Линклар

logo-print

Андижон шаҳри марказидаги 13- асрда қурилган минорани бузиб, унинг ўрнига фонтан қуриш режаси бекор қилинди. Ўтган ой бошида минора бузилишига қарши норозиликлар ҳақида Озодлик ёритганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган. Минора билан боғлиқ вазиятни ўрганган комиссия ёдгорликни бузмаслик ҳақида қарор чиқарган.

Озодлик таъсири: Минора ва намозгоҳ бузилмайдиган бўлди

Андижоннинг эски шаҳар қисмидаги Жоме меъморий мажмуи ҳудудида жойлашган 700 йиллик тарихга эга минора бузилиб, унинг ўрнига фонтан қуриш режаланаётганидан тарихчилар ва маҳаллий фаолларнинг ташвиш-хавотирлари борасида Озодлик 9 декабрь куни ёритган эди.

Озодлик мақоласидан сўнг мутасадди ташкилотлар ва мутахасислардан иборат ҳукумат комиссияси тузилган ва комиссия аъзолари Андижонга бориб, вазият билан танишган.

Олдинги лойиҳага кўра, минора ўрнида фонтан қурилиши режаланган эди.

Олдинги лойиҳага кўра, минора ўрнида фонтан қурилиши режаланган эди.

​Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бошқармаси бошлиқ ўринбосари Абдусафий Раҳмоновнинг билдиришича, ҳукумат комиссияси хулосасига кўра, тарихий минорани бузиш режаси бекор қилинган:

- Бўлди, ҳукумат комиссияси бузиш ишларини тўхтатди. Ҳукумат комиссияси хулоса берди. Ҳукумат комиссияси ўрганди, ўша жойдаги одамлар билан учрашди, ҳамма ёзганлар билан учрашди. Бирма-бир, ҳамма фикрларини айтди. Кейин хулосасини беришди, бунақа мумкин эмас, бузиш мумкин эмас деб,- дейди Абдусафий Раҳмонов.

Андижондан олинган хабарга кўра, Озодлик мақоласидан кейин Жоме меъморий мажмуи олдидаги янги объектларнинг макети акс этган панно ғойиб бўлган. Паннодаги макетда минора ўрнида фонтан қурилиши акс этган эди.

Маҳаллий тарихчилардан бирининг айтишича, бузилиши режаланган қадимий минора 700 йиллик тарихга эга бўлиб, унинг пойдевори 13- асрнинг иккинчи ярмига тегишли ва 19- асрнинг 2- ярмида минора қайта тикланган.

Бош вазирнинг Андижондаги Регистони

Минора жойлашган худуддаги 2,5 гектар майдонни эгаллаган Жоме меъморий мажмуи ўрнида Бош вазир Шавкат Мирзиёев талаби билан “Андижон Регистони”ни қуриш ҳаракатлари кетаяпти. Дастлабки режага кўра, мажмуадаги 700 йиллик тарихга эга намозгоҳ ҳам бузилиши керак эди. Бироқ ҳукумат комиссияси намозгоҳ бузилишини ҳам тўхтатиш ҳақида хулоса берган.

Андижон вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Республика Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси раис ўринбосари Шуҳратхўжа Ҳошимов Андижонда 9 баллик зилзила хавфи борлиги ва минора бундай катта зилзилага чидамсизлигини айтиб, уни бузиш борасида киритган таклиф киритган ва ушбу таклиф асосида буйруқ чиққан эди. Ҳукумат комиссияси хулосасидан сўнг бу буйруқ бекор қилинган.

Архитектура ва қурилиш давлат қўмитасидан олинган маълумотга кўра, Шуҳратхўжа Ҳошимов раис ўринбосари лавозимидан бўшатилган ва 5 январь куни унинг ўрнига бошқа одам тайинланган.

Ҳошимовнинг ишдан кетишига минора билан боғлиқ воқеа сабаб бўлганми ёки йўқ, буниси Озодликка маълум эмас.

Маҳаллий тарихчилар ва бир гуруҳ фаоллар минора ва намозгоҳнинг бузилишига қарши чиқиб, Бош вазир Шавкат Мирзиёев номига норозилик мактуби йўллаганди. Ўзбекистон Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси ҳам ушбу ёдгорликлар бузилишига қарши чиққан эди.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳи мутахасислари ҳам Андижондаги ушбу тарихий ёдгорликлар билан боғлиқ вазиятни ўрганаётган эди.

Мажмуида жорий йилнинг мартида реконструкция ишлари бошланади, ҳозирда таъмирга тайёргарлик кетаяпти. Янги лойиҳага кўра, мажмуада минора ва намозгоҳни сақлаб қолган ҳолда, янги ўзгаришлар киритилади.

Ҳозирча Озодликда янги лойиҳанинг режаси ва макетлари мавжуд эмас.

Масалага билвосита дахлдор яна бир жиҳат

Бузилиши тўхтатилган Жоме меъморий мажмуи таркибига кирувчи 700 йиллик тарихга эга намозгоҳда 90-йилларнинг биринчи ярмида машҳур Абдували қори Мирзаев имомлик қилган эди. Имом бундан 20 йил муқаддам - 1995 йилнинг ёзида Россияга учиб кетаётган пайтда Тошкент аэропортининг самолётга олиб борувчи йўлагидан сирли ғойиб бўлганидан буён ҳануз дараксиз қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG