан суҳбатда Галеотти: “Ҳозиргача – буни деразадан сакраб, ерга қулаб тушгунича ўзини яхши эканлигини айтадиган одамга ўхшатиш мумкин – ҳозиргача бу [амалиётлар] [Путин] хоҳлаган ишларни муваффақият билан амалга ошириб келмоқда”, деди.

Галеотти Путиннинг 2015 йилдаги ташқи ишлар сиёсати “2014 йилнинг оқибатлари устида ишлашдан” иборат бўлганини қўшимча қилди.

“Асосий масала иқтисодий санкциялар ва улар билан боғлиқ ўсиб бораётган яккаланиб қолиш ҳамда бу иккисини қайтаришга уринишдан иборат бўлди. Буни Сурия саргузашти мисолида очиқ-ойдин кўрдик”, деди Галеотти.

Путин Сурия бўҳрони ҳамда “Исломий давлат” жавобгарликни ўз бўйнига олган икки террор ҳужуми – 130 одам ҳаётига зомин бўлган Париж ҳужуми ҳамда 224 киши ўлимига сабаб бўлган Россия самолётининг Мисрда уриб туширилиши – ёрдамида ўзининг дипломатик мағрурлигини кўрсатди.

Халқаро миқёсда Путин учун 2014 ва 2015 йил ўртасидаги энг муҳим фарқлардан бири G20 саммитида унга кўрсатилган муносабат бўлди.

Путин қаттиқ танқидларга учрагани учун 2014 йилги G20 саммитини эрта тарк этди. Австралия Бош вазири Тони Аббот 2014 йилнинг июлида шарқий Украинада Malaysia Airlines ширкатининг MH17 рейси уриб туширилгани сабаб Путинни “ёқалашини” айтди. Киев ва Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари MH17 ҳалокати ортида Россия дастаклаётган айирмачилар туришини айтиб келади.

Канада бош вазири Стивен Харпер Путинга: “Сиз билан қўл бериб кўришаман, лекин сизга айтадиган бир гапим бор холос: Украинадан чиқиб кетишингиз керак”, деди.

2015 йилнинг ноябрь ойида Анталияда бўлиб ўтган G20 саммитида бу каби муомала кузатилмади. Бу сафар Путин Обама билан ўтириб суҳбатлашди. Россия президенти яна бир неча давлат етакчиси билан учрашди. Бу саммитда Россия ва Ғарб Суриядаги фуқаровий урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш йўлида озгина илгари силжиди.

АҚШ ташқи ишлар вазири Жон Керри Путин билан май ойида Сочи шаҳрида ва декабрь ойида Москвада учрашди. Май ойидаги учрашув Украина шарқида 9 мингдан ошиқ одам умрига зомин бўлган можаро бошланганидан кейин Керрининг Россияга қилган илк ташрифи бўлди. Франция президенти Франсуа Олланд Париж ҳужумларидан кейин Москвага ташриф буюрди ҳамда Сурияда “Исломий давлат”ни енгиш учун Москва ва Вашингтонни кўпроқ ҳамкорлик қилишга чақирди.

“Париж ҳужумларидан кейин Олланднинг дарров Москвага келганини, учрашув давомидаги ижобий гапларни кўриб чиқадиган бўлсак, Путин дунёда Путин Россиясидан кўра ёмонроқ нарсалар борлигини, Россияни четлаштириш муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини ва бундай қилиш муҳим асбобни нари суриб қўяётганини кўрсата олганини кузатамиз”, деди Галеотти.

Керрининг навбатдаги Москва ташрифидан олдин Уолландер АҚШ 2015 йилда Россия билан Сурия бўйича кўпроқ ҳамкорлик қилаётганини Обама маъмуриятининг Москва билан олиб бораётган икки табақали сиёсатининг бир бўлаги ўлароқ таърифлади. Уолландер Россия “Президент Путин Украинадаги ҳаракатлари сабаб Россия бошига тушган яккаланишдан” бутунлай чиқиб кетмаганини қўшимча қилди.

“Россия ҳозир Суриядаги фуқаровий урушда тўғридан-тўғри ҳарбий амалиётлар воситасида фаолроқ иштирок этмоқда. Аммо Россия глобал аҳамиятга эга масалаларда ҳар доим иштирок этган. ... Глобал ва миллий хавфсизликка доир масалалар бўйича ҳар доим Россияни ажратиш сиёсатимизга истисно киритганмиз”, деди Уолландер.

Мазкур ойда Керри Путин билан учрашганидан кейин ундан Россиянинг ажралиб қолгани ҳақида Обама бир йил аввал айтган шарҳлар ҳақида сўрашди. Бунга жавобан дипломат: “Бизда Россияни ажратиб қўйиш сиёсатини олиб бориш ниятимиз йўқ”, деди.

“Ўша пайтда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида фикр билдиришга ҳаракат қилинган. Лекин биз ҳар доим Россия ва АҚШ ҳамкорлик қилса, бирга фаолият юритса, дунё учун яхши бўлишини айтиб келганмиз”, деди Керри.

Россияда эса Украинадаги конфликт ортидан юзага келган аксилғарб кайфият янги йилда йўқ бўлмайди.

Озодлик билан суҳбатда Галеотти 2016 йилнинг сентябрь ойида Думанинг қуйи палатасига сайловлар ўтказилиши белгилангани сабаб янги йилда Россия сиёсатчилари миллатчи реторикага берилишини айтди.

Аммо Галеотти Кремль янги йилда ўзини шарқий Украинадаги муоммони келтириб чиқарган “улкан хатодан” озод қилишга ҳаракат қилишини қўшимча қилди. “Менимча, бу йил алоқаларни тиклаш, айрим санкциялар бекор қилинишига эришиш учун курашиш йили бўлади”, деди у.

“Марказий ва Шарқий Европа, Россия ҳамда Марказий Осиё бўйича Роберт Бош маркази”нинг ходими Меистер Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ҳам кейинги йилда сайловлар ўтказишни режалаштирар экан, Путин популист ҳаракатлар босими остида унинг тангликни озайтиришга қаратилган чақириқларига қулоқ соладиганлар ҳокимиятга келишига умид қилиши мумкинлигини айтди.

“Менимча бу Путин Украина ва бошқа собиқ совет мамлакатларида кўпроқ муваффақиятга эришишига йўл очиб беради. Ўйлайманки, янги йил Путин учун янада муваффақиятлироқ йил бўлиши мумкин”, деди Меистер.

Аммо Россияни янада қаттиқроқ жазолашга чақираётганлар ҳам йўқ эмас. Бир неча Европа Иттифоқи мамлакати Россиянинг “Шимолий оқим 2” газ қувурини ётқизиш режасига қарши чиқмоқда. Бу мамлакатлар мазкур лойиҳа Москвага энергия маҳсулотлари ёрдамида янада каттароқ таъсир кўрсатиш имконини беришини, Европа Иттифоқи бирлигига путур етказиши мумкинлигини таъкидламоқдалар. Туркия билан алоқаларнинг совуб кетгани эса Россиянинг энергия маҳсулотларини Европага эскпорт қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда.

Бундан ташқари, Россиянинг Суриядаги ҳаво амалиётлари оддий фуқаролар ўлимига сабаб бўлаётгани учун Путин тобора кўпроқ танқид қилинмоқда. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейинги йилларда Москва камдан-кам хорижда оддий фуқаролар ўлимига сабаб бўлишда айбланган эди.

Шиа Эрон ҳамда Теҳрон дастакловчи “Ҳизбуллоҳ” жангарилари ёнини олиш Россияни шиа ва сунний мусулмонлар ўртасидаги тарихий жанжал қаърига тортиб кетиши, бу эса Россия учун жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

АҚШ ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, Brookings Institution илмий марказининг директори Строуб Тэлботт ноябрь ойида Reuters агентлиги билан қилган суҳбати давомида: “Путин яхши стратег эмас. У ўзига қарши бўлиб оладиган сунний мусулмонларни безовта қилмоқда”, деди.

“Унда аллақачон ички исломий экстремизм муаммоси бор эди, энди эса унда ташқи муаммо ҳам бор, чунки Синайдаги самолётнинг портлатилиши ортида ИШИД турибди”, деди.

Ҳарбий стратегиячи Эдвард Люттвак эса Озодликнинг рус хизматига берган интервьюсида: “Режалаштирилган қирғинлар олдини олиш учун Путинда етарлича ресурс бор”, деди.

2014 йил америкалик ишбилармонлар билан ўтказилган учрашув давомида Обама Путинни кескин танқид қилди, лекин Вашингтон Москвага Украина можаросини дипломатик йўл билан ечиш учун ёрдам қўлини чўзишда давом этишини айтди.

Орадан бир йил ўтиб, Уолландер Озодлик билан суҳбатда бу йўл ҳалиям очиқлигини, Вашингтон Минск шартномаси 2016 йил бошида амалга оширилишига умид қилишини айтди. Минск келишуви Россиядан Украинадаги ҳарбийларини олиб чиқишни ҳамда чегара назоратини Киевга ўтказиб беришни талаб қилади. Келишув амалга ошиши учун охирги кун сифатида 31 декабрь танланган эди.

Обаманинг Россия бўйича фикри аввалги йилга солиштирганда яхши томонга ўзгарган-ўзгармагани ҳақидаги саволга Уолландер АҚШ президенти “ҳалиям ўша фикрда, чунки Россия ўз мажбуриятларини бажариш ҳамда Украина муаммоларини ҳал қилишга ижобий таъсир кўрсатиш бўйича ҳеч қандай силжиш қилгани йўқ”, деди.

“Минск битимини бутунлай амалга ошириш Россия яхши қўшни бўла оладиган, Европа Иттифоқининг яхши ҳамкори бўла оладиган йўлга қайтганини кўрсатган бўлар эди. Аммо биз ҳали буни кузатмадик. Айтиб ўтганимдек, бундай бўлишини истисно қилганимиз йўқ, лекин ҳали уни амалда кузатмадик”, деди Уолландер.

XS
SM
MD
LG