Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:13

Хорижда эски ўзбек паспортларининг куни битди


Россияда ва бошқа давлатларда эски нобиометрик паспорт билан юрган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатдан чиқиб кета олмаётганликларини айтишмоқда. Озодликка мурожаат қилган хорижда яшовчи бир қатор ўзбекистонликларни айтишича, мамлакатга қайтишлари учун ўзлари яшаётган мамлакат чегара ходимлари улардан янги биометрик паспорт ёки Ўзбекистон элчихонасидан олинган “Ватанга қайтиш учун сертификат” дея аталувчи ҳужжатни талаб этмоқда.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик муҳожирлардан бири ватандан йироқда юриб, эски паспортини янги биометрик паспортга ўзгартиришга улгурмагани сабаб Ўзбекистонга кетолмаётганини айтади:

- Ўзбекистонга кетиш учун самолётга билет олган эдик, эски паспорт билан кетолмайсизлар, деяпти аэропортдагилар. Паспортни муддати узайтирилгандику, - дейди исми сир қолишини истаган ўзбек муҳожири.

Санкт Петербургнинг Пулково аэропорти паспорт назоратчилари ҳам, Москванинг Шереметьево аэропорти ходимлари ҳам нобиометрик паспорт билан юрган Ўзбекистон фуқаролари чегарадан ўтказилмаслигини тасдиқлашди.

– Эски паспорт билан ўтказилмайди. Чегарадан ўтиш учун элчихонага бориб янги паспорт ёки “ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиш керак, - деди Шереметьево аэропорти паспорт назорати ходимаси Озодлик билан суҳбатда.

Эски ўзбек паспортларининг амалда яроқсиз ҳужжатга айлангани хорижда юрган кўпчилик ўзбекистонликлар учун кутилмаган ҳол бўлди.

Аввалроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари эски фуқаролик паспортини биометрик паспортга алмаштириш 2018 йилнинг 1 июлига қадар давом этишини билдиришганди.

Лекин, амалда эски ўзбек паспортлари хорижда аллақачон ўз кучини йўқотиб бўлган.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги консулхонаси ходими Озодлик билан суҳбатда эски паспортлар чет давлатларда яроқсиз ҳужжатга айланганини тасдиқлади:

- Бу паспортларни куни битди. Ўзбекистонга эски паспорт билан кетиш учун консулхонага учта фото ва 60 доллар билан келиб ариза тўлдирасиз. Ватанга қайтиш сертификати бир ойда тайёр бўлади. Шу ҳужжат билан Ўзбекистонга учиб кетасиз, - деди консулхона мулозими.

Айни пайтда янги биометрик паспорти йўқлиги сабаб чегарадан қайтарилган хориждаги юзлаб ўзбек фуқаролари “Ватанга қайтиш учун сертификат”ни олиш учун Ўзбекистон элчихона ва консулхоналарига ёприлган.

Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси олдида ватанига қайтиш учун ҳужжат олишга навбатда турган хоразмлик Ҳамдам гапиради:

- Эски паспортлар 2018 йилни ўрталаригача узайтирилди, деб айтишганди. Ҳозир билсак бу паспорт Россияда юрганлар учун яроқсиз бўлиб қолибди. Буни билганимизда олдинроқ кетишга тараддуд кўрар эдик. Ҳозир энди янги паспорт олиш учун Ўзбекистонга кетолмаяпмиз. Эскиси билан чиқаришмаяпти. Янги паспортни элчихона бермайди, Ўзбекистонга бориб олиш керак. Шунинг учун “сертификат возврашение на родину” олишга келдик. Бир ой дейишяпти, лекин одамлар кўплиги сабаб чўзилса керак, - дейди Ҳамдам.

Айни пайтда Россияда эски паспорт билан юрган ўзбекистонликлар учун "кирди-чиқди" муҳрини урдириш ҳам катта муаммо бўлаётганини айтишади.

Россияга ишлагани келган ўзбек меҳнат муҳожирлари мамлакатда кўпроқ муддат қолиш учун паспортига чегарани кесиб ўтганини тасдиқловчи муҳрни ҳар йилда янгилаб туришлари керак.

Бунинг учун улар ҳар йили Россия чегарасидан чиқиб, қайта киришади ва буни паспортларига қайд қилдириб келишади.

- Эски паспорт билан буни қилиб бўлмаяпти. Чунки чегарадан ўтказмайди. Кирди-чиқди учун Погари (Россия ва Украина орасидаги Погари чегара-транзит зонаси -таҳр.)га борганлар эски паспорти бўлса ўтказмаяпти. Шунинг учун ҳозир ҳамма Ўзбекистонга бориб паспортини алмаштириб келиш ҳаракатига тушган. Элчихонани олди одамга тўлиб кетган, - дейди Россияда яшовчи қашқадарёлик Эшқувват.

Москвадаги меҳнат мухожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Ёрдам" ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевга кўра, эски паспортларнинг амал қилиш муддати ҳақида аҳолига аниқ маълумот берилмагани хориждаги минглаб ўзбекистонликларни мушкулотлар қаршисида қолдирган:

- Кўпчилик бу ерда 2018 йилга узайтирилди, деб хотиржам юрганди. Энди ундай эмас бўлиб чиқяпти. Ҳозир энди улар катта пул тўлаб справка олишлари керак. Қанчасини учоқ билети куйиб кетди. Гўёки буни ҳукумат атайлаб қилгандай. Қарангда минглаб одам элчихона олдида турибди, справка олиш учун жонини беришга тайёр. Таниш-билишчилик бўлиб кетяпти, пора аралашяпти, - дейди Баҳром Ҳамроев.

Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, эски фуқаролик паспортининг биометрик паспортга алмаштириш муддати 2,5 йилга узайтирилгани эски паспортларнинг чет давлатларда амалда бўлишини англатмайди:

- Тўғри, Ўзбекистон паспортларини биометрик паспортларга алмаштириш муддати 2018 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Лекин, эски паспортлар чет давлатларда кучини йўқотди. Фақат биометрик паспорт билан чегара кесиб ўтилади. Эски паспортини алмаштиришга улгурмаганлар келгуси икки ярим йил ичида жаримага тортилмайди. Бемалол келиб алмаштиришлари мумкин, - деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг расмийси.

2013 йилнинг март ойидан биометрик паспорт ҳаммага берила бошланди.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳам ҳозир маҳалладан тортиб ишхонагача одамлардан янги паспорт талаб қилинмоқда:

- Эски паспорт билан Ўзбекистонда юравериш мумкин. Лекин, у билан четга чиқолмасангиз ёки ишга жойлашолмасангиз, демак уни куни Ўзбекистон ичида ҳам битган кўринади, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

XS
SM
MD
LG