Линклар

logo-print

Саудия Эрон билан можароси Сурияда тинчлик музокараларига зарар етказмайди, демоқда


Саудия Арабистони Эрон билан алоқаларининг кескинлашуви Сурияда тинчликка эришиш уринишларига зарар етказиши мумкин деган хавотирларда асос йўқ, демоқда.

Суриядаги мухолиф гуруҳлар араб давлатларини Саудия Арабистонидан ибрат олиб, Эрон билан алоқаларини тўхатишга чақирмоқда.

Айни пайтда Саудияга иттифоқчи уч давлат - Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Судан Теҳрон билан алоқаларини қисқартиришни бошлади. 5 январь куни Қувайт ҳукумати Эрондаги элчиларини чақириб олганини билдирди. Судан эса Эрон элчиларига мамлакатни тарк этиши учун 2 ҳафта муҳлат берди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари Саудия-Эрон можароси Сурия конфликти остига чўккан мазҳаблараро низони юзага чиқариши ва вазиятни янада оғирлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирди. Шунингдек, бу ҳол Яқин Шарқда тинчлик музокаралари натижасини йўққа чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирилди.

Шиа уламолари бошқараётган Эрон режими Сурия президенти Башар Ассад кучларини, Саудия Арабистони эса Ассадга мухолиф исёнчи гуруҳларни қувватламоқда.

Бунга қадар Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Арабистонда террорчи, деб ҳисобланган шиа мазҳаби арбоби Нимр ал-Нимр шанба куни қатл этилганидан сўнг тарангликнинг кучайиши учун Теҳрон масъул, деб баёнот берди.

Нимр Бакр ан-Нимрнинг қатл этилишидан норози бўлган намойишчилар якшанба кунига ўтар кечаси Теҳронда Саудия Арабистони элчихонасига бостириб кирди ва ўт қўйди.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий шиа уламоси ўз сиёсий қарашлари, жумладан Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилгани учун қатл этилган, деб баёнот берди.

XS
SM
MD
LG