Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:21

Ўзбекистонда баъзи ҳудудларда қурилиш қилиш жиноятга тенглаштирилди


Президент Каримов 29 декабрда имзолаган ва 30 декабрь куни кучга кирган янги қонун билан мамлакат Жиноят кодексига яна бир модда қўшилди.

Янги - 2293- моддада назарда тутилган жиноятни содир этганлар уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2015 йил 27 ноябрда қабул қилган, Сенат 2015 йил 4 декабрда маъқуллаган ва президент 29 декабрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 396- қонун билан Жиноят кодексига қўшилган 2293- моддада белгиланган тақиқларни (чекловларни) бузган ҳолда биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун жавобгарлик белгилаб қўйилган бўлиб, унда айнан мана бундай дейилган:

"Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади".

Шу кунда Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 130 240 сўмга тенг. Демак, 2293- моддада назарда тутилган жиноятни содир этган шахсга 3 907 200 сўмдан 6 012 000 сўмгача жарима солишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилишлари мумкин.

Эътибор беринг: 2293- моддада гап “белгиланган зоналар” ҳақида кетаяптики, жиноят ҳодисаси агар қурилиш ёки таъмир ишлари ана ўша “белгиланган зоналар”да амалга оширилса пайдо бўлади.

“Белгиланган зоналар” нима эканлигини мутахассисдан – Наманган вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси мулозимидан сўрадик.

Исми айтилмаслигини сўраган мулозимнинг айтишича, “ўрмон хўжаликлари тасарруфидаги ерлар, маданий мерос объектлари ҳудуди, шиша толали кабель, электр линиялари ўтган участкалар ва шуларга ўхшаган ҳудудлар белгиланган зоналар ҳисобланади”, деди мулозим.

Унинг айтишича, бундай ҳудудлар шу пайтгача ҳам давлатнинг қўруви остида бўлган, Жиноят кодексига киритилган модда эса, жавобгарликни кучайтириш учун қабул қилинган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда баъзи ҳудудларда қурилиш қилиш жиноятга тенглаштирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00
Бевосита линк

Масалани чуқурроқ билишни истаганлар Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексидан, хусусан унинг “Аҳоли пунктлари ва шаҳарлар атрофидаги зоналар ҳудудларидан фойдаланиш”, деб аталувчи 6- бобидан батафсил маълумот топиши мумкин.

- У ёки бу хонадон соҳиби кўчанинг ярим метр-бир метрини эгаллаб уй қуриб олса, бундан буён мана шу янги модда бўйича жавобгарликка тортиладими?

Бу саволимизга мулозим “Йўқ, бу - бошқа масала”, деб жавоб берди.

Афтидан, бу ҳолат Жиноят кодексининг 2291- моддаси билан тартибга солинади:

“Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш”, деб аталувчи мазкур моддада бундай дейилган:

“Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ билан жазоланади”.

XS
SM
MD
LG