Линклар

Бугун Германиянинг Кёльн шаҳрида янги йил оқшомида аёлларнинг жинсий тажовузга учраганига норозилик билдириб юзлаб шаҳарликлар намойиш ўтказди.

Намойишчиларнинг аксари аёллар бўлиб, улар Германия ҳукумати ва шахсан Ангела Меркелдан фуқароларни ҳимоя қилиш учун зарурий чора-тадбирларни кўришни талаб қилишди.

Кёльнда кеча кечқурин ҳам тахминан 300 аёл норозилик намойиши ўтказган эди.

Янги йил арафасида Кёльннинг марказий темир йўл вокзали ҳудудида маст ва безорилар гуруҳи аёлларга ҳужум қилган ва уларни тунаган.

Полициянинг гувоҳларга таяниб берган маълумотига кўра, ҳужум қилган шахслар ташқи кўринишидан араблар ёки шимолий африкаликлар бўлган.

Ҳамбург ва Штутгарт полицияси ҳам аёллар худди шундай ҳужумларга учрагани ҳақида хабар қилди.

Ҳозирга қадар ҳуқуқ-тартибот идораларига тажовузга учраганлардан саксондан зиёд ариза тушган. Улардан биттасида зўрлаш ҳолати бўлгани айтилаяпти.

Германия Ички ишлар вазири Томас де Мезьер ҳозирча қочқинлардан гумонланишга бирор бир асос йўқлигини таъкидлади.

Германия Канцлери Ангела Меркель мамлакатнинг турли шаҳарларида ўнлаб аёл жинсий тажовузга учраганига норозилик билдирди.

XS
SM
MD
LG