Линклар

Умрбод қамалган Азимжон Асқаров оиласи босим ва кузатув остида яшамоқда


Азимжон Асқаров

Азимжон Асқаров

Ўш воқеалари бўйича умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг турмуш ўртоғи Хадича Асқарова унга нисбатан босим ва таҳдид бўлаётганини айтмоқда. Хадича Асқарова иддаосича, маҳаллий расмийлар уни халқаро ташкилот вакиллари, ҳуқуқ фаоллари билан учрашишига тўсқинлик қилмоқда ва номаълум шахслар унинг ортидан мунтазам кузатиб юрибди.

Хадича Асқарованинг айтишича, у ортидан бўлаётган кузатув ва босимни сўнги бор 2015 йилнинг 9-декабрида пайқаган. Ўша куни у 10 декабрда Азимжон Асқаров ҳақида суратга олинган фильм намойишида иштирок этиш Бишкекка бормоқчи бўлган.

Хадича опага кўра, у сафар тайёргарлигини кўраётган пайтда Бозорқўрғон қишлоқ кенгаши раҳбари ўринбосари Юнус Тешебаев келиб, ундан қаерга кетаётганини, кимлар билан учрашмоқчи эканлигини обдон суриштирган.

У кетгач Хадича опа уйининг олдида оқ рангли автомашинада бегона йигитлар уни кузатиб турганини пайқаган.

Ўша куни соат 16.30 да боғча мудираси Турсуной Мамажонова ҳам келиб, унинг қаерга кетаётганини суриштиради. Улар суҳбатлашиб турган пайт Бишкекка кетувчи машина келади ва улар хайрлашишади.

Хадича опа у кетаётган машина ортидан ҳам кузатув бўлганини айтади:

“Мен сезмагандим. Ҳайдовчи “анави машина сизлар томонда турганди ортимиздан келяпти”, дейишди. Бозорқўрғонда касалхона бор ўша ерда тўхтаб бир ерга кирдик, у хам тўхтади. Келавердик, охири Қўчқоротада бир маҳаллага кирдимда, бошқа мошинага алмашиб кейин келдим. Улар мени кинофестивалга етиб келишимни истамаяпти шекилли деб, бошқа мошинага ўтириб етиб келдим”, -дейди Хадича Асқарова.

Унга кўра, бундай кузатув ва босимлар аввал ҳам бир неча маротаба бўлган.

Хадича опа 23 дан 26 декабргача Бишкекдаги 47-колонияда сақланаётган Азимжон Асқаров билан учрашиб чиққанини айтар экан, эрининг саломатлиги анча ёмонлашганини таъкидлайди:

“Хозир соғлиги ёмон. Боши оғрияпти. Бели, қовурғалари оғрияпти. Буйраклари шамоллаган шекилли, ҳожатхонага борганида ҳам қийналаяпти”, - дейди Хадича опа.

Бундан бир йил аввал, 2015 йилнинг октябрида суд ижрочилари Замир, Алтинбек исмли шахслар ва бошқа нотаниш одамлар келиб, ҳуқуқ фаолининг уйи мусодара қилинишини, улар Мусодара баённомасини тузишга келганини айтишган эди. Лекин Хадича Асқарова ҳеч қандай қоғозга қўл қўймаслигини айтганидан сўнг, суд ходимлари кетган.

Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини таъкидлайдилар. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб беш йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилинишини талаб қилиб келади.

2015 йилнинг июлида АҚШ давлат департаменти Азимжон Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан тақдирлаган. Бунга расмий Бишкек кескин муносабат билдириб, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Асқаровни “жиноятчи” деб атаган, Қирғизистон ҳукумати эса АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги гуманитар ёрдам етказиш бўйича келишувни бекор қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG