Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:55

"Хуизмистерпутин" - Путин ҳақидаги ҳужжатли фильм баҳс бўлмоқда


Киевда 29 декабрь куни тақдим этилган "Хуизмистерпутин" номли ҳужжатли фильм ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлмоқда. 60дан ортиқ ҳужжатли фильми билан танилган режиссёр Валерий Балаян бу сафар Россия Президенти Владимир Путин ва у билан бирга махсус хизматларнинг кириминал гуруҳлар билан яқин алоқада бўлган бир тўда амалдорининг ҳокимиятга келишини ҳикоя қилган.

Фильмда ҳикоя қилинишича, 90-йилларнинг бошларида Санкт Петербург шаҳри мэриясининг амалдорларидан бири бўлган Владимир Путин ўша кезларда собиқ иттифоқ ҳудудида ҳукм сурган инқироз, хусусан, Петербургда юзага келган очликка барҳам бериш учун ечим таклиф қилади.

У давлатнинг стратегик аҳамиятга эга заҳиралари, жумладан, нефтни озиқ-овқат маҳсулотларига алмаштириш схемасини ишлаб чиқади. Схема эвазига Санкт Петербург Европадан озиқ-овқат олиши керак эди. Аммо, олмади.

Бунинг сабабларига қизиққан Марина Салье раҳбарлигидаги комиссия Россия тарихининг Владимир Путин номига боғланган мавҳум саҳифаларини тўлиқ ўрганган. Ҳужжатли фильм Салье билан Озодлик радиоси рус хизмати ўтказган интервьюдан бошланади.

Бу сюжет документалист Валерий Балаян суриштирган Путин билан боғлиқ кўплаб сюжетлардан биридир.

Фильм давомида Балаян мэриянинг Владимир Путинни яқиндан таниган собиқ ходимлари, Петербургдаги коррупцияни тергов қилган терговчи, 90-йиллар бошида махсус хизматлар ва криминал гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни суриштирган эксперт ва журналистлар билан суҳбатлашган.

Натижада, амалдорлару криминал гуруҳларни бирлаштирган схема асосида давлатнинг миллионлаб пули бирин-кетин ўмарилгани акс этган воқеалар занжири пайдо бўлган.

Фильм номини "Хуизмистерпутин" деб номлагани сабаблари ҳақида Валерий Балаян шундай дейди:

- Менинг асосий мақсадим илмий-оммабоп фильм олиш эди, одамларга энг оддий нарсаларни оддийгина қилиб тушунтириб бериш эди. Яъни, Путин ўз карьерасини фақат Ленинград ва Петербург даражасидаги ўғриликдан бошлагани ва ҳозир ҳам у ўзгармаганини тушунтириш эди. Одам ўзгармайди, вақт ўтиши билан унинг асл қиёфаси кўринади. Путин шу қадар ўзини кўрсатдики, унинг соясида гэбэшник (махсус хизматлар ходимлари) билан ўғрилар оламининг вакиллари бутун Россияни эгаллаб олди.

Балаяннинг айтишича, 4 кишилик гуруҳ фиьмни мутлақо махфий тарзда суратга олган. Интернет орқали мавзу ва суратга олиш деталларини умуман гаплашмаган.

Шунга қарамай, криминал гуруҳлар ва амалдорлар бирлашмаси тузган "Озеро" кооперативи ҳудудида инцидент содир бўлган:

- У ерда суратга олаётганимизда қўриқчилар бизни видеога олишди, машина ва унинг рақамини видеога олишди, қаёққадир телефон қилишди, ҳисобот беришди. Бунақа ҳолат фақат бир марта бўлди. Аслида биз тўрт киши бўлсак, бу мавзуни Интернетда ҳам гаплашмадик. Ахборот сизишига йўл қўймадик, зотан суратга олиш ишлари 8 ой давом этди.

Ушбу фильмни имкони борича кўпроқ кўриш ва бошқаларга улашишни тавсия қилган режиссёр уни Озодлик радиоси аудиториясига ҳам тавсия қилди.

Валерий Балаян – 60дан ортиқ ҳужжатли фильм муаллифи, булар сирасида "Лев Копелев", "Виктор Некрасов", "Владимир Войнович", "Любите меня, пожалуйста", "Гибель империи", "Камни, закрывающие вход" номли фильмлари танилган. У Россия ва халқаро миқёсдаги кинофетиваллар мукофотлари совриндоридир.

XS
SM
MD
LG