Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Чодирхаëл: Фахридин Умаров умрининг сарҳисоби - “Умр ўтмоқда” тарихи


Таниш қўшиқлар саҳифасининг бугунги сонига Ўзбекистон халқ шоири марҳум Тўра Сулаймон томонидан ёзилган ва оламдан ўтган таниқли ҳофиз Фахриддин Умаров ижро қилган "Умр ўтмоқдадир" қўшиғини танладик. "Умр ўтмоқдадир" қўшиғи Фахриддин Умаров босиб ўтган умр сарҳисобидек янграйди.

Қўшиқ ҳақида Фахриддин Умаровнинг ўзи 2005 йилда мана буларни айтган эди:

-Умримда қийинчилик кўп кўрдим. Украинада сургунда бўлдим. Аммо қиблагоҳларим - ота-онамдан санъатга меҳр қўйишни ўргандим. Отам соз чаларди, 8 ëшимда оламдан ўтган онам кашта тикиб қўшиқ айтарди. Тўра Сулаймон ëзган “Умр ўтмоқда” қўшиғини куйлаганимда ўшалар ëди менга ҳамроҳ.

Бугун қўшиқ муаллифи ҳам қўшиқ ижрочиси ҳам бу оламда йўқ.

Аммо, бу қўшиқ мухлислар қулоғида жаранглайди:

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Эрта билан боғлиқ – не дамларимиз,

Билиб-билмай босган қадамларимиз,

Хайрли иш, алам, қарамларимиз

Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Бу қўшиқ ижро қилинган даврда Фахридин Умаров шуҳрат чўққисида эди. Айнан ўша пайтда Умаров газеталарда танқид қилинди¸ ОАВ тақиқига учради.

Кекса ҳофиз бу кўргиликларга донишмандларча муносабатда бўлди.

-Энди биздан ҳам ўтган жойи бўлди. 10 киши тўйга чақирса, 9 кишига йўқ деганмиз. Кичик айбимиз катта кўринган. Кимгадир шуҳратимиз ëқмай, тузоқ қўйишга ҳам уринган. Аммо, мен ўзимга отилган тошлар устига чиқиб улардан баландроқ бўла олдим¸ - деган эди Фаҳриддин Умаров 2005 йилдаги суҳбатида.

Фахриддин ака тирик пайтида Озодлик мухбири билан суҳбатлашар экан, бу қўшиқларнинг катта меҳнат маҳсули эканини айтган эди.

Ҳофиз умрининг сўнгги йилларда диний мавзуларда қўшиқлар куйлаган эди.

Ўзига хос лирик қўшиқчилик мактабига асос солган ҳофиз 2007 йил 83 ëшида оламдан ўтди.

Халқ орасида беқиёс шуҳрат қозонган ҳофиз ўтган асрнинг 60 йилларида ўзининг лирик қўшиқлари билан танилганди.

Унинг "Онам дерман", "Эй муҳаббат", "Умр ўтмоқда" каби қўшиқлари ҳозир ҳам кўплаб шинавандаларига эга.

Ўзбекистонда кўплаб таниқли қўшиқчилар Фахриддин Умаровни ўзига устоз, деб биладилар.

Фахриддин Умаров ортидан етишган санъаткорлар авлоди вакили Ўзбекистонда хизмат кўжрсатган артист Абдулазиз Карим “Умр ўтмоқда” қўшиғи таратган шуҳратни эслайди:

- Бу қўшиқни кўп жойларда – концертларда¸ тўй ҳашамларда¸ турли тадбирларда сўрашган. Бу қўшиқнинг ўзининг мухлислари бор эди. Шу қўшиқни айтинг¸ шу қўшиқни эшитгани келганман¸ деганларни кўп кўрганман. Қайси давр одамлари эшитса ҳам ҳамма давр одамларига мос ижро¸ куй бўлган асар.

УМР ЎТМОҚДА...

Эсиз, болаликни қолдириб ортда,

Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда,

Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Оппоқ тонгни улаб тийраи шомга,

Бирда шак келтириб сирли оламга,

Гоҳо таъзим қилиб бадкор, бадномга,

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қай кезлар ушалмай орзу-армонлар,

Бирда ғолиб келиб тулкисимонлар,

Бирда бой берилиб бебаҳо онлар,

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Денгиздай мавж уриб, қирғоқдан тошиб,

Юрар йўлимиздан бирда адашиб,

Ким биландир зимдан мансаб талашиб

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Яратиб не сирлар, не мўъжизалар,

Қутлуғ кун кетидан кун ўтказилар.

Беҳуда ўтган дам – кўнгил эзилар...

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Ҳар тонгда тўрғайдан олдин уйғониб,

Чаманлар яратиш ишқида ёниб,

Бирда-чи: эътиқод, имондин тониб

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Эрта билан боғлиқ – не дамларимиз,

Билиб-билмай босган қадамларимиз,

Хайрли иш, алам, қарамларимиз

Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.

Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,

Болалик қайтадан қайтарилмоқда...

Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Ўлмас созни ўйлаб, дегинг келмайди,

Ўчмас издан сўйлаб, дегинг келмайди,

Мангуликка бўйлаб, дегинг келмайди

Умр ўтмоқдадир дарё мисоли...

Фахриддин Умаров: Умр ўтмоқда...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:59 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG