Линклар

Газпром Ўзбекистондан кўпроқ газ сотиб олмоқчи


“Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер.

“Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер.

2016 йилда Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистондан табиий газ сотиб олишни кўпайтиради. Бу ҳақда Россия нашрлари “Газпром” раҳбари Алексей Миллер сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Биз ўзбекистонлик дўстларимиз билан эришилган музокаралар натижасини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон газ соҳасида бизнинг ишончли ҳамкоримиз ва биз бундан буён ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантиришда давом этамиз. Шу жиҳатдан ҳам бу йил ўзбек газини сотиб олиш ҳажми ошиши мутлақо табиийдир”, дея иқтибос келтиради Алексей Миллер сўзларидан “Российская газета” нашри.

Аввалроқ “Туркмангаз” масъуллари “Газпром экспорт” ширкати 2016 йил 1 январидан Туркманистон газини сотиб олишни тўлалигича тўхтатиши ҳақида билдиргандилар.

“Бу қарор негизида халқаро газ бозорида ўзгарган конъюнктура ҳамда “Газпром экспорт”да вужудга келган муайян иқтисодий ва молиявий масалалар ётибди”, дея маълум қилинади “Туркмангаз” матбуот хизмати тарқатган хабарномада.

Россия шу кунгача Марказий Осиёдаги Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан газ хом ашёсини сотиб олиб келган.

Газ қазиб олиш бўйича МДҲ давлатлари орасида учинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда ҳар йили 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

XS
SM
MD
LG