Линклар

Андижонда газ портлашидан чолу кампир ҳалок бўлди


Ўзбекистонда аҳолини газ билан таъминлашдаги узилишлар турли хил фожиалар содир бўлишига сабаб бўляпти.

Ўзбекистонда аҳолини газ билан таъминлашдаги узилишлар турли хил фожиалар содир бўлишига сабаб бўляпти.

Андижон шаҳрининг Бўстон маҳалласида истиқомат қилган чол ва унинг кампири газ портлашидан нобуд бўлди. Озодлик манбаларига кўра, газ ўчиб қолганидан сўнг уй соҳиблари газ жўмрагини бураб қўйишни унутган. Кечаси газ уйни тўлдирган ва эрталаб чироқ ёнганда учқун чиқиб, портлаш содир бўлган. Кампир воқеа жойида, чол эса касалхонада жон берган.

Андижон шаҳридаги Бўстон маҳалласининг Ҳамид Олимжон кўчасида истиқомат қилган 82 яшар Нурматов (исмини аниқлаш имкони бўлмади – таҳририят) ва унинг 79 яшар кампири 5 январь куни тонгда юз берган газ портлашидан ҳалок бўлди.

Бўстон маҳалласида яшайдиган Озодлик манбасининг айтишича, чолнинг кампири ўша жойда, унинг ўзи эса касалхонада жон берган:

“Бўстон маҳалласида свет узилганидан сўнг газ тортадиган мотор ўчиб қолган. Кейин газ жўмраги очиқ қолгани сабаб саҳаргача уйда газ тўпланган. Эрталаб яна свет келганда портлаш содир бўлган. Уйнинг ичида чиққан ёнғиндан кампир хола ўлган. Қўшнилар ва унинг яқин жойда яшайдиган ўғли ёрдамга келишган. Ота-онасини ўт ичидан олиб чиққан ўғилнинг ҳам оёқлари куйган. Чолни касалхонага олиб кетишган, лекин у ҳам ўша куни кечқурун жон берган”, деди манба.

Исми сир қолишини сўраган Бўстон маҳалласи фаолларидан бири шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Маҳаллада газнинг босими жуда паст. Чолу кампир газ плитасининг жўмрагини бураб қўйишни унутишган шекилли. Кечқурун трубада қолган газлар сизиб чиқиб, уйни тўлдирган. Кейин эрталаб гугурт ёқишганми ёки светдан учқун чиққанми, ишқилиб портлаш содир бўлган. Портлашдан уйнинг ичидаги ашёлар ёнган. Газ ва светнинг узиб-узиб берилиши оқибатида шундай фалокат содир бўлди. 5 январда кампирини, кеча эса чолини тупроққа қўйдик”, деди маҳалла фаолларидан бири.

Ўзбекистонда аҳолига табиий газ етказиб беришдаги узилишлар сабаб нохуш ҳодисалар тез-тез содир бўлади.

Жумладан, ўтган йилнинг март ойида Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Чандир қишлоғида истиқомат қилган Ҳазратовлар оиласининг уч аъзоси – ота ва унинг икки қизи газ портлашидан нобуд бўлган эди.

2014 йилнинг февралида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани “Гўзалкент” поселкасидаги Қултон қишлоғида газ баллонида ишловчи қўлбола иситиш мосламаси портлаб кетиши оқибатида бир оиладан беш киши ҳалок бўлган эди.

2014 йилнинг февралида Фарғона вилоят Қўштепа тумани Ғиштмон фуқаролар йиғинида яшовчи Қодировлар уйида 2 февралга ўтар кечаси содир бўлган газ портлаши оқибатида бу хонадондагиларнинг ҳаммаси турли даража куйиш билан вилоят касалхонасига ëтқизилган ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG