Линклар

logo-print

Балиқчида пенсия жамғармасидаги камомаддан сўз очган ходим судга тортилди


Балиқчи тумани пенсия жамғармаси

Балиқчи тумани пенсия жамғармаси

Андижон вилояти Балиқчи тумани пенсия жамғармаси ходими жамғармадаги камомад юзасидан республика ва вилоят идорий органларига шикоят қилгани учун босимга учраётганини иддао қилади.

Жамғарма хўжалик мудири Осиё Қўчқорованинг Озодликка маълум қилишича, Балиқчи тумани пенсия жамғармаси раҳбарияти 160 миллион сўм камомадни “яширишга уринмоқда”.

40 ариза учун 165 минг сўм жазо

Прокуратура жавоби

Прокуратура жавоби

34-яшар ёлғиз она Осиё Қўчқорова беш йиллик фаолияти давомида туман ва вилоят жамғармаларидаги раҳбарларнинг, ўз таъбирида, “қонунга зид ишлари бўйича” президент девони, бош вазир, бош прокурор ва Миллий Хавфсизлик Хизматига қирқта ариза ёзгани, жавобан уч марта “ноҳақ” ишдан четлатилиб, яна тикланганини айтади.

Осиё Қўчқорова сўзларига кўра, унинг меҳнат фаолияти устидан сўнгги текширув 2 июлда бошланган.

- Андижон вилояти Пенсия жамғармаси бошқармасининг бошлиғи Набижон Исмоилов олдига ариза билан бордим. Яъни, Балиқчи тумани пенсия жамғармаси раҳбари билан бош ҳисобчининг қонунга зид ишлари бўйича ариза билан бордим. Сабаби, улар менга ишончнома китобига ҳали бинога етиб келмаган янги мебеллар учун имзо қўйишимни талаб қилишди. Мен уларнинг ҳаракатидан норози бўлиб, бошқарма раҳбарига мурожаат қилдим. Борсам, мени хонадан ҳақорат қилиб, “сенга ўхшаган ёзувчиларнинг кўпини кўрганман,” деб чиқариб юборди, - дея ҳикоя қилади Осиё Қўчқорова.

Осиё Қўчқорова ўз шикоят аризасида, шунингдек, туман пенсия жамғармасида 160 миллион сўм камомад чиққанига эътибор қаратиб, айбдорларни жазолашни сўраганини илова қилади.

- Бюджет ҳисобидан пенсионерларга ортиқча тўлаб юборилган. Имтиёзли пенсия бор. Бу пенсия камида 20 йил меҳнат стажига эга бўлган ва ёши 54 га кирилган аёлларга берилади. Агар меҳнат стажи етмаса, 55 ёшдан чиқиши керак. Аммо, пенсия жамғармасида ёши тўлмаган аёлларга пенсия тўлангани туфайли 160 миллион сўм камомад юзага келган, - дейди Осиё Қўчқорова.

Унинг ишонишича, пенсия жамғармаси нозирлари ёши тўлмаган аёлларни нафақага чиқариш билан “пул ишлашмоқда”.

Аммо, Қўчқорованинг иддао қилишича, вилоят пенсия жамғармаси раҳбари аризани текшириш ўрнига аризачининг ўзи устидан текширув ишларини бошлаган.

- Буйруқ чиқипти бешта ходим иштирокида Қўчқорова Осиёнинг аризаси ичидаги важлар текширилсин, деган. Беш кишилик гуруҳни Балиқчи туманига жўнатишди. Менинг аризам ичидаги важлар – бошлиғим ва бухгалтеримнинг қонунга зид ишлари – қолиб, улар менинг устимдан текширув ўтказди. Сизда, деди булар, бўйнингизда катта камомад бор. Беш миллион камомад бор. Ўз хоҳишингиз билан аризангизни ёзиб чиқиб кетсангиз, биз буни бости-бости қиламиз, ҳеч қайси орган идорасига топширмаймиз, деди, - дейди Осиё Қўчқорова.

Аммо, Қўчқорова текширув гуруҳи таклифига кўнмагани ва суриштирув ишлари тўрт ой сўнгра судга оширилганини айтади.

Ноябрь ойида бўлиб ўтган маҳкама унга қиймати 165 минг сўмга тенг яроқсиз ҳолга келган ва хўжалик ҳисобидан чиқариб ташланган товарлар пулини тўлаш ҳақида ажрим чиқарган.

Бироқ, Осиё Қўчқорова айни суд қарорига нисбатан шикоят аризаси киритганини айтади.

"Хуллас, натижа йўқ"

Навбатдаги расмий жавоб

Навбатдаги расмий жавоб

​Осиё Қўчқорова пенсия жамғармаси раҳбариятини камомадни яширишга уринаётганликда айблайди.

- Хуллас, натижа йўқ. Нафақат вилоят, республикада ҳам фуқаронинг ҳуқуқим ҳимоя қилинмади. Аризам юзасидан ижроси муддатида таъминланмади, - дея хулоса қилади Осиё Қўчқорова.

Балиқчи туман пенсия жамғармаси ходими жамғарма бошлиғининг меҳнат таътилига чиққани важи билан Озодликка Қўчқорова иддаоси юзасидан изоҳ бера олмасликларини билдирди.

Андижон вилояти пенсия жамғармаси бошқармасига эса Озодлик улана олмади.

Аммо, Осиё Қўчқоровага у йўллаган шикоят юзасидан Андижон вилояти Миллий Хавфсизлик Хизматининг берган расмий жавобида Балиқчи тумани пенсия жамғармасида 160 миллион сўм камомад аниқлангани қайд этилган.

Мазкур ҳужжат нусхаси Озодликда мавжуд.

Андижон вилояти Балиқчи тумани пенсия жамғармасида камомадга оид жанжал илк бор кузатилаётгани йўқ.

2008 йил Балиқчи тумани пенсия жамғармасида 180 миллион сўм камомад чиқиб, жамғарманинг 15 нафар ходими ишдан бўшатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG