Линклар

Шимолий Корея водород бомбасини муваффақиятли синаганини иддао қилмоқда


Ядровий синов Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Уннинг туғилган куни арафасида ўтказилди

Ядровий синов Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Уннинг туғилган куни арафасида ўтказилди

Шимолий Корея 6 январь куни водород бомбасини синовдан ўтказганини эълон қилди. Кичрайтирилган синов бомбаси портлатилгани айтилаётган ер ости базаси жойлашган ҳудудга чегарадош мамлакатларда кичик ер силкинишлари қайд этилди. Пхеньяннинг термо-ядвровий бомба синовини ўтказгани тўғрисидаги баёноти тасдиқланадиган бўлса, Шимолий Корея БМТ санкцияларига қарамасдан тўртинчи марта ядровий синов ўтказган бўлади. Шу билан биргаликда бу Пхеньяннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришдаги йирик қадам қўйганини ҳам англатади.


Пхеньян водород бомба синовини ўтказганини эълон қилишидан бироз аввал Пунггие-ри ядровий синов майдончасига яқин ҳудудда 5,1 баллик зилзила қайд этилгани синов ҳақиқатдан амалга оширилганига ишора қилади.

Шимолий Кореянинг бу ҳаракати халқаро ҳамжамият тарафидан кескин қораланди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши, Жанубий Корея ва Япония 6 январь куни фавқулодда мажлис ўтказишга чақиришди. Япония Бош вазири Шинзо Абе синовни ўз мамлакати “хавфсизлигига таҳдид ва мутлақо номақбул”, дея қоралади.

Япония ва Жанубий Корея БМТ тизимлари орқали Шимолий Кореяга нисбатан жазо чоралари қўлланишига эришишларини баён қилишди. Қўшма Штатлар маъмурияти Шимолий Кореянинг “провокацияларига тегишли” жавоб қайтарилишини билдирди.

Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги мамлакат хавфсизлиги ва Шимолий Кореяга доир мониторинг чораларини кучайтираётганини эълон қилди.

Ядровий синовларни тақиқлаш битими ташкилоти раҳбари Лассина Зербо 6 январь кунги ҳодисани “халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий хавф”, дея қоралади.

Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот вакили Нед Прайс Вашингтонда қилган чиқишида: “бу хабарларни ҳозирча тасдиқлай олмасак-да, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг ҳар қандай кўринишда бузилишини қоралаймиз”, дея баён қилди. “Шимолий Кореянинг ядровий давлатга айланишини қабул қилмаймиз”, дея қўшимча қилди у.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг синов ўтказиш ниятларидан Пекиннинг хабари бўлмагани ва Пхеньяннинг ҳаракатларига кескин қаршилик билдиришини баён қилди.

Россия Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Москва синов ўтказилганига доир хабарлардан “жуда ташвишда” экани ва Путин олимларга бу масалани ўрганиш борасида топшириқ берганини билдирди.

Франция “хақларо ҳамжамият тарафидан жиддий муносабат билдирилишига” чақирди. Германия эса Шимолий Кореянинг Берлиндаги элчисини чақиртиришини билдирди.

Британия Ташқи ишлар вазири Филип Ҳэммонд синов “БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини қўпол тарзда бузиш ва провокация” бўлганини таъкидлади.

Шимолий Корея йиллардан бери АҚШ ҳудудигача етиб бора оладиган ракетага ўрнатиш мумкин бўлган ядровий каллакларни ишлаб чиқариш устида иш олиб боради. Пхеньян Қўшма Штатлар “агрессив ёндашувидан” воз кечмаса, ядровий дастурларни тўхтатмаслигини айтиб келади.

Ядровий синов Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Уннинг туғилган куни арафасида ўтказилди.

Ким ўтган ойда Пхеньян водород бомбасини қўлга киритганини иддао қилган эди. Лекин кўпчилик бу иддаони жиддий қабул қилмаган эди.

Айрим экспертлар Шимолий Кореянинг 6 январь кунги синови борасида ҳам шубҳа билдирмоқда. Уларнинг айтишларича, ер силкинишининг кучи унчалик катта бўлмагани портлатилган бомбанинг кучи термо-ядвровий мосламадан кичиқроқ эканига ишора қилади.

Франс Пресс агентлиги ядровий қуроллар бўйича мутахассис Криспен Ровернинг “синов ўтказилган ҳудудда қайд этилган 5,1 магнитудалик ер силкиниши Пхеньяннинг иддаоларини тасдиқлаш учун етарли эмас”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Хитойнинг CCTV телеканали хитойлик ҳарбий экспертга таяниб, ҳозиргача олинган маълумотлар термо-ядровий бомба синовдан ўтказилганига доир иддаоларни “тасдиқлай олмайди” мазмунидаги хабарни тарқатди.

Шимолий Корея 2006, 2009 ва 2013 йилларда ҳам уч марта ядровий синов ўтказгани учун БМТ санкциялари билан жазоланган.

XS
SM
MD
LG