Линклар

Интерактив давлат хизматлари портали орқали доимий прописка учун ҳужжат топшириш имкони пайдо бўлгани ҳақидаги Озодлик хабаридан ярим кун ўтар-ўтмас бу хизмат бекор бўлди. Порталнинг республика фуқароларига 3 кун ичида Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий пропискани ваъда қилган саҳифаси эндиликда "рўйхатдан чиқиш ва кириш учун зарур ҳужжатлар нусхасини олиш" хизматини таклиф қилмоқда.

Онлайн-прописка бекор бўлди

Озодлик Ўзбекистонда "Ягона интерактив давлат хизматлари портали" орқали республика бўйлаб, шу жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий пропискага ҳужжат топшириш имкони пайдо бўлгани ҳақида 4 январь куни хабар қилган эди.

Порталда Ўзбекистон фуқароси бўлган жисмоний шахслар тегишли ҳужжатларни онлайн топширган ҳолда 1 кунда, Тошкент шаҳри ва вилоятига эса 3 кун ичида доимий пропискага қўйилиши мумкинлиги айтилганди.

Озодлик мухбири "Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинган тақдирда Тошкент шаҳри ва вилоятига 3 кун ичида доимий рўйхатга туриш мумкинми?" деган савол билан пойтахт, Тошкент вилояти ва Республика ИИВнинг Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси (ОВИР)га мурожаат қилди.

Натижада, бошқарма ходимларининг давлат хизматлари портали орқали пойтахтга 3 кунлик онлайн-прописка ҳақидаги хабарлардан таажжубда экани маълум бўлди:

"Тошкентга доимий прописка очиқ, лекин бу 2011 йилда қонунда белгиланган 12 тоифа фуқаролар учун. My.gov.uz порталида шу қонун келтирилган. Интернетдаги хабарларда ҳамма учун мумкин, дегандай ёзиб ташлашибди. Бизам ҳайрон бўлиб турибмиз ҳозир. Аслида қонунда белгиланган 12та тоифага мансублар ҳужжатни тўлиқ топширса, 3 кун ичида шаҳарга доимий прописка қилинади Тошкентга", деган эди фуқаро сифатида боғланган мухбирга жавобан Республика ОВИРининг ўзини таништирмаган ходими.

Аммо, 4 январ кунининг охирига келиб My.gov.uz порталининг фуқароларга 3 кунлик доимий прописка ваъда қилинган онлайн хизмати ўзгартириб қўйилди.

Ҳозир бу саҳифага кирган фуқаролар доимий прописка учун зарур ҳужжатлар нусхаларини кўриши ва юклаб олиши мумкин, холос.

Портал хизмат турини ўзгартиргани сабабларини изоҳламаётир. Шунингдек, порталдаги ярим кунлик доимий прописка ваъдаси ҳақида хабар қилган маҳаллий нашрларда ҳам бу борада бирор маълумот берилмади.

Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий ёки вақтинчалик прописка "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифалари тўғрисида" 2011 йилда қабул қилинган қонун ва "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштириш ҳақида" 1999 йилда қабул қилинган президент фармони асосида амалга оширилади.

2011 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ 12 тоифадаги шахслар 1999 йилдан буён вилоятликлар учун ёпиқ қолаётган Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий рўйхатга олинувчилар рўйхатига тиркалган.

Тошкентга доимий прописка очиқ, вақтинчаси тўхтатилган

2015 йилнинг сўнгида пойтахт ва Тошкент вилоятига доимий ва вақтинча рўйхатга олиш вақтинчалик тўхтатилгани хабар қилинган эди.

4 январь куни боғланган мухбир Тошкент вилояти ва Республика ОВИРидан Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий прописка тўхтатилмагани ҳақидаги жавобни олди:

"Доимий прописка очиқ, ўша 2011 йилда қабул қилинган қонундаги 12 тоифа фуқаролар учун. Бу қонун чиққунча ҳам очиқ эди, эсингизда бўлса, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус комиссияси рухсат берган фуқароларга. Ҳозирам очиқ. Лекин вақтинчаси тўхтатилган. Аввал паспорт столлари вақтинчалик пропискага қўярди. Кейин участка нозирларига ўтказиб берилди. Ҳозир улардан ҳам олинди бу ваколат, кимга берилиши ҳали номаълум турибди", деди Тошкент шаҳар ОВИРининг ўзини таништирмаган ходими.

