Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:18

Туркман газидан мосуво бўлган Россия ўзбек газига кўз тикмоқда


Устюртда газ геологоразведкаси учун қўлланилаётган Газпром техникаси.
Устюртда газ геологоразведкаси учун қўлланилаётган Газпром техникаси.

2016 йилда Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистондан табиий газ сотиб олишни кўпайтиради. Бу ҳақда Россия нашрлари “Газпром” раҳбари Алексей Миллер сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

“Биз ўзбекистонлик дўстларимиз билан эришилган музокаралар натижасини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон газ соҳасида бизнинг ишончли ҳамкоримиз ва биз бундан буён ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантиришда давом этамиз. Шу жиҳатдан ҳам бу йил ўзбек газини сотиб олиш ҳажми ошиши мутлақо табиийдир”, дея иқтибос келтиради Алексей Миллер сўзларидан “Российская газета” нашри.

Газпром вакилларига кўра, Россияга экспорт қилинажак ўзбек гази ҳажмини ошириш бўйича рус ва ўзбек газчилари ўтган йил декабрида келишувга эришганлар.

Аввалроқ “Туркмангаз” масъуллари “Газпром экспорт” ширкати 2016 йил 1 январидан Туркманистон газини сотиб олишни тўлалигича тўхтатиши ҳақида билдиргандилар.

“Бу қарор негизида халқаро газ бозорида ўзгарган конъюнктура ҳамда “Газпром экспорт”да вужудга келган муайян иқтисодий ва молиявий масалалар ётибди”, дея маълум қилинади “Туркмангаз” матбуот хизмати тарқатган хабарномада.

Газпром ва Туркмангаз ширкатлари Россияга сотилажак табиий газ баҳоси юзасидан анчадан бери келишолмай келган.

2015 йил ўрталарида расмий Ашхобод Газпромни етказиб берилган газ учун Туркмангаз олдидаги қарзни йил бошидан бери тўламай келаётганликда айблаб чиққан.

Июнь ойида Газпром газ баҳосини қайта кўриб чиқиш бўйича даъво аризаси билан Стокҳолм арбитражига мурожаат қилган.

Аввалроқ Газпром масъулларидан бири ТАСС агентлигига 2016 йилда Ўзбекистондан олинадиган газ миқдори Туркманистондан олинаётган 3,1 миллиард куб метрдан ҳам ошишини айтган.

Маълумотларга кўра, 2014 йилда Газпром ширкати Ўзбекистондан 7,38 миллиард куб метр газ сотиб олган.

2012 йил охирида Газпром Ўзбекистон билан 2015 йилгача табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Мазкур шартномага кўра, Ўзбекистон Россияга 2012 йилда 8,7 миллиард куб метр, 2013 йилда эса 7,5 миллиард куб метр газ етказиб берган.

Туркман газидан мосуво бўлган Россия ўзбек газига кўз тикмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00
Бевосита линк

Сотиб олинаётган газ қиймати Европа мамлакатларидаги газ учун ўртача нархга асосланган формула асосида белгиланиши айтилган.

Газпром ширкати 2006 йилдан бери Ўзбекистоннинг Устюрт минтақасидаги янги конларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келади. Маълумотларга кўра, 2006-2013 йиллар орасида Россия ширкати бу ерда ўтказилган геологоразведка ишлари учун 383 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган.

Газ қазиб олиш бўйича МДҲ давлатлари орасида учинчи ўринда турадиган Ўзбекистонда ҳар йили 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Ғарб санкциялари ва нефть нархининг тушиши туфайли иқтисодий бўҳронни бошдан кечираётган Россия Туркманистонга тўлай олмаган пулни Ўзбекистонга тўлай оладими? Бу савол жавоби ҳозирча очиқ қолмоқда.

XS
SM
MD
LG