Линклар

logo-print

Шиа уламосининг қатл этилгани Эронда ғазаб билан қаршиланди


Саудия Арабистонида таниқли шиа уламоси Нимр Бакр ан-Нимрнинг қатл этилишидан ғазабга минган оломон Эрон пойтахти Теҳронда Саудия Арабистони элчихонаси ҳудудига бостириб кирган. Гувоҳларга кўра, норозилар дипломатик муассасанинг бир нечта хонасини ёқиб юборган. Шанба куни Саудия Арабистонида террорчилик фаолиятига алоқадор кўрилган таниқли шиа уламоси Нимр Бакр ан-Нимр ва яна 46 одам қатл этилган эди.

Шайх Нимр ан-Нимрнинг қатл этилгани Эронда кескин ғазаб билан қарши олинди.

Якшанба кунига ўтар кечаси Теҳронда юзлаб одам шиа уламосининг қатл этилганига норозилик билдириб, Саудия Арабистони элчихонасига бостириб кирди.

Норозилар элчихонаси биносига тошлар ва молотов коктейлларини ирғитди.

Оқибатда элчихонанинг бир қанча хонасига ўт кетди.

Айни пайтда полиция норозиларни бинодан ҳайдаб чиқарган ва дипломатик муассаса атрофида вазиятни ўз назоратига олган.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Саудия Арабистони Нимр Бакр ан-Нимрни қатл этгани учун “худонинг қаҳрига учрайди”, дея баёнот берди.

Оятуллоҳ фикрича, Нимр Бакр ан-Нимр ўз сиёсий қарашлари, жумладан Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилгани учун қатл этилган.

–У қўлига қурол олмаган ва бошқаларни ҳам бунга даъват этмаган, - дея таъкидлади Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий.

Саудия Арабистонидаги маҳкама эса шиа уламосини террорчилик фаолиятига алоқадор деб топган ва уни 2014 йилда ўлим жазосига ҳукм этган эди.

Шайх Нимр 2011 йилда Саудия Арабистонида уюштирилган йирик аксилҳукумат намойишларининг ашаддий тарафдорларидан бири бўлган.

Имом ана шу намойишлар ортидан 2012 йилда ҳибсга олинган эди.

Тарафдорлари Нимр Бакр ан-Нимр тинч намойишлар тарафдори бўлганини айтишади.

Саудия Арабистонида шиа мусулмонлари йиллардан бери суннийлар раҳбарлиги остидаги ҳукумат уларни яккалаб қўйганидан шикоят қилиб келади.

Расмий Эр Риёд эса шиа мусулмонлари ҳуқуқлари пой-мол этилаётганига оид иддаоларни рад этиб, Эрон ҳукуматини шиалар орасида норозиликлар уйғотиб, террорчиликни рағбатлантираётганликда айблаб келади.

Айни пайтида Саудия Арабистонида 47 одамнинг қатл этилиши халқаро майдонда ҳам қораланди.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, ўтган йили Саудия Арабистони 150 кишини қатл этган ва бунақаси сўнгги йигирма йил ичида кузатилмаган.

XS
SM
MD
LG