У Тошкент шаҳрига вақтинчалик (бир неча кундан 6 ойгача бўлган муддатга) рўйхатга қўйишнинг тўхтатилгани сабабларини очиқламади.

12 тоифа ичидаги зиддиятлар

Республика, пойтахт ва Тошкент вилояти ОВИРи ходимлари муттасил рўкач қилаётган 12 тоифага кирувчи фуқаролар эса Тошкент шаҳри ва вилоятида:

- ўз номига расмийлаштирилган уй-жойга эга бўлганлар;

- доимий рўйхатда бўлган биринчи ва иккинчи даражали қариндоши: эри-хотини, ота-онаси, бобо-бувиси, фарзанди, набираси бўлганлар;

- доимий рўйхатда бўлган туғишган ака-ука, опа-сингиллари бўлган ота-онасиз, меҳнатга лаёқатсиз вояга етмаганлар ҳамда ўз оиласи бўлмаган вояга етган ака-ука ва опа-сингиллар;

- васийлик ва ҳомийликдаги шахслар;

- давлат вакиллик органларига сайланганлар;

- пойтахт ва Тошкент вилоятида 54 номдаги давлат бошқарув органи, ташкилоти, корхонасига иш кирган шахслар ва уларнинг оила-аъзолари.

Аммо, қонунда рўйхатга биринчи бўлиб тиркалган тоифа - пойтахтда "ўз номига расмийлаштирилган уй-жойга эга бўлганлар" тоифаси зиддиятлидир. Яъни, пойтахтда уй-жойга эга бўлиш учун фуқаронинг доимий пропискаси бўлиши лозим. Доимий пропискаси бўлиши учун эса уй-жойи бўлиши лозим.

Бу зиддиятни республика ва Тошкент вилояти ОВИРи ходимлари ҳам эътироф этди:

"Агар 2011 йилги қонун қабул қилинишидан олдин ўз номига олинган уй-жойи бўлса, ўша уйга прописка қилиниши мумкин. Ундан у ёғига пропискаси йўқлар Тошкентдан уй ололмайди, бу бор гап. Тартиб шунақа", деди ОВИР ходими ортиқча изоҳлардан тийилиб.

Ота боласининг, бола отасининг уйига доимий прописка қилинади

Бундан ташқари, амалиётда бу рўйхатда турган фуқаролар ҳам, одатан, Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий рўйхатга олинмаслиги кузатилади.

Бунга изоҳ берган республика ОВИРи ходими қонунда белгиланган 12 тоифадан (пойтахтда ўз номига расмийлаштирилган уй-жойга эга бўлганлар тоифаси бундан мустасно) 11 тасига мансублар доимий рўйхатга туриш учун қилган мурожаатига рад жавобини олган бўлса, бошқармага мурожаат қилсин, деб жавоб берди:

"Агар Тошкентда 2011 йилги қонундан олдин доимий рўйхатда яшаётган бўлса бирор фуқаро, вилоятдан келадиган ота-онаси, оиласиз ака-укаси, набираси, бобо-бувиси, эри ёки хотини доимий прописка қилинади. 3 кун ичида. Отказ чиққанлар ҳар пайшанба соат 10дан 12 яримгача келсин, республика ОВИРига. Прописка масаласида приёмга келдик, дейишсин. Ҳужжатларини кўриб чиқиб, қўлдан келганча қонуний ҳал қилиб берамиз", деди республика ОВИРининг ўзини таништирмаган ходими фуқаро сифатида боғланган мухбирга жавобан.

Айни пайтда бу расмий биринчи, иккинчи даражали қариндоши ёки эри-хотинининг уйига доимий рўйхатга қўйилганларнинг орқасидан келадиган яқинлари доимий рўйхатга олинмаслигини қайд этди.

Аммо, бундай тоифадагилар Тошкент шаҳри ва вилоятида уч йил доимий рўйхатда тургандан сўнг бу ҳудуддан ўз номига уй-жой сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлишини эслатиб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG