Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Ўзбекистонда 2 марта қамалган муҳожир Москвада хизбчиликда айбланмоқда


Москва вилоятининг Подольск шаҳрида "Ҳизб-ут-Таҳрир" ташкилотига аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фармон Файзиев иши бўйича айблов хулосаси эълон қилинди. Москва вилоят прокуратураси 43 ёшли самарқандлик муҳожирни “москваликларни Россияда тақиқланган террорчилик ташкилотига даъват қилишда” айблади. Унинг бегуноҳ эканини гапираётган ҳуқуқ фаоллари сўнгги пайтларда Россияда мусулмонлар жамоасига бўлаётган босим ошиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Москва вилоят прокуратураси "Ҳизб-ут-Таҳрир" ташкилотига аъзоликда айбланаётган самарқандлик Фармон Файзиев иши бўйича айблов хулосасини якунлагани ва уни судга тақдим этганини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда Москва вилоят прокурори катта ёрдамчиси Марина Каурова Ўзбекистон фуқароси Россияда тақиқланган ташкилотга аъзоликда ва унга даъват қилишда айбланиб қўлга олинганини маълум қилди.

- Бу иш Москва округ ҳарбий судга юборилди. Ўша ерда суд тергови олиб борилади. Фармонов Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205.5- моддаси 2- қисми, яъни Россия Федерацияси қонунчилигига биноан террорчи деб тан олинган ташкилотга аъзоликда айбланмоқда, деди тергов тафсилотларини гапириб берган Марина Каурова.

Прокуратура расмийси жиноят иши материалларига таяниб айтишича, Сармарқандлик 43 ёшли Фармон Файзиев 2015 йилнинг февралидан майигача “Москва вилоятилик аёл билан суҳбатлар олиб борган, бу суҳбатлар давомида террорчи саналган ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини тушунтирган, бошқа дин ва конфессия вакилларига нисбатан салбий муносабат билдирган”.

Шунингдек, терговчилар Файзиев электрон почтаси орқали бу аёлга Россия Адлия вазирлиги томонидан тақиқланганлар рўйхатига киритилган экстремистик руҳдаги адабиётни жўнатганликда гумонланмоқда. Прокуратура бу шахснинг диний мотивлар асосида олдин ҳам судланганини маълум қилди.

Москва округ судида ўзбекистонлик Фармон Файзиев иши 11 декабрь куни кўриб чиқишга қабул қилингани ва яқин орада маҳкама вақти тайинланишини билдиришди.

Муҳаммадсолиҳ Абутов
Муҳаммадсолиҳ Абутов

​Муҳожиротда яшаëтган таниқли ўзбекистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Абутов Озодлик радиосига самарқандлик Фармон Файзиевни яхши танигани, у билан ҳатто Ўзбекистон қамоқхоналаридан бирида учрашганини айтиб берди:

- Мен Фармон Файзиев билан биринчи маротаба Товоқсойда учрашганман. У пайтда у аллақандай криминал модда билан тушган эди. Ўша ерда бу бола озми-кўпми намозни ўрганди. Бу 1996-97 йиллардаги гап. Бир-икки йилдан кейин у чиқиб кетди, мен турмада қолдим. Мен 2000 йили “раскрутка” бўлиб, янги муддат қўшиб беришганидан кейин Навоийга кетдим, у ерда яна 3,5 йил ўтирдим. Хуллас, йиллар ўтиб, Швецияга келдим ва Интернет орқали у бола мени топди. Скайпда гаплашиб турардик, деди жаноб Абутов.

Кейинги бўлган интернет-суҳбатлардан имом 2000-йиллар бошидаги оммавий қама-қамалар даврида Фармон янги диний айбловлар билан мол-мулки мусодара қилиниб, 12 йилга қамалиб кетганини билганини айтди.

- 1999 йилги воқеалардан кейин буни ҳам 159- модда билан қамашибди, намоз ўқигани учун. Ўшанда у Қаршининг “Косон” деган энг қаттиқ режимли турмалардан бирига тушган. Жуда кўп қийинчиликларни бошидан кечирганини гапириб берди. У ҳам “ҳизбутлар” билан ўтирган экан. Тўғриси, у ерда “ҳизбутлар” тўла эди – ҳаммамиз улар билан ўтирганмиз. Кейин озодликка чиқиб, хотинини олиб, у Россияга меҳнат муҳожири бўлиб келган, ишлаб юрган экан. Тўғриси, бу боланинг Ҳизб-ут-Таҳрирга мутлақо алоқаси йўқ! Диний саводи йўқ, намозини унча-мунча ўқийдиган бола эди. Самарқанднинг тожикларидан ўзи. Россия ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам мансаб керакдир, ишлаётганини кўрсатиш учун ноҳақ тергов қиляпти, у ноҳақлик қурбони бўляпти, дейди имом Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Суҳбатдошнинг фикрича, Фармон Файзиев ҳам Россия ҳукуматининг мусулмонларга қарши олиб бораётган сиёсати қурбонига айланган.

Муҳаммадсолиҳ Абутов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:56 0:00
Бевосита линк

Озодликка маълум бўлишича, асли Самарқанднинг Сиёбида 1972 йилда туғилган Фармон Файзиев биринчи маротаба 1994 йилда Тошкентнинг Акмал Икромов туман суди қарори билан 7 йилга қамалган ва 1998 йилда амнистия асосида озодликка чиққан.

2001 йилнинг 6 апрелида у яна ҳибсга олиниб, Жиззах вилоят судининг 2001 йил 11 июндаги қарори билан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 моддаси 3- қисми “б” банди, 244-1- моддаси 3 қисми “а” банди ва 244-2- моддаси 1- қисми асосида 12 йилга қамалган, мол-мулки мусодара қилинган.

Ҳозирда Москва вилоят тергов изоляторида қолаётган Фармон Файзиев ҳимоясини “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз зиммасига олгани маълум бўлди. Ташкилот раиси Баҳром Ҳамроев у айни айбловлар остида Россия турмаларида “ҳизбчилик”да айбланиб бир қанча марказий осиёлик, жумладан ўзбекистонлик муҳожирлар сақланаётганини гапирди:

- Таъкидлашим керакки, “Ҳизб-ут-Таҳрир”да айбланиб 10 йилга қамоққа ташланган асли ўзбек Россия фуқароси Иномов Азизбек масаласида мен ҳозир Кировга турмага келган эдим. Ҳозир кўришдик, 4,5 соат гаплашдик. Жуда ахлоқли инсон, ундан на давлат, на жамият бирор ёмонлик кўрмайдиган инсон. Шундай одамларни Россия, худди Ўзбекистонга ўхшаб, ўрнак олиб, “Ҳизб-ут-Таҳрир”да айблаб, ёшларни жувонмарг қиляпти. Айниқса, Татаристон, Бошқирдистонда Ҳизб-ут-Таҳрирга алоқаси борми-йўқми – жиноий ишларни сохталаштиряпти. Бу йигитни ҳам биз ҳимоямизга оламиз, албатта. Террорчиликда айбланаётган одамларни айблашдан олдин экспертларни чақириш керак. Бу – ҳукуматнинг мусулмонларга қарши инқирозий сиёсатидир, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Озодлик "Ҳизб-ут-Таҳрир"га алоқадорликда гумонланиб Россияда ҳибс этилган ўзбекистонликлар тўғрисида олдин ҳам хабар берган.

(2015 йилнинг октябрида Москвада олиб борилган махсус амалиёт)

2015 йилнинг 11 октябрида Москвада “махсус амалиёт” давомида террор ҳужумини уюштиришда гумон қилиниб, “Исломий давлат”нинг Суриядаги лагерида махсус тайёргарликдан ўтгани айтилган 150 яқин ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ушланган эди. Улардан 10 таси Россия ва Ўзбекистонда тақиқланган “Ҳизб-ут Таҳрир” партиясининг марказий осиёлик аъзоси борлиги аниқлангани хабар берилганди.

Шу йилнинг 17 декабрида Санкт-Петербургда “Ҳизб-ут Таҳрир” партиясига аъзоликда гумонланиб яна бир ўзбекистонлик – 29 ёшли Илҳомжон Маъмуров қўлга олинди. Фарғона вилоят терговчилари томонидан халқаро қидирувга берилган бу йигит шу йилнинг ноябрида Петербургда ушланган яна бир ўзбекистонлик “ҳизбчи” билан бирга экстрадиция тафтиши остида қолаётгани маълум.

“Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий” партияси Россияда ва постсовет ўлкаларининг бир нечтасида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам суд қарори билан экстремистик ташкилот, деб тан олинган.

XS
SM
MD
LG