Линклар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаевнинг боулинг ўйнаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди.

2 январь куни YouTube тармоғига қўйилган ушбу видео 2001 йилнинг январь ойида Қозоғистоннинг Чимбулоқ базасидаги боулинг майдончасида тасвирга олингани айтилаяпти.

Учала президентнинг ҳам боулинг ўйнаш учун махсус оёқ кийими киймасдан туфлида боулинг майдончасига тушгани кўпчилик томонидан танқид қилинди.

Видеодаги тасвирларда Назарбоевнинг икки ҳамкасбига нисбатан боулинг соққасини яхшироқ думалатаётганини кўриш мумкин.

Каримовнинг эса кайфияти яхши эмаслиги видеода кўриниб турибди. Бироқ кўпчилик унинг Ақаевга нисбатан яхшироқ ўйинчи эканини ҳам таъкидлаяпти.

Лекин бу ўйинда қайси президент ғолиб бўлгани маълум эмас. Кўпчилик бу борада очкони Назарбоевга беришга ҳаракат қилаяпти.

Айниқса Қозоғистондаги Интернет сайтларида Назарбоев шаънига илиқ фикрлар айтилди. Ўзбекистон сайтлари эса одатдагидай яна сукунат сақлашни маъқул кўраяпти.

Айни пайтда Каримов билан Назарбоев ўртасидаги рақобат боулинг ўйинидан ташқарида ҳам давом этаяпти.

Марказий Осиёдаги етакчи бўлган бу икки давлат президентлари ўртасида сиёсий рақобат анча йиллардан буён кузатилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG